20:45 12.01.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Мажбурий даволаш тартиби жорий этилади

O’zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинган қонун лойиҳаларини мазмун-моҳиятига кўра икки тоифага ажратиш мумкин. Уларнинг биринчиси бевосита партия электорати манфаатларини янада кучлироқ ҳимоя қилишга қаратилган иқтисодий-ташкилий муносабатларга оид қонун лойиҳалари бўлса, иккинчиси жамиятда барқарорликни таъминлаш ва фуқаролар саломатлигини сақлашга йўналтирилган ҳужжатлардир. 
Жумладан, «Лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тубдан қисқартирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айнан тадбиркорлик ривожига янада кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди. Зотан, мазкур қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2012 йил 16 июлдаги «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони талаблари асосида ишлаб чиқилган.Маълумки, ушбу фармон бозор иқтисодиёти мезонларидан келиб чиққан ҳолда, бюрократик ғовларни бартараф этиш, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ҳамда соддалаштириш, ҳисоботларни тақдим этиш тартибини тубдан такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорлик фаолияти учун максимал даражада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган. Унда, шунингдек, айрим статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботлар турини бекор қилиш ва бир-бирини такрорловчи шаклларни йўқотиш эвазига улар миқдори ва даврийлигини қисқартириш белгиланган. Ана шу талабдан келиб чиқиб, мазкур нормани «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунга киритиш назарда тутилмоқда.Бундан ташқари, 2012 йилнинг 1 августидан 80 турдаги  рухсатнома бериш тартиб-таомиллари (умумий миқдорга нисбатан 26 фоиз), масалан, қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлаш, аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ дастурлари учун моддий жисмларни ишлаб чиқариш, маҳаллий ва халқаро ҳаво йўналишлари бўйича йўловчилар ҳамда юкларни ташиш, шахсий радиочақирув тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш каби лицензияланадиган фаолият турлари бекор қилинди.Бундай тартиб-таомиллар қаторида объектларни қабул қилиш ва фойдаланишга топшириш, саноат ёки рўзғор чиқиндиларини тўплаш ва кўмиб ташлаш, фуқаро авиацияси аэродроми ва экспериментал авиация аэродромини рўйхатга олиш, маданий бойликларни реализация қилишда иштирок этиш, қимматли қоғозлар савдосини ташкил этиш қоидаларини келишиш сингари рухсатномаларни ҳам кўрсатиб ўтиш мумкин.Мазкур қонун лойиҳаси билан Ҳаво кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Божхона кодексига, «Давлат санитария назорати тўғрисида», «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Суғурта фаолияти тўғрисида», «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида», «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар айни шу жиҳатларни назарда тутади.— Тадбиркорлик субъектлари томонидан илгари кўрсатилган камчиликларни бартараф этган ҳолда аризалар такроран тақдим этилган тақдирда янги асослар бўйича лицензия ва рухсатномалар беришдан бош тортиш ҳам юқоридаги фармон билан тақиқланди, — дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Нуриддин Муротов. — Айни шуларни ҳисобга олган ҳолда, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги қонунга лицензия даъвогарининг аризасини қайта кўриб чиқишда аввал кўрсатилмаган асослар бўйича уни рад этишга йўл қўйилмаслигини белгиловчи нормалар киритилмоқда.Фракция аъзолари «Фуқаролик-процессуал кодекси ва Оила кодексига оила институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилиш чоғида таклиф этилаётган янги меъёрлар болаларни фарзандликка олиш ишларини кўриб чиқишнинг суд тартибини ўрнатишини алоҳида таъкидладилар.Маълумки, Оила кодексининг 151-моддасига мувофиқ, болани фарзандликка бериш уни олишни истаган шахснинг аризаси асосида васийлик ва ҳомийлик органи тавсиясига кўра туман (шаҳар) ҳокими қарори билан амалга оширилади. Лекин бундай ишларни кўриб чиқишда ҳоким фарзандликка олувчилар билан шахсан учрашмаган ҳолда васийлик ва ҳомийлик органлари тайёрлаган материалларга асосланган ҳолда қарор чиқаради. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, кўпгина давлатларда фарзандликка олиш фақат суд тартибида амалга оширилади. Масалан, АҚШ ва Буюк Британияда фарзандликка олиш тўғрисидаги қарор судлар томонидан қабул қилинади. Германияда эса васийлик бўйича махсус судлар фаолият кўрсатади. Россия, Украина, Озарбайжон, Белоруссияда ҳам мазкур масала суд томонидан ҳал этилади.Юқоридагилардан келиб чиқиб, шунингдек, судларда ишлар ҳар томонлама чуқур кўриб чиқилиши ва бу масалаларни ҳал этиш учун юридик билимларнинг мавжудлиги муҳим аҳамият касб этишини инобатга олган ҳолда фарзандликка олиш бўйича ишларни кўриб чиқиш ваколатларини судларга бериш таклиф этилмоқда. Бундай тоифадаги ишлар ёпиқ суд мажлисида фарзандликка олувчилар, васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари, прокурор (зарур ҳолларда ота-оналар ва қариндошлар, фарзандликка олинаётган 10 ёшга тўлган бола) иштирокида кўриб чиқилади.— Таклиф этилаётган янгилик болалар ва фарзандликка олувчиларнинг ҳуқуқлари суд томонидан ҳимоя қилиниши ва бу жараённинг сир сақланишини таъминлайди, — дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Робахон Абдурасулова. – Энг муҳими, Фуқаролик-процессуал кодекси ва Оила кодексига киритилаётган юқоридаги ўзгартириш ва қўшимчалар миллий анъаналаримиз ва замон талабларини ҳисобга олган ҳолда оила институтини янада такомиллаштиришга, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоялашга хизмат қилади.«Силнинг олдини олиш ва уни даволашга доир қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини O’zLiDeP фракцияси аъзоси Султонбой Жўраев тақдим қилди. Унинг айтишича, бугун сил касаллиги бутун дунёда жиддий тиббий-ижтимоий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2009 йилда сил касаллигига чалинган 9,4 миллион киши аниқланган бўлса, шундан 1,6 миллион нафари оламдан ўтган.Айни пайтда мамлакатимизда сил бўйича эпидемиологик кўрсаткичлар Марказий Осиё ва МДҲ давлатларидагига нисбатан 1,5 марта кам бўлишига қарамай, силга қарши курашиш хизматлари билан боғлиқ қатор муаммолар мавжудлигидан кўз юммаслик керак. Уларни ўз вақтида ҳал этиш Фуқаролик-процессуал кодекси ҳамда «Аҳолини силдан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни талаб қилаяпти. Фракция аъзоларининг фикрича, бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда:Биринчидан, қонун қабул қилингандан буён ўтган 10 йил давомида сил касаллигининг эпидемиологияси ва клиник кўринишларида кескин ўзгаришлар намоён бўлди. Сил таёқчасининг унга қарши дориларга турғунлиги жиддий хавф туғдираяпти. Бундай беморларни даволаш самарадорлиги ҳам паст. Айтиш жоизки, силнинг резистент турлари ва бу касалликнинг ОИТС билан бирга кечиш эҳтимоли сезилмоқда. Иккинчидан, мазкур касаллик биринчи марта аниқланган беморлар орасида ўзбошимчалик билан даволанишни тўхтатиб қўйганлар 12 фоизга етган. Агар улар мажбурий даволаш тартибига ўтказилмаса, жамият ҳаётига катта зарар келтирадиган эпидемиологик хавфни юзага келтиришлари мумкин.Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, аксарият давлатларда сил бўйича санитар-эпидемик режимни бузган ёки атайин даволанишдан бош тортувчилар суд қарорига асосан махсус муассасаларга жойлаштириладилар.Учинчидан, амалдаги қонунда силга қарши стационарда мажбурий даволанадиган беморларнинг ҳуқуқларини тартибга солувчи нормалар ўз аксини топмаган. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса сил касаллиги бўйича эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланиши ҳамда унга қарши кураш самарадорлиги янада оширилишини таъминлайди.Фракция йиғилишида, шунингдек, «Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди ва муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Озод РАЖАБОВ,"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме