14:30 15.08.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Мустақиллик йилларида хотин-қизларнинг ижтимоий мавқеини ва ролини ошириш: ЎзЛиДеПнинг дастурий вазифалар
“Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан” шиори остидаги партиявий тадбирлар доирасида ташкил этилган анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимиз тарихида оламшумул аҳамиятга эга бўлган, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий жиҳатдан бутунлай янги бир даврни бошлаб берган мустақиллигимизнинг йигирма йиллик байрами мамлакатимиз учун буюк бир маррадир. Асрларга тенг бўлган ўтган қисқа вақт ичида диёримизда барча жабҳаларда қиёси йўқ ўзгаришлар амалга оширилди. Озод юртимиз том маънода ободлик сари юз тутди. Энг муҳими, ватандошларимизнинг дунёқараши, онг ва тафаккури ўзгарди. Истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатимизда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қобилиятини рўёбга чиқаришга катта эътибор қаратилди. Шу боис ҳам бугунги кунда аёлларнинг жамиятимизда тутган мавқеи тобора мустаҳкамланиб, ижтимоий фаоллиги ошиб бормоқда. Бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати- Ўзбекистон либерал-демократик партияси “Аёллар қаноти” томонидан ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, иқтисодий ва ҳуқуқий билимларини юксалтириш, давлат ва жамият қурилишидаги иштирокини янада кучайтириш борасида қатор саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизда демократик ислохотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик ва энг аввало, электорат вакиллари ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш, унда илгари сурилган қонунчилик ташаббусларини ҳаётга тадбиқ этишда партиянинг Олий Мажлис Конунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси бўлган хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Қайд этилдики, партиядан сайланган парламент қуйи палатасидаги 11 нафар, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги 351 нафар аёл депутатлар ва 5 нафар Сенат аъзоларининг куч ва салоҳиятидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Партия аъзоси бўлган аёллар сони ҳозирда 63 минг нафарни ташкил этиши, бошланғич партия ташкилотларининг қарийб икки мингтасига хотин-қизлар раҳбарлик қилаётгани ҳам партия тизимида аёлларнинг ўрни ва мавқеи тобора юксалиб бораётганлигини англатиб турибди. Тадбирда ЎзЛиДеП “Аёллар қаноти” хотин-қизларнинг тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бизнеснинг бошқа йўналишлари бўйича кўникма ва малакаларини ошириб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратаётганлиги таъкидланди. Ҳозирги кунда партия аъзоси бўлган 20 мингдан ортиқ аёллар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Партия аъзоси бўлган тадбиркор ва фермер аёллар томонидан жорий йилнинг 1 ярим йиллигида 5748 та янги иш ўринлари яратилгани замонавий ўзбек аёлининг салоҳияти нақадар юксак эканлигини кўрсатиб турибди. “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” муносабати билан ЎзЛиДеП “Аёллар қаноти” Савдо-саноат палатаси ва Марказий банк билан ҳамкорликда “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” лойиҳасини амалга оширди. Уч босқичдан иборат бўлган мазкур тадбирларда минглаб хотин-қизлар иштирок этиб, бизнесни ташкил этиш ва йўлга қўйиш, ишбилармонлик фаолияти юзасидан назарий билим ва амалий куникмаларга эга бўлишди. Муҳими, ушбу лойиҳа доирасида Республика Марказий банки кўмагида тижорат банклари томонидан 25 нафар хотин-қизга имтиёзли кредитлар олиш учун сертификатлар топширилди.
Тадбирда бўлиб ўтган мулоқотлар ва ўзаро савол-жавоблар асносида ҳали партиянинг “Аёллар қаноти” олдида хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оилавий бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш борасида катта вазифалар турганлиги айтилиб, ушбу мақсадда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик фаолиятини кучайтириш лозимлигига эътибор қаратилди.Байрам тадбири сўнгида партия фаоли бўлган бир гуруҳ аёллар ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. ЎзЛиДеП Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме