22:15 09.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Масъулиятни ҳис этиб...
Муборак «Иссиқлик электр маркази» очиқ акциядорлик жамияти раҳбари, бошланғич партия ташкилоти етакчиси Комил Хайруллаевнинг таъкидлашича, туманнинг Шейх ва Қорабоғ қишлоқларида тадбиркорликни ривожлантириш, лалмикор майдонларда деҳқончиликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. — Айни пайтда жамиятнинг 445 кишилик жамоаси зиммасига Муборак газни қайта ишлаш заводини электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлашдек масъулиятли вазифа юклатилган бўлиб, корхона энергетика тизимида узилиш юз берган ҳолатда ҳам автоном режимда электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқара олиши билан бошқа корхоналардан тубдан фарқ қилади. Соҳа мутахассисларининг фикрича, мазкур корхона бир йилда ўртача 290 млн. КВт электр энергияси, 1 млн. 750 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариб, истеъмолчига етказиб бермоқда. Бу ерда меҳнат ва дам олиш учун ҳам қулай шароитлар яратилган. Касаба уюшма қўмитаси томонидан ҳар йили ўнлаб ишчи-хизматчилар мамлакатимизнинг энг яхши сиҳатгоҳларига юборилмоқда. Айни пайтда «Иссиқлик электр маркази»да бешта цех бўлиб, улар ўртасида спортнинг барча турлари бўйича ўзаро мусобақалар ташкил этиш ҳам йўлга қўйилган. Шу ўринда бош муҳандис Роҳатали Ҳайитов, директор ўринбосари Бектемир Алтибаев, хавфсизлик техникаси хизмати бошлиғи Худойберди Қурбонов, цех бошлиқлари Акбар Тошев, Бахтиёр Хайруллаев, Дўстқобил Омонов ва Илҳом Худойқуловларнинг ишлаб чиқариш ускуналарини янгилаш, такомиллаштириш ва ишончлироқ турларига алмаштириш борасидаги амалий таклифлари, ихтиролари корхонада иқтисодий самарага эришишнинг омили бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айниқса, O`zLiDeP фаоли, корхонага узоқ йиллар етакчилик қилган Равшан Асамитдинов яратган мактабда яратилаётган янгиликларнинг амалиётга татбиқ этилаётгани реал самара бераяпти. Масалан, илгари генератордаги техник носозлик туфайли уни бир йилда 10 мартадан кўпроқ ўчириб, таъмирлаш талаб этилган ва бунга бир йилда 70-80 миллион сўм маблағ сарфланган бўлса, бир гуруҳ мутахассисларнинг рационализаторлик таклифлари туфайли генератордаги ток йиғувчи қаттиқ халқа ўрнига эгилувчан ток йиғувчи кабель ўрнатилди. Натижада ускунанинг ишончлилиги ва мустаҳкамлиги бир неча баробарга ошди. Малакали мутахассис Акбар Тошев томонидан яратилган рационализаторлик таклифи билан эса йилига 100 млн. сўм иқтисодий самара олинмоқда. Ана шу янгилик туфайли ишлаб чиқариш самарадорлиги кескин ортди. Умуман олганда, ўтган давр мобайнида ўнга яқин шундай рационализаторлик таклифлари билдирилиб, уларнинг аксарияти ишлаб чиқаришга муваффақиятли татбиқ этилди. — Қарши давлат муҳандислик-иқтисодиёт институти олимлари билан ҳамкорликда ҳам қатор янгиликларни амалиётга жорий этдик, — дейди бош муҳандис Роҳатали Ҳайитов. — Бунга ғўзапоядан ва ёввойи ўсимликлардан биоёнилғи олиш йўлга қўйилганини мисол сифатида келтириш мумкин. Бошқача айтганда, корхонада ўсимлик поясини ҳавосиз жойда қиздириш йўли билан ўртача 20 фоиз кўмир, 30 фоиз табиий газ ва 50 фоиз ёнувчан суюқлик олиш мумкинлиги исботланди. Бунда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти олимларидан Р.Раббимов ва Г.Узоқовнинг хизматлари катта бўлди. Ишчи-хизматчиларнинг моддий манфаатдорлигини оширишда корхона ҳузурида паррандачилик ва чорвачилик йўлга қўйилганини ҳам таъкидлаш жоиз. Иссиқхонада етиштирилаётган сабзавот ва цитрус мевалар эса арзон баҳоларда сотилиб, олинган даромад соҳани ривожлантиришга йўналтирилаяпти. Президентимизнинг 2011 йил 27 декабрдаги “2012 йилда Ўзбекистон республикасида инвестиция дастурлари ҳақида”ги қарорига асосан Муборак иссиқлик марказида 130-150 мегаватт қувватли газ турбина ускунаси қурилиши режалаштирилган бўлиб, мазкур лойиҳа амалга оширилгач, станция қувватини уч бараварга ошириш мумкин бўлади. «Исссиқлик электр маркази»да партиявий фаолият ҳам яхши йўлга қўйилганини таъкидлаш жоиз. Айни пайтда корхонадаги бошланғич партия ташкилоти атрофида 30 нафарга яқин O`zLiDeP фаоллари бирлашган бўлиб, улар асосий эътиборни корхона фаолиятида йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш ҳамда келгусидаги вазифаларга қаратмоқдалар. БПТ етакчиси Комил Хайруллаев эса халқ депутатлари Муборак туман кенгаши депутати сифатида ҳам бошқаларга ўрнак бўлаяпти. У сайловчилар билан ўтказилаётган учрашувларда O`zLiDePнинг мақсад ва вазифаларини кенг тарғиб этиш, партиянинг қонунчилик фаолияти хусусида кенгроқ маълумотлар бериш ва шу орқали электоратга яратиб берилаётган имтиёзларга алоҳида эътибор қаратмоқда. — Яқинда сафдошларимиз кўмаги билан Муборакнинг Шейх ва Қорабоғ қишлоқларида тадбиркорликни ривожлантириш, лалмикор майдонларда деҳқончилик қилиш, чорвачиликни йўлга қўйиш борасида амалий ишларни бошладик, — дейди Комил Хайруллаев. — Қишлоққа саноатни олиб кириш, маҳаллийлаштириш доирасида хом ашёни қайта ишлаб, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида ҳам янги лойиҳалардан унумли фойдаланилаяпти. Айни пайтда туман кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан сессияга ёшлар бандлиги ва маъмурлигини ошириш, уларни тадбиркорликка йўналтириш, молиявий қўллаб-қувватлашга оид иккита масала киритилмоқда. Корхонада БПТ фаолиятини жонлантириш, партия аъзоларининг ислоҳотлардаги иштирокини фаоллаштириш мақсадида тез-тез давра суҳбати ва учрашувлар ташкил этилаяпти. Жумладан, яқинда бўлиб ўтган йиғилишда Президент Ислом Каримовнинг “Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциядаги маърузаси атрофлича ўрганиб чиқилди. Мухтасар қилиб айтганда, ҳамиша одамлар орасида бўлиб, уларнинг дарду ташвишлари, кундалик муаммоларини чуқур ўрганиб, бартараф этишга кўмаклашилса, партиямизнинг эл орасидаги мавқеи ошиб боришини БПТ етакчиси яхши англайди. Унинг изланувчанлиги боис қуйи бўғин фаолияти кун сайин жанговарлик касб этмоқда. O`zLiDeP фаоллари аҳолини қийнаб келаётган кундалик муаммоларни амалий ишлари билан бартараф этиб, одамларнинг ишончини қозонишмоқда. Мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, халқ фаровонлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга муносиб улуш қўшиш учун бор имкониятларини ишга солишмоқда.
Сайфулла ИКРОМОВ,“ХХI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме