14:30 27.10.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Маҳаллада оилавий тадбиркорлик: ҳуқуқий асослари, зарурати ва аҳамияти
2011 йил 25 октябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижрои қўмитаси “Аёллар қаноти” томонидан “Маҳаллада оилавий тадбиркорлик: ҳуқуқий асослари, зарурати ва аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, партия фаоллари - тадбиркор ва ишбилармон аёллар иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар жорий “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”да амалга оширилиши лозим бўлган партиявий вазифалар доирасида, айниқса маҳаллаларда яшовчи аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш билан боғлиқ амалий ҳаракатларни янада кучайтириш, оилавий бизнесни ривожлантириш ва шу орқали маҳаллани тадбиркорлик марказига айлантириш борасида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш ва мазкур жараёнларга уларни кенг жалб қилиш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Ўтган давр мобайнида хусусий мулкни давлат ҳимоясига олиш, мулкдорлар сафини кенгайтириш, қишлоқда фермерлик ҳаракатини етакчи кучга айлантириш, иқтисодиётни янада либераллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий этиришга йўналтирилган юзлаб қонун хужжатлари қабул қилинди.
Айни пайтда O’zLiDeP ўрта синф манфаатларини ҳимоя қилаётган сиёсий куч сифатида Президентимизнинг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” асосида соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш йўли билан ўрта синф вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли акс эттиришга интилмоқда. Концепцияда кўзда тутилган қонунларнинг жамият ҳаёти ва иқтисодиётига таъсирини биргина “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Тадбирда сўзга чиққан депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг мақсад ва вазифалари, бугунги кунда аёлларнинг иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш учун жойларда зарур шарт-шароитлар яратиш, ёш қизларнинг интилиш ва изланишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлашди.
Айтиш жозки, мамлакатимизда демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштиришдаги вазифаларни амалга оширишда O’zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан бир қатор ишлар амалга оширилиб, ҳаётга тадбиқ этиб келинмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзидаёқ “Маҳаллани оилавий бизнес ва тадбиркорлик марказига айлантиришда O’zLiDeP ”Аёллар қаноти”нинг иштироки ва роли” мавзусида ташкил этилган 300 га яқин тадбирлар республикамизнинг чекка-чекка маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларида ўтказилиши баробарида маҳаллаларда оилавий бизнесни ривожлантиришга маҳаллий ҳокимият ва жойлардаги мутасадди идоралар ва жамоат ташкилотлари томонидан катта эътибор қаратила бошлаганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бунинг натижасида, маҳаллаларда маҳаллий тадбиркор хотин-қизлар томонидан оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари пайдо бўлиб, улар томонидан 2000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Концепция доирасидаги вазифаларни қамраб олган ҳолда O`zLiDeP “Аёллар қаноти” ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида амалга оширилган “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” лойиҳаси доирасида республикамизнинг барча худудларида амалий мулоқотлар ўтказилиб, энг намунавий бизнес лойиҳалари билан иштирок этган 30 нафар фаол хотин-қизларга тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификатлар топширилди. Ҳозирги кунда O’zLiDeP аъзоси бўлган 20 мингдан ортиқ аёллар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда.
Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратиш, касаначилик, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш, ишбилармон аёллар учун имтиёзли кредитлар ажратишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги эътироф этилди.
Давра суҳбатида бошланғич партия ташкилотлари сонини кўпайтириш, керак бўлса энг чекка ҳудудларгача кириб бориш, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маиший турмуш тарзини янада яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш, қишлоқ аёлларини ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифа эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Қизғин баҳс-мунозарага бой тарзда ўтказилган давра суҳбати якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга етарлича жавоб олишди ва муҳокама қилинган масалалар юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Обсудить новость на Форуме