20:01 17.05.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Матбуот хизмати хабар қилади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентига мувофиқ, депутатларнинг ўз сайлов округларидаги сайловчилар билан учрашувлари қизғин руҳда ўтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоев ҳам 14-16 май кунлари сайловчилар билан учрашувларда иштирок этди.
Учрашувлар Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги “Кумакай” қишлоқ фуқаролар йиғини (ҚФЙ) худудида жойлашган “Айшахоним”, “Садда” ва “Уйшин” МФЙлари, “Сувюлдуз” ҚФЙда жойлашган “ОРС”, “Сувюлдуз” ва “Иттифоқ” МФЙлари ва Андижон шаҳридаги “Саноат”, “Бирлик”, “Иттифоқ” ва “Маданият” МФЙлари фаоллари билан ўтказилди. Мазкур учрашувларда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Сенатининг 2011 йил 31 мартдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини тайёрлаш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар ва сайловларнинг аҳамиятига қаратилди.
Олтинкўл туманидаги 13-ўрта мактаб ҳамда Андижон шаҳар 2-маиший касб ҳунар коллежида ташкил этилган учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” номли маърузаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 18 апрелдаги “Фермер хўжаликларини қайта ташкил этиш ва уларнинг ер майдонларини оптималлаштиришда қонунчиликка риоя этиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги Фармонининг мазмун-моҳиятини сайловчиларга тушунтиришга кенг урғу берилди.
М.Тешабоев ўз маърузасида “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”да белгиланган вазифалар ва илгари сурилган қонунчилик ташаббуслари ҳақида алоҳида тўхталди.
- Юртбошимиз ўз маърузасида мамлакатимизнинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ҳаётига оид энг муҳим устувор йўналишлар бўйича қатор илғор амалий таклиф ва ғояларни илгари сурди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, Президент томонидан мазкур Концепцияда – 17 та янги қонун, 7 та амалдаги қонунларнинг янги таҳририни ишлаб чиқиш, шунингдек, 19 та амалдаги қонун ҳужжатларига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва қабул қилиш бўйича аниқ таклифлар билдирилган ҳамда ушбу ташаббус ва таклифларнинг қарийб 80 фоизи бевосита O`zLiDeP электорати фаолиятига оиддир, - деди депутат.
Қизғин мулоқот руҳида ўтган учрашувлар жараёнида депутатнинг худудий партия тузилмалари орқали ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бевосита ҳамкорлиги борасидаги фаолиятни мустаҳкамлаш ҳақида келишиб олинди.
Қайд этилганидек, сайловчилар билан ишлаш O`zLiDeP фракцияси депутатларининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини оширишнинг таъсирчан механизмидир ва бу сайловларда қабул қилинган мажбуриятлар ва берилган ваъдаларнинг бажарилишини таъминлаш имконини беради.
Обсудить новость на Форуме