14:30 06.05.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Матбуот хизмати хабар қилади

2011 йил 6 май куни O`zLiDeP Cиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қошида ташкил этилган “Демократик бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни либераллаштириш ахборот-таҳлил маркази” ва Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази ҳамкорлигида “Қимматли қоғозлар бозоридаги муносабатларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида семинар ўтказилди. Тадбирда тадбиркорлик субъектларининг қимматли қоғозлар бозоридаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.
 
Семинарда мамлакатимиз раҳбарининг 2010 йил 12 ноябрдаги парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” номли маърузасида “Aкциядорлик жaмиятлaри вa aкциядорлaрнинг ҳуқуқлaрини ҳимоя қилиш тўғрисидa”ги Қонунни янги тaҳрирдa ишлaб чиқиш вa қaбул қилиш ҳaмдa ундa корпорaтив бошқaрув вa нaзорaт оргaнлaрининг вaколaтлaри, ҳуқуқлaри вa жaвобгaрлигини янaдa aниқ бeлгилaш лозимлигига эътибор қаратилганлиги таъкидланди. Шунингдек, маърузада ушбу қонундaги aкциядорлик жaмиятлaрининг Кузaтувчилaр кeнгaшлaри, умумий йиғилишлaри, тaфтиш комиссиялaрининг роли вa aҳaмиятини ошириш, миноритaр, яъни қўлидa aкцияси кaм бўлгaн aкциядорлaрнинг кaфолaтлaрини кўпроқ тaъминлaш, бaрчa aкциядорлaрни вa бўлaжaк инвeсторлaрнинг aкциядорлик компaниялaри фaолияти тўғрисидa axборот олиш имкониятлaрини кeнгaйтиришни кўздa тутиш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди ва устувор вазифалар белгиланди.

Тадбирда қайд этилдики, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”да илгари сурилган қонунчилик ташаббусларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этмоқда. Айни вақтда партия ташкилотлари томонидан иқтисодиёт соҳасидаги мавжуд муаммо ва талабларни атрофлича ўрганиш мақсадида Республика Марказий банки, тижорат банклари, Давлат Солиқ ва Божхона қўмиталари билан ҳамкорликда туркум тадбирлар ташкил этилмоқда. Мазкур тадбирларда билдирилган таклиф ва тавсиялар Концепцияда “Демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш” йўналишида таклиф этилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фойдаланиш учун партиянинг парламентдаги фракциясига етказилмоқда.

Семинарда таъкидланганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг тезкор ривожланиши учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар, имтиёзлар ва преференциялар яратиш мамлакатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган иқтисодий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Айниқса, республика қимматли қоғозлар бозорида тадбиркорлар учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, соҳа фаолияти учун қўшимча даромад манбаига айланиб бормоқда. Ушбу бозорда тадбиркорлар ўз маблағларини акциялар ва бошқа молиявий воситаларга йўналтириб инвестор сифатида, лицензия асосида молиявий хизмат кўрсатиб бозорнинг профессионал иштирокчиси сифатида, шунингдек, қимматли қоғозлар чиқариш орқали фаолияти учун капитал жалб қилувчи эмитент сифатида қатнашиши мумкин.

Айни вақтда республикамизда қимматли қоғозлар эгаларининг сони 1  млн.дан ошганлиги, бозорда 100 дан ортиқ профессионал хизматлар кўрсатиш учун берилган лицензиялар сони ҳамда қимматли қоғозлар билан тузилган битимларнинг жами ҳажми 2010 йил якунлари бўйича 1,6 трлн. сўмдан ошганлиги каби кўрсаткичлар фонд бозоримиз тобора ривожланаётганлигидан далолат беради. 2011 йилнинг ҳозирги вақтгача қимматли қоғозлар билан тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг айни даврига нисбатан 18,8 фоизга, иккиламчи бозор айланмаси эса 1,7 мартага ўсди. Жорий йилнинг 1 апрел ҳолатига жами чиқарилган қимматли қоғозларнинг умумий қиймати 6,9 трлн. сўмни ташкил қилади. Охирги йилларда ушбу кўрсаткич ўртача 20 фоизга ўсиши кузатилмоқда.

Семинар иштирокчиларнинг фикрига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасининг қимматли қоғозлар бозори юқори суръатлар билан ўсиб бораётгани баробарида, соҳанинг янада самаралироқ ривожланишида тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳам мавжуд. Хусусан, аҳоли ва тадбиркорларнинг ушбу бозорда янада фаол иштирок этиши учун республика ҳудудларида зарур шароитлар яратилмаганлиги, бозорнинг ахборот таъминоти, жумладан, қимматли қоғозлар ва уларни чиқарган ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар етарлича ва тезкор ошкор этилиши ташкил этилмаганлиги, рентабеллиги юқори бўлган компаниялар акциялари кўринишидаги қимматли қоғозлар ресурсларининг етишмаслиги каби муаммолар бугунги кун қимматли қоғозлар бозорида тадбиркорларнинг янада эркин фаолият кўрсатишига доир самарали механизмларни ишлаб чиқиш ва амалдаги қонунларга қўшимча ва ўзгартишлар киритишни талаб этмоқда.

Тадбирда сўз олганлар қимматли қоғозлар бозорининг барча иштирокчилар учун очиқлиги, ушбу бозорда битимлар тузиш механизми фаолият кўрсатишида замонавий ахборот технологиялардан янада кенгроқ фойдаланиш ҳамда жойларда инвестиция муассасалари, инвесторларга хизмат кўрсатувчи шаҳобчаларни ташкил этиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши лозимлигини таъкидладилар. Иштирокчиларнинг билдиришича, бозор иштирокчилари учун қулай тарзда уларга инвестиция қарорларини қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни тезкор ва сифатли ошкор қилиниши бозорнинг ахборот таъминотини такомиллаштиради.

Семинар давомида қимматли қоғозлар бозори республика иқтисодиётида етакчи ўрин тутиши, қимматли қоғозлар аҳоли ва тадбиркорлар учун қўшимча даромад манбаига айланиши муҳим эканлигидан қайд этилиб, қимматли қоғозлар бозоридаги муносабатларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ўрнини янада ривожлантиришга доир таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир қатнашчилари қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан ташкил этилган кўргазма, шунингдек, фонд биржаси савдо сессиясининг очилиши маросими ва биржа савдо жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме