18:47 03.03.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Манфаатлар мувозанати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»га аслида истиқлолнинг дастлабки йилларида тамал тоши қўйилганини бугун дунёнинг таниқли сиёсатшунослари ҳам алоҳида таъкидламоқдалар.
Мазкур Концепциянинг замон талабини акс эттирган илғор ғоя ва ташаббуслар мажмуи сифатида кенг ўрганилаётганининг боиси ҳам ана шунда, албатта. Шу ўринда Концепциянинг «Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш» деб номланган биринчи йўналиши, айниқса жаҳон жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотаётир. Чунки — дунёнинг айрим давлатларида кўппартиявийлик тизимидан чекинилаётган бир шароитда давлатимиз раҳбари томонидан Президент ваколатларининг бир қисмини давлат ҳокимиятининг бошқа субъектларига ўтказиш ташаббусининг илгари сурилаётгани Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамиятини ривожлантиришга бирламчи масала сифатида эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Бу — ҳокимиятлар бўлиниши тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиш, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантиришга қаратилгани билан ҳам ниҳоятда муҳимдир.
Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти билан Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида ташкил этилган «Ўзбекистонда парламентаризмни ривожлантиришнинг долзарб масалалари» мавзуидаги илмий-амалий анжуманда ҳам асосан Концепциянинг ана шу жиҳатларига эътибор қаратилди.
Унда Юртбошимиз ташаббуси билан Олий Мажлис қонунчилик палатасига киритилган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси давлат ҳокимиятининг уч субъекти — Президент, қонунчилик ва ижро ҳокимияти ўртасидаги ваколатларни мутаносиб тақсимлашни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши, бу жараён мазмун-моҳиятига кўра, сиёсий тизимни модернизация қилиш, мамлакатни ислоҳ этиш ва демократлаштиришнинг янги босқичи билан боғлиқ экани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилган ўзгартишлар замирида парламентни, энг аввало, демократик янгиланишлар, либерал ислоҳотларнинг локомотивига айлантириш ғояси мужассам бўлиб, бу нафақат парламент ва сиёсий партияларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиради, айни пайтда уларнинг ислоҳотлар тақдири, Ватанимиз равнақи йўлидаги масъулиятини ҳам бир неча баробарга оширади.
Хўш, бу ўзгаришлар асосан нималардан иборат? Биринчидан, янги қонун лойиҳасида, Бош вазир тавсиясига кўра Вазирлар Маҳкамаси таркиби билан бирга вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимларининг тайинланиши тўғрисидаги янги тартиб ҳукуматга ниҳоятда кенг ваколатлар берилаётганини англатади. Аммо, ўз навбатида, манфаатлар мувозанатининг тўла таъминланиши учун парламентнинг ҳукумат фаолиятини назорат қилиш ваколатлари ҳам кучайтирилмоқдаки, буни парламент томонидан Бош вазирнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ҳисоботини эшитиш тартиби жорий этилаётганида ҳам кўриш мумкин.
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Маъруф Усмоновнинг фикрича, Конституциянинг 78-моддаси 15-бандига мамлакат ижтимоий иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазир ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ҳақидаги норманинг киритилаётгани давлат бошқарувини янада демократлаштириш ва парламент ваколатларини кенгайтиришга қаратилгани билан долзарбдир.
Асосий қонунимизнинг 80-моддаси 6-бандига, 93-моддаси 12-бандига киритилаётган Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш тўғрисидаги Президент Фармонини тасдиқлаш Сенатнинг мутлақ ваколатига ўтказилиши парламент ролини янада кучайтиради. Ҳисоб палатасининг давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларидан оқилона фойдаланишни молиявий назорат қилишнинг ғоят муҳим воситаси эканини инобатга олсак, ҳисоб палатаси раисининг парламент томонидан тасдиқланиши Олий Мажлисга ижро ҳокимияти фаолиятини бошқаришда жуда кучли ваколатлар берилишини англатади. Шунингдек, ўзгартишлар асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳуқуқи ҳам берилаётганини таъкидлаш жоиз. Яъни, Бош вазир ва қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар юзага келгудек бўлса, депутатларнинг камида учдан бир қисми (бу ҳолатда сиёсий партияларга мансублик талаби қўйилмайди ва экологик ҳаракат депутатлик гуруҳлари вакиллари ҳам иштирок этишлари мумкин) томонидан бу масала Президентга кўриб чиқиш учун тақдим қилинади. Давлат раҳбари эса бу таклифни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига киритади.
Анжуман иштирокчилари таъкидланганларидек, Конституцияга киритилаётган бундай ўзгартишлар бевосита парламентнинг ижро ҳокимияти органлари фаолияти юзасидан назорат ваколатларини кенгайтирибгина қолмай, депутатлар зиммасига ҳам жуда катта масъулият юклайди. Бу эса Олий Мажлис қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси фаолиятини янада кучайтиришни талаб этади.
Маълумки, қонун ҳужжатларининг бажарилиши бўйича парламент назоратини кучайтириш борасидаги талабларни ҳисобга олган ҳолда 2010 йилда O`zLiDeP «Парламент назорати тўғрисидаги» қонунни қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Мазкур қонун ҳокимият бўлиниши тамойилини ҳаётга татбиқ этишнинг бир босқичи бўлиб, парламент назоратининг барча шаклларини жорий этиш учун ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилади.
O`zLiDeP фракцияси аъзолари бундай ўзгаришлар парламентнинг ислоҳотлар муваффақияти ва мамлакат тараққиёти учун масъулиятини оширишга йўналтирилганини тўлиқ англаб етмоқдалар. Бу ўз навбатида парламент фаолиятининг кескин ўзгаришини, фракциялар ишини ҳам, қўмиталар ишини ҳам бугунги кун талабларига мослаштиришни талаб этади, албатта. Бу жараён жойлардаги депутатлик гуруҳи фаолиятида ҳам ўз аксини топишига эришиш лозим.
Конституциянинг 98-моддасига таклиф этилаётган ўзгартишлар туфайли энди Бош вазир номзоди қонунчилик палатасига ўтказилган сайловларда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партиялар томонидан кўрсатилади.
Концепцияни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш жараёнида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда парламентга бунчалар кенг ваколатлар берилиши депутатлар зиммасидаги масъулият ҳар қачонгидан-да ортаётганидан далолатдир.
Зеро, ижро ҳокимияти фаолиятини таҳлил этиш ва назорат қилиш учун депутатлар давлат миқёсида кенг фикр юритишлари, ҳаётимизнинг барча соҳалари бўйича мутахассис бўлишлари талаб этилмоқда. Бундан ташқари, энди депутат жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш билан бирга уларни ҳал этиш жараёнида ҳам фаол иштирок этиши зарур бўлади. Айнан ана шу масалалар анжуманда атрофлича муҳокама қилинди.
— Албатта, Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳокимият бўғинларининг ўз вaколaтлaрини aмaлгa ошириш жaрaёнидa ўзaро тийиб туриш вa мaнфaaтлaр мувозaнaти тизимини шaкллaнтириш, сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги ролини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизни дeмокрaтлaштириш вa либeрaллaштириш жaрaёнлaрининг жaдaл ривожлaнишида долзарб аҳамият касб этади, — дейди O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари қиёмиддин Назаров. — Бу, ўз навбатида, сиёсий партиялардан ҳам ана шу принципларнинг ҳаётга жорий этилишига тайёр бўлишни, сиёсий етукликка интилишни талаб қилади.
Энг муҳими, бу ўзгартишлар биздан кучли кадрлар захираси хусусан, туман, шаҳар ва вилоятлар кесимидагина эмас балким мамлакат миқёсида фикрлай оладиган, ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижросини назорат қилиш билан бирга ана шу жараёнларда ташаббус кўрсатишга қодир кадрлар тайёрлашимизни талаб этмоқда. Бунинг учун ўқувлар ташкил этиш, кадрларни турли бўғинларда синаб кўришни бугундан бошлашимиз керак. Бир сўз билан айтганда, Концепция фаолиятимизни бутунлай қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Бошқача айтганда, сафларимизни сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан мaдaнияти юксак, интеллектуал салоҳияти юқори бўлган, халқ орасида обрў-эътибор қозонган, ташаббускор ва бошқаларни ўз ортидан эргаштира оладиган, эл-юрт манфаатларини ўз манфаатларидан устун қўядиган инсонлар ҳисобига кенгайтиришимиз лозим. Зеро, келгусида Бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқи энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган сиёсий партияга берилаётган экан, бунинг учун биринчи навбатда сайловларда ғолиб чиқиш керак. Биз ҳокимият учун соғлом рақобат асосида курашар эканмиз, муайян натижаларни қўлга киритишда ҳар томонлама етук ва салоҳиятли кадрларга таяниш муваффақиятлар омили эканини унутмаслигимиз даркор.
Яна бир муҳим жиҳат: бўлажак сайловларда бошқа сиёсий партиялар билан тенг миқдорда депутатлик ўрнига эга бўлиб қолишимиз ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Демак, ҳукумат раҳбарлигига Олий Мажлис қонунчилик палатасида энг кўп овоз олган партиядан битта номзод кўрсатилиши белгиланар экан, бунда, албатта, ўша номзоднинг қайси партиядан бўлиши ҳақида баҳс ва мунозаралар юзага келиши ҳам мумкин. Партиямиз ва фракциямиз ана шундай вазиятларга ҳам ҳозирданоқ тараддуд кўриши мақсадга мувофиқдир.
Асосан фракция зиммасига юклатилаётган масъулиятли вазифалар муҳокамасига бағишланган семинарда O`zLiDeP фракцияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ҳукуматни шакллантиришнинг янги тартибини киритиш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича Бош вазир ҳисоботининг депутат ва сенаторлар томонидан тингланишига оид меъёр жорий этилиши партиянинг жамият ҳаётидаги ролини янада кучайтириши лозимлигига эътибор қаратилди. Жумладан, бу O`zLiDeP фракциясига сайловчилар манфаатини самарали ҳимоя қилиш ва жойлардаги мавжуд муаммоларни олий ижро органларига етказиш, давлат аҳамиятига эга муҳим масалаларни ҳал этишда фаол қатнашиш имконини беради. Шу муносабат билан семинарда парламент сўрови, ижро ҳокимияти органлари раҳбарларини жойлардаги ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ҳолат бўйича тинглаш каби парламент назорати институтларини янада такомиллаштириш ҳақидаги фикрлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Обсудить новость на Форуме
24 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |