15:16 06.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Матбуот хизмати хабар қилади
O`zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши, вилоят Давлат Солиқ ва Божхона бошқармалари ҳамкорлигида Шаҳрисабз туманида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жамиятимизнинг иқтисодий барқарорлиги кафолати” мавзусида ўтказилган ўқув-семинарда мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилган қонунларни амалиётга самарали тадбиқ қилиш янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини ошириш ва халкимиз фаровонлигини юксалтиришга доир ижтимоий масалаларни ҳал қилишга ёрдам бериши алоҳида тилга олинди.
Семинар иштирокчиларининг фикрича, Президент Ислом Каримов раҳбарлигида изчил амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида кичик бизнес субъектларининг қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимига асосланган тадбиркорликни ривожлантириш борасида салмоқли ютуқларга эришилди. Ўзбекистонда истиқлол йилларида мазкур соҳани ривожлантириш бўйича аниқ ва изчил чораларни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳуқуқий майдон шакллантирилди, мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Шу боис ҳам ҳар йили юртимиз иқтисодиётининг юқори барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий мутаносиблиги сақланиб қолишига эришилмокда.
Тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси Шоира Ҳайдарова кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қонун ижодкорлиги ишлари қуйи палата фаолиятининг устувор йўналишларидан хисобланишини айтиб ўтди. Мамлакатимиз қонунчилик базаси иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг чуқурлашуви муносабати билан янгиланиб, янада такомиллаштирилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда бугунги кун талабларига жавоб берадиган ва республикамизда тадбиркорликни янада ривожлантиришни рағбатлантирадиган қатор қонунлар қабул қилингани фикримиз исботидир.
- Мустақилликнинг дастлабки йилларидан давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг энг самарали воситаси, аҳоли бандлиги ва даромадларни ошириб боришнинг муҳим омили сифатида қаралиб, унинг ривожланиши учун зарур меъёрий-ҳуқуқий база яратилди, - деди вилоят Давлат Солиқ қўмитаси Қашқадарё вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Абдулла Жовлиев. – Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилиниб, умумбелгиланган солиқлар ўрнига 1 та солиқни амалга ошириш ҳуқуқи берилди. Вилоят бўйича 2011 йил 1 январ ҳолатига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 14 503 тани ташкил этди.
Тадбир қатнашчилари солиқ ва божхона ходимларига ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат этиб, соҳа фаолияти бўйича зарур маълумотларга эга бўлишди. Ўқув-семинар якунида фаол иштирокчиларга вилоят давлат Солиқ ҳамда Божхона бошқармаларининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Обсудить новость на Форуме