20:16 02.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Муҳим қонун кучга кирди
Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган “Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш Концепцияси” асосида ишлаб чиқилган мазкур қонуннинг бош мақсади хусусий мулкни қўриқлаш, унинг дахлсизлиги кафолатларини, мулкдорлар ҳуқуқларини амалда таъминлаш жараёнида вужудга келадиган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, жамиятда хусусий мулк эгаларининг манфаатларини ҳар тарафлама ҳимоя қилишдан иборатдир. Маълумки, Ўзбекистонда давлат хусусий мулк эгалари ҳуқуқларининг ҳимоячиси бўлгани учун ҳам тадбиркорлар ўз бизнесига бехавотир инвестиция киритмоқдалар. Ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириш, ўз мулкига ўзи эгалик қилиш, фойдаланиши ва тасарруф этиш учун ҳам барча хуқуқий асослар яратилган. “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши эса бозор иқтисодиётининг негизи ҳисобланган хусусий мулкка нисбатан давлат томонидан берилаётган кафолатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.Хўш, тадбиркор ва ишбилармонлар томонидан юқори баҳоланаётган янги қонуннинг алоҳида хусусиятлари нималардан иборат? Бу саволга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Муҳаммаджон Турсунов шундай жавоб беради:— Хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш, мулкдорлар манфаатини ҳимоя қилиш, мулк дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлашнинг кафолатлари билан боғлиқ муносабатларни тартибга соладиган янги қонуннинг ўзига хос хусусиятлари унда белгиланаётган қоидаларнинг ҳозиргача мавжуд бўлган муаммоларни бартараф этишга қаратилганидадир. Жумладан, қонунда хусусийлаштириш жараёнларининг ортга қайтмаслиги, хусусийлаштириш орқали қўлга киритилган мол-мулк эгасининг ушбу мулкка бўлган ҳуқуқидан маҳрум этилмаслиги юзасидан ягона ёндашув ўз ифодасини топган. Унда белгиланган қоидага мувофиқ, хусусий мулкдан маҳрум қилиш ва уни олиб қўйишга муайян ҳолларда, яъни фақат давлат ва жамият манфаатлари тақозо қилгандагина йўл қўйилади. Мазкур жараён ҳам мулкдорга адолатли тўлов тўланган тақдирдагина амалга оширилади.Янги қонунга кўра, мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиб, хусусий мулк ҳуқуқининг муддатсизлиги аниқ белгилаб қўйилди. Мулкдорга фойдасиз шартларни юклаш, жумладан, улардан мол-мулкини, молиявий маблағларини топширишни талаб қилиш, мулкдор фаолиятига аралашиш, унинг мол-мулкини қўлга киритишга ёки хусусий мулкига бўлган ҳуқуқларидан воз кечишига мажбур қилиш қатъий таъқиқланди. Шу ўринда янги қонунда хусусий мулкка нисбатан ноқонуний ҳаракатлари учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги бўйича талаблар кескин кучайтирилганини таъкидлаш лозим. Хусусан, давлат органлари томонидан мулкдорга зарар етказадиган меъёрий ҳужжатлар қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги кўрсатилиб, мулкдорлар фаолиятига ноқонуний аралашган давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мансабдор шахслари учун жавобгарлик ўрнатилди. Мулкдорга етказилган зарар суднинг қарори билан бевосита давлат ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ундирилади.“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун айнан мана шундай жиҳатларни тартибга солиши билан ҳам долзарб аҳамиятга эгадир. Энг муҳими, қонунда илгари турли талқинларга сабаб бўлган ҳолатларга барҳам берилиб, хусусий мулкни тасарруф этиш билан боғлиқ масалалар аниқ ҳуқуқий ечим топди. Унинг нормаларини ҳаётга татбиқ этиш иқтисодиётда хусусий мулкнинг самарали амал қилиши учун қулай шароитлар яратиши баробарида тадбиркорлик ташаббусларини ҳам рағбатлантиради.— Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, партиямиз фаоллари аввал бошдан “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунни имкон қадар тезроқ қабул қилиш тарафдори бўлиб келди, — дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Сурайё Одилхўжаева. — Боиси айнан мана шу қонуннинг кучга кириши Сайловолди дастуримизда белгилаб қўйилган кўпгина муаммоларга ҳуқуқий ечим топади ва электоратга берилган ваъдаларимизни тўлиқ бажариш имконини яратади. Шу маънода, янги қонунни хусусий мулкни ҳимоялаш ва мулкдорлар ҳуқуқларини кафолатлаш соҳасидаги асосий тамойиллар ва қоидаларни ўзида мужассам этган базавий қонун, десак муболаға бўлмайди. — Мазкур қонунга эҳтиёж ниҳоятда юқори эканини мулк ҳуқуқига тааллуқли низоларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳам кўрсатиб турибди, — дейди парламент қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Полянте Свешников. — Кейинги уч йил мобайнида республика фуқаролик ҳамда хўжалик судлари томонидан мулкдорлар ва хусусий тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ 63816 та даъво аризаси кўриб чиқилган бўлса, уларнинг 74 фоизи қаноатлантирилган. Бундан ташқари, ана шу давр оралиғида республика хўжалик судлари томонидан давлат органларининг тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситадиган ҳужжатларини ҳақиқий эмас, деб топиш юзасидан 2342 та иш кўрилган бўлиб, уларнинг ҳам 45 фоизи қаноатлантирилган.2012 йилнинг 25 сентябридан кучга кирган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунни тайёрлаш жараёнида жаҳон тажрибаси чуқур ўрганилганини депутатлар алоҳида таъкидламоқдалар. Аниқланишича, бошқа давлатларда хусусий мулкни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатлар алоҳида қонун билан тартибга солинмаган. Кўпгина хорижий мамлакатларда (Бельгия, Греция, Ирландия, Мексика, Монако князлиги, Португалия, Руминия, Финляндия ва ҳ.к) хусусий мулк ҳуқуқи ва умуман мулкчилик тўғрисидаги нормалар бевосита Конституциядан ўрин олган. Яъни, хорижий давлатларда хусусий мулк ҳуқуқи инсоннинг табиий ҳуқуқи тариқасида кўрилади. Аксарият конституцияларда хусусий мулкни ҳимоя қилиш қоидаларини мустаҳкамлаш билан бирга уни чегаралаш қоидалари ҳам белгилаб берилган. Бундай чеклашнинг асосларидан бири хусусий мулк ҳуқуқининг ижтимоий функциясидир (“ҳеч бир шахс мулкидан ва унга бўлган ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас, агарки бунинг сабаби қонунга мувофиқ олиб қўйилган мулкни тўлаб беришни назарда тутувчи оммавий наф ва ижтимоий манфаатлар билан асосланган бўлмаса”). Демак, чет эл тажрибасига кўра, хусусий мулкдан маҳрум қилиш, уни олиб қўйишга муайян ҳолларда, яъни “жамият манфаатлари” тақозо қилгандагина йўл қўйилади. Мамлакатимизда қабул қилинган янги қонун бу жиҳатдан ҳам жаҳон андозаларига тўлиқ мос келади.Кези келганда, яна бир муҳим жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш жоиз. У ҳам бўлса, қонун қабул қилингунга қадар жамоатчилик экспертизасидан ўтказилганидир. Хусусан, O’zLiDeP фракциясининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси билан ҳамкорликда жойларда ўтказган тадбирларида 2000 дан зиёд киши қатнашиб, лойиҳани янада такомиллаштириш юзасидан 300 га яқин таклифлар билдирилди. Ва уларнинг аксарияти қабул қилинган қонунда ўз аксини топди. Хулоса қилиб айтганда, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши мулкий муносабатларни тартибга солиш орқали мулкдор ҳуқуқларининг қўриқланиши бўйича кўриладиган чораларнинг яхлит тизимини яратади. Мулк ҳуқуқини тугатишнинг асослари, шартлари ва чегаралари аниқ белгилангани, мулк ҳуқуқининг муддатсизлиги ва дахлсизлиги таъминлангани пировардида барқарор иқтисодий ўсишга эришишда муҳим аҳамият касб этади.
Озод РАЖАБОВ «XXI ASR»
Обсудить новость на Форуме