14:01 08.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Муддат қисқартирилмоқда

Муҳаммаджон ТУРСУНОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O`zLiDeP фракцияси аъзоси:
— «Тугатишга доир иш юритишнинг айрим тартиб-қоидаларини ўтказиш муддатларини тезлаштиришга йўналтирилган «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси амалдаги муддатларни тезлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, «Банкротлик тўғрисида»ги қонуннинг кредиторларнинг биринчи йиғилишини суд мажлисигача камида ўн кун муддатда ўтказиш лозимлигини назарда тутувчи 10 ва 71-моддаларига ўзгартишлар киритилмоқда. Амалдаги қонунда кредиторлар йиғилиши баённомаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни беш кун ичида хўжалик судига топшириш ҳамда суднинг йиғилиш материаллари билан танишиши учун яна беш кун ажратилган бўлса, янги қонун лойиҳасида судга йиғилиш баённомасини топширишга икки кун, суднинг материаллар билан танишиши учун эса уч кунгача муддат берилаяпти. Бошқача айтганда, ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинганидан кейин кредиторларнинг йиғилиши билан суд мажлиси ўртасидаги муддат икки мартага  қисқаради ва жами беш кунни ташкил этади.

Шунингдек, банкротлик тартиб-қоидаларини ўтказиш муддатини янада мақбуллаштириш мақсадида қонуннинг 49-моддасига ҳам ўзгартиш киритилмоқда. Унга кўра, хўжалик суди мажлисида банкротлик тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш банкрот деб топиш ҳақидаги ариза қабул қилингандан бошлаб икки ойга қисқартирилиши таклиф этилмоқда. Ҳозир бу муддат уч ойдан иборат.

Ғулом ОМОНҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O`zLiDeP фракцияси аъзоси:

— Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши электоратимиз манфаатига тўла мос келади. Чунки банкрот корхоналарни тугатиш муддатининг қисқартирилиши бундай корхоналар мол-мулкини потенциал мулкдорларга имкон қадар тезроқ сотиш имконини беради.Амалдаги қонун ҳужжатларида банкрот деб эътироф этилган корхоналарнинг реализация қилинмаган мол-мулкини қабул қилиш бўйича суд бошқарувчилари таклифига кредиторлар томонидан жавоб бериш муддати чекланмаган эди. Шунинг учун ҳам кредиторларнинг банкрот корхоналарни тугатишдаги жавобгарлиги ва масъулиятини ошириш мақсадида лойиҳада уларнинг тегишли қарор қабул қилишлари учун ўн кунлик муддат белгиланмоқда. Шунингдек, «Банкротлик тўғрисида»ги қонуннинг 143-моддасига биноан, кредиторлар реализация қилинмаган мол-мулкни қабул қилишни рад этган тақдирда бу мол-мулкни маҳаллий давлат ҳокимияти бир ой муддатда ўз балансига олиши зарур. Эндиликда бу муддатни ҳам 15 кунга қисқартириш таклиф этилаяпти.


Бир сўз билан айтганда, қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар нафақат сотишга қўйилган объектларнинг ойлаб эгасиз қолишига, балки тадбиркор ва ишбилармонлар вақтини тежашга ҳам хизмат қилади.

 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме