20:46 24.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МУСТАҚИЛЛИК БУ, ЭНГ АВВАЛО, ҲУҚУҚ ДЕМАКДИР
O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қароридан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия электорати бўлмиш тадбиркор ва ишбилармонлар, O`zLiDePнинг ҳамкор ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда давлатимиз раҳбари қарори ҳар бир фуқаронинг либерал-демократик ислоҳотлар моҳиятини янада чуқурроқ англашларига, мустақиллигимизнинг биринчи кунларидан бошлаб белгилаб олинган «Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун» деган олижаноб даъватнинг юртдошларимизни демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида сафарбар этгани, пировардида эса Ватанимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши учун мустаҳкам асос бўлгани эътироф этилди.
— Юртбошимиз қарорида белгилаб берилган устувор йўналишлар, энг аввало, фуқаролик жамиятининг асоси бўлган сиёсий партиялардан истиқлол ғояси тарғиботини кучайтириш, энг чекка ҳудудларда ҳам «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон» шиорининг туб мазмун-моҳиятини қиёсий мисоллар асосида очиб беришда фаол иштирок этишни тақозо этади, — деди йиғилишда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоев. — Айниқса, она Ватанимизнинг ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўли — «ўзбек модели»нинг юртдошларимиз учун ҳал қилувчи бир пайтда энг тўғри ва энг оқилона йўл сифатида танлаб олинганини янги авлод вакилларига, партия электоратининг ёш авлодига етказиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимизга айланиши лозим. Зеро, Ўзбекистон ниҳоятда қисқа бир даврда бугунги беқиёс натижаларга, мусаффо осмон, тинч ва осуда ҳаёт, барқарор иқтисодиёт ҳамда халқаро эътирофга ўз-ўзидан эришгани йўқ. Биз бунга, энг аввало, истиқлол берган эркинлик ҳуқуқи асосида эришдик.
Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O`zLiDeP фракцияси раҳбари Б.Якубов Президентимиз қарорининг мазмун-моҳиятини, аввало, ҳар бир партия аъзоси чуқур англаб етиши, қарор ижросини таъминлашда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлар барча имкониятлардан самарали фойдаланишлари лозимлигига эътибор қаратди.
— Юртбошимиз қарорида илгари сурилган «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон» шиори барча юртдошларимиз қатори юртимиз тинчлиги, барқарорлигидан энг кўп манфаатдор бўлган мулкдорлар томонидан жуда катта кўтаринкилик билан кутиб олинди, — деди Б.Якубов
O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Қ.Назаров эса бутун дунёда эътироф этилаётган «ўзбек модели» Юртбошимиз томонидан миллий тараққиётимизнинг тарихий ва замонавий жиҳатлари, умумбашарий ва минтақавий хусусиятлари, халқимизнинг бугуни ва келажагини кўзлаб яратилган барқарор тараққиёт назарияси сифатида илгари сурилганини таъкидлади.
— Мазкур қарор, шубҳасиз, юртимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этиш, мамлакатимизни энг ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш стратегиясининг мазмун-моҳиятини, унинг тадрижийлиги ва босқичма-босқичлиги, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигига асослангани, бу жараёнда халқ менталитети ва мавжуд шарт-шароитлар ҳисобга олингани, ислоҳотларнинг инсон манфаати ва ҳуқуқи, унинг жисмоний ва маънавий юксалиши, жамиятдаги барча аҳоли қатлами эҳтиёжлари ва халқ фаровонлиги ғоясига хизмат қилишининг нозик жиҳатларини янада кенгроқ очиб беришга хизмат қиладиган навбатдаги тарихий ҳужжат бўлди, — деди у.
Йиғилишда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Н.Алимов, А.Жўрабоев, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати раҳбари Ф.Хотамов, Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари А.Алимов, «XXI asr» газетаси бош муҳаррири М.Абдураҳмонов сўзга чиқиб, энг улуғ ва энг азиз байрамга муносиб тайёргарлик кўриш, бу жараёнга барча бўғиндаги партия аъзоларини кенг жалб этиш, хусусан, партиявий лойиҳалардан, ОАВ имкониятларидан кенг фойдаланиш юзасидан ўзларининг таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 20 июнь, 25 (501)-сон
Обсудить новость на Форуме