03:00 19.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ ГУРУҲ ИШ БОШЛАДИ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги йиғилишида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун кучга кирганлиги муносабати билан парламент қуйи палатасида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш ва кўриб чиқиш сифатини янада ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Кенгаш аъзолари мазкур қонун сиёсий партиялар фракцияларининг ҳуқуқ ва ваколатларини сезиларли равишда кенгайтиргани баробарида уларнинг роли ва масъулиятини ҳам оширганини алоҳида таъкидладилар. Бу эса, ўз навбатида, парламент қуйи палатасида қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва қабул қилиш тизими янада такомиллаштирилганини англатади. Бошқача айтганда, қонун лойиҳаларини кўриб чиқишга қабул қилишнинг сифат жиҳатдан янги, янада демократик тартиби ўрнатилиб, бу жараённинг барча босқичларида сиёсий партиялар фракциялари иштирокининг процессуал механизми аниқ белгилаб қўйилди. Жумладан, келиб тушган қонун лойиҳаларини тақсимлашга доир жорий этилган механизмга мувофиқ, Қонунчилик палатаси Кенгаши уларнинг дастлабки тарзда кўриб чиқилишига масъул бўлган қўмитани ўз мажлисида бамаслаҳат белгилайди. Қонун лойиҳаси масъул қўмита билан бир вақтда фракцияларга (депутатлар гуруҳига) юборилиб, улар қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини масъул қўмита билан бир хил муддатларда кўриб чиқишга киришмоқдалар. Бунда масъул қўмита фракцияларнинг (депутатлар гуруҳининг) қонун лойиҳасига доир нуқтаи назари ва таклифларисиз қонун лойиҳаси юзасидан хулоса чиқариш ҳуқуқига эга эмас. Янги тартибга кўра, қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатаси мажлисларида қўриб чиқиш пайтида маърузачи фракцияларнинг (депутатлар гуруҳининг) фикрлари ва таклифларини депутатлар эътиборига мажбурий тарзда етказади. Мажлисда ана шундай муҳим вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳузурида қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилаётгани таъкидланди. Қуйи палата девони ходимларидан иборат таркибдаги ушбу гуруҳ зиммасига келиб тушган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини рўйхатдан ўтказиш (ҳисобга олиш), улар ҳақида Кенгаш аъзоларини хабардор қилиш ва ана шу лойиҳаларни кўриб чиқишнинг барча босқичларини кузатиб бориш вазифаси юклатилмоқда. Шу муносабат билан йиғилишда «Киритилаётган қонунлар лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ тўғрисида»ги Низом кўриб чиқилди. Қизғин баҳс-мунозаралар давомида барча фракциялар ва депутатлар гуруҳи вакиллари ушбу ҳужжат юзасидан ўз қарашларини баён этдилар. Хусусан, O’zLiDeP фракциясининг нуқтаи назарича, мазкур Низомнинг бир мунча қисқа кўринишга эга бўлганлиги мақсадга мувофиқдир. Чунки Мувофиқлаштирувчи гуруҳ олдида турган вазифалар ва унинг ўз фаолиятида эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар қонунда тўлиқ акс эттирилгани учун уларни қонуности ҳужжатида яна такрорлашга зарурат йўқ. Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг сиёсийлашмаган тузилма тарзида ташкил этилиши, унинг ходимлари ҳеч қайси фракцияга дахлдор эмаслиги ниҳоятда муҳим ҳолат. Бу эса, O’zLiDeP фракциясининг фикрича, қонун лойиҳаларини тақсимлаш ва тайёрлаш жараёнида холислик ва бетарафликни таъминлашга хизмат қилади. – Лекин Низомнинг Мувофиқлаштирувчи гуруҳ вазифалари, функциялари ва ҳуқуқларига бағишланган қисмини янада аниқлаштириш талаб этилади, – дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Собир Жабборов. – Токи, бу гуруҳ ишида Қонунчилик палатаси девонининг бошқа бўлимлари ҳамда қўмиталар фаолиятининг айрим жиҳатларини такрорловчи ҳолатлар келиб чиқмасин. Демак, Низомда белгиланаётган қоидаларни яна бир бор таҳлил қилиш фойдадан холи бўлмайди. Шу нуқтаи назардан фракциямиз бу борадаги таклиф ва мулоҳазаларни ёзма равишда тақдим қилганини маълум қилмоқчимиз. Йиғилиш иштирокчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолиятни мувофиқлаштиришни таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини кўриб чиқиб, уни қабул қилдилар. Шунингдек, билдирилган таклифлар инобатга олиниб, «Киритилаётган қонунлар лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ тўғрисида»ги Низом ва мазкур гуруҳ таркиби ҳам тасдиқланди.
"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 16 май, 19 (495)-сон
Обсудить новость на Форуме