23:15 10.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МУВАФФАҚИЯТЛИ БИЗНЕС ФОРМУЛАСИ
Тошкент автомобиль-йўллар институтида О‘zLiDeP Тошкент шаҳар ва Миробод туман кенгашлари “Ёшлар қаноти” томонидан “Мувафаққиятли бизнес формуласи” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ёш тадбиркорларга ўз бизнесини муваффақиятли ташкил қилган ҳамкасблари тажрибасини етказиш, шунингдек, уларни тадбиркорлик соҳасига оид янги қабул қилинган қонунлар, Президент фармонлари ва қарорлари билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди. Тадбирда Президентимиз И.Каримовнинг “Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига тўхтаб ўтилди. Шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган солиқ сиёсатининг тадбиркорлар учун яратилган имкониятлари мавзуида маърузалар тингланди. - Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, уларнинг бизнесга қизиқишини ҳамда иқтисодий, сиёсий билим ва кўникмаларини янада ошириш, ёшлар томонидан яратилаётган инновацион лойиҳаларни хусусий сектор фаолиятига кенг жалб қилиш партиямиз олдига қўйган муҳим вазифалардан биридир, - дейди давра суҳбатида сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати О. Аширов. – Шунинг учун тадбирларимизда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни барқарор ривожлантиришда банк-молия муассасалари томонидан амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар, тадбиркорлик лойиҳаларини банклар орқали молиялаштиришнинг ҳуқуқий асослари ҳамда кредитларни расмийлаштириш жараёнлари ва шарт-шароитлари ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумотлар беришга ҳаракат қиляпмиз. О‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенсгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Мастура Ҳайитова тадбирда мутахассисларнинг кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик ва бошланғич сармояларни шакллантиришга кредитлар ажратиш қоидалари ва амалиёти каби мавзулардаги чиқишлари ёшларда катта қизиқиш уйғотганини билдирди. “Табиийки, яхши мутахассислардан йўл-йўриқ ва тавсиялар олган битирувчилар бизнеснинг бошланғич босқичида учрайдиган баъзи бир муаммоларни ечишда ўзларига керакли билимга эга бўлади”, - деди у. Баҳс-мунозарага бой тарзда ўтган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, ёш тадбиркорлар, талабалар иштирок этди.
О‘zLiDeP Тошкент шаҳар КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме