14:17 11.04.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Маҳалла сиёсий партиялар учун рақобат майдонига айланмаслиги керак
2011 йилнинг май-июнь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари ваколатлари муддати тугаши муносабати билан Конституциянинг 105-моддаси ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига навбатдаги сайловлар бўлиб ўтади.
Маҳалла азалдан ўзбек давлатчилиги бошқаруви тизимида муҳим ўрин эгаллаб келгани боис ҳам жамиятни ана шу институт орқали бошқариш бугунги ўзбек демократиясининг ёрқин бир кўринишига айланди. Ҳозирги кунда кенг кўламли фаолият олиб бораётган мазкур ижтимоий институтга қаратилаётган эътибор юртимизда амалга оширилаётган «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилининг амалий ифодаси бўлиб, мамлакатимизни янгилаш ва демократлаштириш, фуқароларнинг онгу тафаккурини замонавий асосда шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бошқарувнинг ўзига хос бу усулига дунёнинг қатор давлатлари томонидан алоҳида қизиқиш билдирилаётганининг боиси ҳам ана шунда.
Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 31 март куни бўлиб ўтган кенгайтирилган мажлисидан сўнг оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилган брифингда ҳам маҳалла институти фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, уни жамиятнинг иқтисодий ва маънавий ҳаётининг ажралмас қисми сифатидаги ўрнини ошириш мақсадида изчил чора-тадбирлар кўрилаётгани алоҳида таъкидланди.
— Маҳалла институти самарадорлигини оширишда 1999 йилда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва 2004 йилдан амал қилаётган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар муҳим аҳамият касб этмоқда, — деди брифингда «Маҳалла» хайрия жамғармаси бошқаруви раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Анвар Ахмедов. — Ана шу ҳужжатлар асосида мунтазам ўтказиб келинаётган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови жойлардаги мавжуд камчиликларга нисбатан талабчанлик ва муросасизлик асосида фаолият юритадиган муносиб номзодларни сайлаш имконини бермоқда. 2008 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтган сайлов якунлари бўйича 9881 нафар — халқ дардига ошно, ҳаётий тажрибага эга фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоли) ва уларнинг 85 минг нафардан ортиқ маслаҳатчиси сайланган бўлса, бу галги сайловда эса 10 минг нафарга яқин раис (оқсоқол) ва уларнинг 98 минг нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланади.
Брифинг иштирокчиларининг фикрича, навбатдаги сайловлар кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнлари чуқурлашиб бораётгани билан ажралиб турадиган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий шароитда ўтади. Негаки, кейинги йилларда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида давлат бошқаруви функцияларининг маълум бир қисми ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич асосда ўтказилди. Бугун маҳаллалар ҳақиқий демократия дарсхонаси сифатида шу ерда истиқомат қилувчиларнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этишга қодир бўлган ҳудудга айланди.
Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқованинг таъкидлашича, сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш барча қонуний талаблар асосида ташкил этилади.
Маҳалланинг аҳоли, айниқса ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси билан боғлиқ масалаларни ечиш, ижтимоий соҳанинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш борасидаги ҳиссаси тобора кучайиб бораётганини ҳисобга олсак, сенатор С.Ортиқова таъкидлаганидек, маҳалла оқсоқолини энг муносиб номзодлар орасидан сайлаш муҳим масала экани аён бўлади. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг бу борадаги нуқтаи назарига кўра, маҳаллани аҳолини аниқ йўналтирилган асосда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш зарур. Бунда биринчи галда ана шу ижтимоий институт зиммасидаги вазифаларни бажаришга қодир, бугунги замон талаблари асосида фикрловчи, пировардида эса мамлакат ободлиги ва фаровонлигига ҳисса қўша оладиган маҳалла оқсоқолларини ўз ўрнига қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бугун жойларда фуқароларнинг энг долзарб муаммоларини ўз вақтида ва муваффақиятли ҳал этиш, улар манфаатини ҳимоя қилишда маҳалла тизимининг таъсири ва аҳамияти беқиёс эканини ҳеч ким инкор эта олмайди.
O`zLiDeP аъзолари ана шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилиш партиянинг мақсад ва муддаоларига тўлиқ мос келади, деб ҳисоблайдилар. Маълумки, тадбиркорликка дастлабки қадам оилада, маҳалла миқёсида ташланади. Маҳаллани оилавий бизнес марказига айлантириш шунинг учун ҳам муҳимки, унда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар нафақат ўз оилалари, балки шу ҳудудда истиқомат қилувчи бошқа фуқароларнинг ҳам ижтимоий манфаатларига хизмат қиладилар. Яъни ўзини ўзи бошқариш органи ҳудудида ташкил этилган ҳар қандай тадбиркорлик тузилмаси ёхуд маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси аҳоли учун қулайликлар яратиши баробарида уларни фойдали меҳнатга жалб этиш имкониятини ҳам кенгайтиради. Айни кунда O`zLiDePнинг маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлиги бу ердаги меҳнатга лаёқатли аҳолини, айниқса аёллар ва ёшларни тадбиркорликка ўргатиш орқали уларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга қаратилгандир.
O`zLiDeP вакилларининг фикрича, маҳалла институтини янада ривожлантириш, унга амалий ёрдам бериш зинҳор-базинҳор сиёсий манфаатлар билан боғланмаслиги керак. Бугунги кун маҳалла раиси (оқсоқоли) сайлови арафасида унга ўз манфаатларига хизмат қиладиган ва ҳазрати сайловчининг хоҳиш-иродасига таъсир этадиган восита сифатида қараш манфаатлар мувозанатига салбий таъсир этиши мумкин. Маҳаллаларга моддий ва маънавий кўмак бериш, унинг ободлигига ҳисса қўшиш албатта ҳар биримизнинг бурчимиздир. Аммо бундай ҳаракатлар замирида маҳалла раиси ёки фаолларидан эртага сайловда фойдаланаман, деган мақсад жой олмаслиги лозим. Чунки бу сайлов партиялар ўртасидаги сиёсий курашга эмас, балки маҳалла институтини ислоҳотларнинг янги босқичдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, имкониятларини оширишга хизмат қилиши лозим. Зеро, ўтган сайловлар даврида айрим партиялар маҳаллани сиёсийлаштиришга уриниб кўрдилар. Мамлакатдаги партияларнинг ўз мавқеини фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари орасидаги вакиллари оз ёки кўплиги билан ўлчашдан кўра маҳаллага реал ёрдам кўрсатсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Май-июнь ойларига белгиланган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва улар маслаҳатчилари сайлови остонасида эса бел оғритмасдан «очко» тўплаш ҳадисини олган ана шундай партиялар ўз нуқтаи назари ва мақсад-муддаоларига яраша иш тутишлари лозим бўлади. Токи бу галги сайловлар аввалгилари сингари сиёсий партияларнинг манфаатларига хизмат қилмаслиги керак.
Обсудить новость на Форуме
24 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |