16:46 16.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Мавсумий чекиниш
Маълумки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар даврида кўппартиявийлик тизимини янада мустаҳкамлаш, фикрлар хилма-хиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Бош қомусимизнинг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши сиёсий партиялар ва уларнинг парламентдаги фракциялари зиммасига жуда катта масъулият юклаб, депутатлар ташаббускорлигини кучайтиришни талаб этмоқда. Сиёсий майдонда юзага келган янги талаблар, сиёсий партиялар учун берилган ваколатлар эса уларнинг ўз электорати манфаатини изчил ҳимоя қилиш учун имкониятлар яратиш баробарида партиялараро рақобатнинг ҳам янги босқичга кўтарилишини тақозо этаётир. Аммо кейинги пайтларда айрим сиёсий партиялар нашрида чоп этилаётган мақолалар сиёсий майдондаги рақобат муҳитида ортга қайтиш ҳолатлари рўй бераётганини кўрсатиб қўймокда.
Маълумки, ЎзХДП вакиллари Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташкил этилган кундан бошлаб ўзаро мафкуравий рақобатда «O`zLiDeP жамиятимизга либерализм ғояси тўғри келмаслигини тушунмаяпти. Ҳаммани тадбиркор қилмоқчи. Барча фуқароларни тадбиркорликка жалб этиш мумкин эмас» деган ақидани илгари суриб келаётган эдилар. Лекин кейинги пайтларда сиёсий рақибларимиз томонидан ўтказилаётган тадбирлар ва уларда муҳокама этилаётган асосий масалалар партиянинг сиёсий қарашларида ҳақиқатан ҳам ғайритабиий ўзгаришлар юз бераётганини, аниқроғи, ЎзХДПнинг ўз қарашларидан воз кечиб, жамиятимизда тадбиркорликни ривожлантиришга астойдил «бел боғлагани»ни кўрсатмоқда.
Аввало шуни алоҳида қайд этиш керакки, тадбиркорлик ЎзХДП фаоллари таъкидлаётганларидек, фирма ёки корхона очиб, унга раҳбарлик қилиш ёки бирон-бир соҳада хизмат кўрсатишдангина иборат эмас. Бизнингча, тадбиркорлик мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз турмушини йўлга қўйиш, хусусан, ўз уйида, истиқомат қилаётган маҳалла ёки қишлоғида муайян бир фаолият билан шуғулланиш орқали, биринчи галда, оиласи фаровонлигини таъминлаш, «ким менга бирор нарса берар экан» ёки «давлат мени боқиши керак» қабилидаги боқимандалик кайфиятидан воз кечиш, деганидир.
Тўғри, кўпчилигимиз ҳалигача тадбиркорлик деганда кичик бир соха ва бир неча иш ўрни яратишни тушунишга одатланиб қолганмиз. Бу масалани ниҳоятда оддий, жўн талқин қилишдан бошқа нарса эмас. Аслида тадбиркорлик мазмунан кенг тушунча бўлиб, у, энг аввало, яратувчанлик, бунёдкорлик, доимо янги ташаббусларни илгари суриш ҳамда ана шу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш истагида интилиб яшашни англатади.
Шу маънода 2011 йилнинг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» деб эълон қилиниши нафакат ушбу соҳанинг янада ривожланишига кенг йўл очишини, балки юртдошларимиз онгу тафаккурида ўзгаришлар қилиш, уларда тадбиркорлик, яратувчилик хислатларига рағбат уйғотишни, қўйингки ҳар бир фуқаронинг бунёдкорлик салоҳиятини юзага чиқаришни кўзда тутади. Мамлакатимизда фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқариш борасидаги интилишларини амалга ошириш эса ҳар бир оиланинг, охир-оқибатда юртимизнинг иқтисодий юксалиши ва барқарор тараққиёти билан чамбарчас боғлиқдир. Қувонарлиси шундаки, кейинги пайтларда ЎзХДП фаоллари ҳам тадбиркорликни нисбатан кенгроқ маънода «тушуна бошлаган» кўринадилар. Ҳар қалай ўзларини «мухолиф куч» дея аташни хуш кўрадиган партия фаолларининг «ғалати» баёнотлари шундай хулоса чиқаришга сабаб бўлмокда.
Ҳа, чиндан ҳам, мамлакат сиёсий майдонидаги янгича талаблар бундан бир йил муқаддам O`zLiDePни бозор иқтисодиёти ва хусусий секторни мутлақлаштиришда айблаган айрим сиёсий кучларни ҳам бозор қонуниятларини эътироф этиш ва тан олишга мажбур этмоқда. Бундай шароитда ЎзҲДПнинг маҳаллий кенгашлардаги депутатларини гўё катта арава ортидан эргашаётганларга қиёсласак, муболаға қилмаган бўламиз. Буни партия нашрида эълон қилинган «Масъулиятни кучайтириш керак» мақоласи (2011 йил 26 май сони) ҳам кўрсатиб турибди. Унда «Жарқўрғон ва Музработ туманларида минитехнологиялар асосида кичик корхоналар ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларида партия ташкилотлари (эътибор беринг!) таъсирини кучайтириш... бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозим» дейилади.
Бу фикрлар ҳақиқатан ҳам ХДП қарашларининг ўзгараётганини кўрсатаяпти. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзҲДП фракцияси аъзоси Улуғбек Зокировнинг «Рухсат бериш тартиб-қоидалари демократлашиши тадбиркорлик фаолияти равнақига хизмат қилади» номли мақоласида «...асосий эътибор партия электорати манфаатига эмас, балки тадбиркорликка оид қонун хужжатларини соддалаштириш, тадбиркорларнинг янада эркин фаолият юритиши учун кулай қонуний муҳит яратиш»га қаратилгани ҳам айнан ана шундан далолат беради.
Шу билан бирга ХДП фаолларининг O`zLiDePга нисбатан нега тадбиркорлик тузилмаларининг ёпилиб кетишига томошабин бўлиб турибсизлар қабилидаги узуқ-юлуқ таъналари эса партиянинг либерал-демократик ғояларга бефарқ эмаслигини, айнан ана шу ғояни қўллаб-қувватлаш оркалигина ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламига мадад бериш мумкинлигини кечикиб бўлсада, англаётганини кўрсатади.
Айни пайтда бундай ҳолатлар ушбу партия мафкурачиларининг бозор иктисодиёти қонуниятларидан бехабар эканликларини ҳам кўрсатиб қўймоқда. Албатта, O`zLiDeP учун хусусий секторни изчил ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласи муҳим вазифа бўлган ва шундай бўлиб колаверади. Аммо бу жараёнга бозор иқтисодиётининг кучли таъсир этишини ҳам унутмаслик керак. Зеро, жаҳон тажрибасидан маълумки, дунёда ўрта ҳисобда 50 фоиз кичик бизнес субъектлари дастлабки 5 йил мобайнида ўз фаолиятини тўхтатади ёки фаолият турини ўзгартиради. Аммо фалон туманда фалонча корхона ўз фаолиятини тўхтатибди, дея юзаки хулосалар билан O`zLiDePни ёмонотлиқ қилаётган партиянинг бундай уринишлари ХДПнинг яна арзон обрў топиш илинжидаги ҳаракатларини эсга солади.
Ана шундай муносабатнинг янада ёрқинроқ кўриниши партия нашрининг айрим ҳудудлардаги мухбирлари фаолиятида ҳам кузатилаётганини таъкидлаш мумкин. «Махсус топшириқ»қа биноан маълум бир сабаблар билан фаолияти тўхтатилган тадбиркорлик субъектларини аниқлаётган ва бунда O`zLiDePни айбдор санаётган ҳамкасбларимиз негадир такдир тақозоси ёхуд бирон-бир фалокат туфайли ногирон бўлиб қолган юртдошларимиз, нафақа олиш ёки нафақага чиқиш масаласида айрим идоралар остонасида кун ўтказаётганларнинг ҳаётий муаммоларига муносабат билдиришни ўзларига эп кўрмай, тадбиркорлик фаолияти бўйича ХДПнинг жойлардаги назоратчилари бўлишни мақул кўраяптилар. Бу ҳам бўлса, ХДПнинг нафақат марказда, жойлардаги фаолиятида ҳам кескин ўзгаришлар рўй бераётганидан далолатдир. Аммо бир минбарда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳақида сўз юритилсаю, бошқа минбар орқали фалон туманда либераллар лоқайдлиги билан фалонча корхона ёпилиб кетди, дейишда мантиқ бормикин? Хусусан, яқинда ХДП нашрида Қўқон шаҳрида 101 та тадбиркорлик субъекти ёпилиб кетиши хусусида ажабтовур баёнотлар берилди. Бироқ аслида бу рақам бор-йўғи 17 тани ташкил этганини яширишдан муддао нима эди?
Аммо ана шундай муносабатларга қарамай, ХДП нашрида эълон қилинаётган аксарият мақолалар ва уларнинг жимжимадор сарлавҳаларига эътибор қаратсак, мазкур нашр аллақачон хусусий секторнинг дадил «ҳимоячисига» айланганини кўрамиз. Мана бу сатрларга эътибор беринг: «75,5 мингтаси (иш ўрни назарда тутилмокда) янги кичик корхоналар ва микрофирмалар ҳисобига тўғри келади. 26,2 мингтаси якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш асосида вужудга келди». Бу партия нашрининг 2011 йил 4 июнь сонидаги «Янги иш ўрни» мақоласидан олинган жумлалар. «Тадбиркорлик фаолияти — унга асоссиз аралашишга йўл қўйилмайди» номли мақолада эса «Айни пайтда фармон талаблари асосида тадбиркорлик субъектларини хуқуқий ҳимоя қилишга қаратилган амалий ишларни янада кучайтириш бўйича зарур чоралар кўрилаяпти. Энди тадбиркорлик фаолиятига бирон-бир тарзда асоссиз аралашишга йўл кўйилмайди ва буни унутганлар қонун олдида, албатта, жавоб беради» дейилади.
Газетанинг худди шу сонида «... тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашга ҳам эътибор кучайтирилди. 1 апрель холатига қирқ нафар тадбиркор аёлга 333,7 млн. сўм миқдорида кредитлар ажратилганлиги фикримиз далилидир. Ёш оилаларга берилган 185,5 млн. сўм миқдоридаги маблағ эса кичик бизнесни ривожлантиришга туртки бўлди» деган фикрлар баён қилинади.
Шу ўринда ХДП фаолларининг сайловолди дебатларида ҳамма тадбиркор бўлолмайди ахир, дея ўзларини кўпчиликка ғамхўр қилиб кўрсатишга уринганларини бир эсга олайлик. Бугунги кун ҳақиқати шундан иборатки, тадбиркорлик боқимандалик кайфиятининг кушандасига айланди. Ҳатто энг чекка қишлоқларда ҳам мулкдор ва фермерлар етакчи кучга айландилар. Янги ғоя ва ташаббусларга қўл ураётган ёшлар туфайли мамлакатда ишбилармонларнинг янги авлоди шаклланаяпти. Натижада юқоридагидек сунъий ва тагзаминсиз қарама-қаршиликларга қарамай, жамиятда тадбиркорлар қатлами нафақат иқтисодиётда, балки ижтимоий-сиёсий соҳада ҳам ўз имкониятларини намойиш этмоқда.
Гувоҳи бўлганингиздек, партия нашри билиб-билмай Ўзбекистон халқ демократик партиясининг жуда катта тезликда либераллашаётганини очиқ-ойдин эътироф этмокда. Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги ҳамда «Микрокредитбанк» томонидан амалга оширилаётган ишларга ушбу партиянинг мафкуравий шерикчилиги ҳам ХДПнинг либерал-демократик ғояларнинг изчил тарғиботчисига айланаётганига мисол бўлиши мумкин.
2009 йилги сайловлар арафасида аҳолида тадбиркорлар қатламига нисбатан салбий қарашларни шакллантиришда анчайин фаоллик кўрсатган айрим мутасаддиларнинг бугунги чиқишлари эса партия ўз Низоми ва Сайловолди дастуридан воз кечдимикин, деган мулоҳазаларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.
Шу ўринда ЎзХДПнинг айнан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кенг йўл очиб бериш мақсадида ташкил этилган «Микрокредитбанк» билан ҳамкорлигини, яъни партиянинг айнан ўрта қатлам вакилларига кредитлар ажратишда «Микрокредитбанк»нинг яхши «ҳамкори»га айлангани тадбиркорлар томонидан ҳам ижобий баҳоланаётганини айтиш мумкин. Эътибор беринг: бугун ҲДП ногиронлар ёки кўзи ожизлар жамияти, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган, у ёки бу сабаб билан иш ўрнини йўқотган ёхуд айрим мутасаддиларнинг лоқайдлиги туфайли нафақасини ололмаётган юртдошларимиз ҳақида эмас, кўпроқ тадбиркорлик масаласини бош масалага айлантираяпти. Тўғри, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ишларга жўр бўлиш, яъни йирик лойиха ёки тадбирлар соясида ўзини кўрсатиш масаласида ХДПда жуда катта «тажриба» бор. Аммо айрим таҳлилчилар «оқсоқол партия» фаолиятидаги бундай ўзгаришларни вақтинчалик, яъни сайловлар оралиғидаги мавсумий чекинишга қиёслаётганларини ҳам эътибордан қочирмаслик керак. Чунки ўтган йиллар давомида либерал ғояларга каршилик кўрсатиб келган партиянинг бунчалар тез ўзгариши ҳақиқатан ҳам мавсумий оғишга ўхшаб кетади. Зеро, ХДПдаги бундай «наноўзгариш»ларга ҳали унинг электорати қандай муносабатда бўлиши ҳам ҳозирча номаълум бўлиб турибди. Лекин нима бўлганда ҳам ХДПнинг вақтинчалик туюлаётган ғоя ва қарашларидаги кескин ўзгаришлар жамиятда мулкка, мулкдорларга бўлган муносабат билан боғлиқки, буни партия фаолларининг ўзлари ҳам эътироф этишга мажбур бўлмоқдалар.
Обсудить новость на Форуме