14:31 20.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Маҳалла фуқаролик жамияти пойдеворидир
Ўзбек халқининг асрлар оша ривожланиб келаётган ўзини ўзи бошқариш органи — маҳалла мустақиллик йилларида янада сайқалланиб, жамиятдаги энг нуфузли ва айни пайтда аҳолига энг яқин жамоат тузилмаларидан бирига айланди.
Нуфузли анжуманда АКШ, Германия, Норвегия, Хитой, Япония ва Ҳиндистондан ташриф буюрган эксперт ва мутахассислар томонидан мазкур институтнинг аҳоли манфаатларини ҳимоялашга йўналтирилган 30 дан ортиқ вазифаларни бажараётганига алоҳида эътибор қаратилиб, ўзини ўзи бошқариш фуқаролик жамиятининг энг асосий тамойили экани мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг нақадар кучли пойдеворга асосланаётгани эътироф этилди. Анжуманда, шунингдек, демократиянинг ўзига хос кўриниши бўлган маҳалла институтининг бошқа бирорта давлатда муқобили йўқлиги, мустакиллик туфайли унинг ҳуқуқ мақоми тўла тиклангани, мазкур ижтимоий институт тажрибаси ва амалий кўникмаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ экани ҳам алоҳида таъкидланди. Конференциядан кўзда тутилган мақсад ҳам айнан ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини чуқур таҳлил қилиш ва уларнинг амалий имкониятларини ўрганишдан иборат эди.
Анжуман қатнашчиларининг фикрича, Концепция — принципиал жиҳатдан янги ривожланиш босқичида давлат ва жамиятни модернизациялаш стратегиясидир. У айни пайтда Ўзбекистоннинг замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олиши, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини таъминлаш ва халкмизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлишига қаратилган дастурий ҳужжат ҳамдир.
Форумда алоҳида қайд этилганидек, мустақилликнинг илк йилларида танланган «ислоҳотларнинг ўзбек модели» асосида «Кучли давлатдан кучли жамият сари» тамойили изчил ва босқичма-боскич амалга оширилмоқда. Бинобарин, фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси давлат ишларини бошқариш, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фуқароларнинг бевосита иштирок этишига оид конституциявий хуқуқларини таъминловчи демократик тузум асосларидан бирини ташкил этади.
Зеро, ниҳоятда қисқа давр мобайнида юртимизда маҳалла тимсолида миллий ва оилавий қадриятларни қайта тиклаш ҳамда сақлашга хизмат қилаётган янги институционал тараққиёт тизими яратилди.
Форум иштирокчилари таъкидлаганларидек, Ўзбекистонда шаклланган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизими қудратли яратувчанлик салоҳиятига ҳам эгадир. Бугун мамлакатимизда 10 мингтага яқин фуқаролар йиғинлари бўлиб, улар аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, фуқаролар манфаатларини таъминлаш борасидаги кўпгина масалаларга самарали ечим топмоқда. Аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқлаш ва рўйхатга олиш механизмига нисбатан ёндашувдаги янгиликлар ҳам хорижлик экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилди. Бунинг замирида эса ҳалқимизнинг қўшнига ёрдам бериш, унга елкадош бўлиш каби азалий анъаналари, маҳаллалар оркали аҳолини жипслаштириш тамойиллари мужассамдир.
Анжуманда алоҳида таъкидланганидек, ўзини ўзи бошқариш органлари барча даражадаги вакиллик органларига ўтадиган сайловларда ҳам фаол иштирок этади ва унинг ўзи ҳам сайлов асосида шаклланади. Ҳар икки ярим йилда бир марта бўлиб ўтадиган маҳалла раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловида жорий йилда 100 минг нафардан ортиқ кишини сайлаш кўзда тутилгани ҳам чет эллик экспертлар эътиборини тортди.
Давра суҳбати иштирокчилари маҳаллани ривожлантиришга оид янги қонунчилик меъёрларини ишлаб чиқишда биринчи навбатда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги, аҳоли кенг қатламларининг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек, хусусий мулкни самарали ҳимоя қилиш, фермерлик ҳаракатини мустаҳкамлаш, оилавий бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт шароит яратиш, ижтимоий дастурларни амалга оширишда маҳалланинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш каби масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Икки кун давом этган тадбирда фуқаролик институтларини шакллантириш бўйича Ўзбекистонда тўпланган ва халқнинг кўп асрлик анъаналари, мустақиллик ғоялари билан бойитилган тажриба муфассал ўрганиш ва халқаро майдонда оммалаштиришга лойиқ тажриба сифатида эътироф этилди.
Обсудить новость на Форуме