22:16 25.12.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Мақсад — аёллар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш
2012 йил — Мустаҳкам оила йили
O`zLiDeP «Аёллар қаноти» Президентимиз Ислом Каримовнинг «Бизнинг йўлимиз — демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва модернизация жараёнларини изчил давом эттириш йўлидир» маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурига амалий таклифларни шакллантириш масаласини муҳокама қилди.
Кенгайтирилган йиғилишда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, O`zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари раисларининг аёллар масалалари бўйича ўринбосарлари, бошланғич партия ташкилотлари раҳбарлари иштирок этдилар. Тадбирда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари М.Акрамова сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари маърузасида белгилаб берилган асосий йўналишлар, хусусан, партия электорати ва «Аёллар қаноти» зиммасидаги вазифаларга тўхталди.
— 2012 йилнинг «Мустаҳкам оила йили», деб эълон қилингани, табиийки, бизга, биз қатори мамлакатимиздаги барча аёлларга кўрсатилган юксак ҳурмат ва ғамҳўрликнинг ёрқин ифодасидир, — деди М.Акрамова. — Зеро, Юртбошимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида таъкидлаганидек, «Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки, инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади». Биз ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, Президентимиз маърузасининг мазмун моҳиятини партия аъзолари бўлган хотин-қизларга етказиш, билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида ўз таклифларимизни O`zLiDePнинг 2012 йилга мўлжалланган иш режаси ҳамда «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурига тақдим этишимиз лозим.
Шу ўринда, тадбир иштирокчилари «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили»да аёлларнинг илм-фан ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожига қўшган ҳиссалари, хусусан, фермерлик, ҳунармандчилик, касаначилик, шунингдек, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар учун яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланиш лозимлигига эътибор қаратиб, қабул қилинаётган янги қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда фаол иштирок этиш лозимлигини таъкидладилар. Йиғилишда шунингдек, «Аёллар қаноти» ташаббуси билан ўтказилган уч босқичли «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари» лойиҳасининг натижалари ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Маълумки, ана шу лойиҳа асосида ўтказилган махсус семинарлар якунида 15 нафар аёлга тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилиб, жами 155 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган.
Бундан ташқари, тадбирда давлатимиз раҳбарининг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» мамлакатимизнинг барча жабҳаларида ривожланишнинг янги босқичини бошлаб бериши баробарида партия аъзолари, шу жумладан, «Аёллар қаноти» фаоллари зиммасига ҳам улкан вазифалар юклагани, O`zLiDeP томонидан ўтказилаётган барча тадбирларда ана шу устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда ҳудудларда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда аёллар иштирокини янада оширишга қаратилаётгани таъкидланди.
«Аёллар қаноти» фаолиятига оид сиёсатнинг ўзига хос хусусиятларига тўхталган O`zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Х.Халилованинг айтишича, кейинги йилларда вилоятдаги сиёсий жараёнларда бевосита иштирок этаётган хотин-қизлар сони тобора ортиб бормоқда.
— Айни пайтда вилоятда O`zLiDePга аъзо бўлган сафдошларимизнинг 33 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Қолаверса, шаҳар ва туманларимизда фаолият олиб бораётган 481 та бошланғич партия ташкилотининг 131 тасига аёллар етакчилик қилаётганини алоҳида таъкидлаш мумкин, — деди Х.Халилова. — Юртбошимиз таклифи билан 2012 йилга «Мустаҳкам оила йили» деб ном берилиши эса «оила қўрғонининг ҳам чиройи, ҳам чароғбони бўлган аёл зотининг, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш»га қаратилган ҳаракатлар янада изчил давом эттирилишидан далолатдир. Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ кучли ижтимоий сиёсат юритилиб, аҳолининг барча қатламларини айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза этишга бирламчи эътибор қаратилди. 2012 йилнинг «Мустаҳкам оила йили» деб эълон қилиниши эса азалдан оилани муқаддас, деб билган ўзбек халқининг урф-одатлари, қадриятлари ва, албатта, юксак маънавиятга эга эканининг яна бир ифодаси бўлди.
Бу яна бир бор инсон ва унинг манфаатлари устувор бўлган мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли фаровонлиги, тинчлик ва тотувлик, барқарорлик ва меҳр-мурувватга қаратилаётганидан далолатдир. Бу жараёнда мамлакат сиёсий майдонидаги барча партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳам зиммаларига жуда катта масъулият юклатилаётганини чуқур англаб етишлари зарур. O`zLiDeP «Аёллар қаноти»нинг кенгайтирилган йиғилишида айнан ана шу вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишга келишиб олинди.
Шуҳрат ХЎЖАЕВ
Обсудить новость на Форуме
25 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |