21:30 13.05.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

МУСАФФО ОСМОН ВА ХАЛҚИМИЗ АҲИЛЛИГИ – КЕЛАЖАГИМИЗНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

 Барно АБДУЛЛАЕВА,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
Ҳар йили давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 9 май куни Ўзбекистонда «Хотира ва қадрлаш куни» умумхалқ байрами сифатида нишонланади. Бу байрам «Инсон хотираси муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мўътабардир», деган инсонпарварлик тамойили билан йўғрилган. Шу куни бутун халқимиз бугунги тинч ҳаётимиз йўлида жанг майдонларида қурбон бўлганлар хотирасига ўз ҳурматини изҳор этади.
Ўзбекистон халқи фашизм устидан қозонилган ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганини улкан ғурур билан таъкидлаш лозим. Ўзбекистонда ўша вақтда яшаган аҳолининг қарийб учдан бир қисми қўлда қурол билан омонсиз жангларда иштирок этди. Бу даҳшатли урушда ярим миллионга яқин юртдошимиз ҳалок бўлди, қанча одам бедарак кетди, кўплаб ватандошларимиз майиб-мажруҳ бўлиб қайтди. Бугунги ёш авлод уруш йилларининг оғир қийинчиликларига мардона бардош бериб, фронт ортида меҳнат қилган, уруш туфайли Ўзбекистонга кўчирилган қанча-қанча одамларга, ота-онасидан айрилган минглаб етимларга бошпана берган, ҳатто охирги нонини ҳам улар билан баҳам кўрган халқимизнинг фидойилиги, бағрикенглиги ҳақида чексиз ғурур ҳис этади. Халқимизнинг одамийлик фазилатлари, меҳр-оқибати, мардлиги ва олижаноблиги айни мана шундай унутилмас воқеаларда, тарихий мисолларда яққол намоён бўлади. Шунинг учун, Президентимизнинг пойтахтимиздаги Хотира майдонида айтган «Буни ҳеч ким ва ҳеч қачон эсдан чиқармаслиги даркор», деган сўзлари барчамизнинг, депутатлар, фаоллар, O‘zLiDePнинг оддий аъзолари қалбида чуқур таассурот қолдирди.
Шу муносабат билан, бутун партиямиз, электоратимиз номидан урушда қатнашган барча нуроний отахон ва онахонларимизга, шу билан бирга, фронт ортида меҳнат қилиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизга чин қалбимиздан ҳурматимизни билдириб, уларга бардамлик, узоқ умр, бахтли ҳаёт тилаймиз. O‘zLiDeP ҳаётимизга, хонадонларимизга файз ва барака берадиган фахрийларимизнинг кўнглини кўтариш, уларнинг ҳаётини узайтиришга, умрини мазмунли қилишга қўлимиздан келганча ҳисса қўшиш, уларга ғамхўрлик ва меҳрибонлик кўрсатиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг инсоний бурчидир, деб билади.
Биз, бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синов ва машаққатлар эвазига эришилганини жуда яхши ҳис этамиз, бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини теранроқ англаймиз. 9 майнинг «Хотира ва қадрлаш куни» деб эълон қилиниши нақадар тўғри қарор бўлганини ҳаётнинг ўзи яна бир бор тасдиқлаб бермоқда.

Равшан ФОЗИЛОВ,O‘zLiDePнинг Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари
Хотира ва қадрлаш кунида ҳар биримиз бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз, фаровонлигимиз учун, эртанги кунимизга тўла ишонч бўлиши учун жон фидо этган инсонларни ёдга оламиз. Барчамиз бу урушдан сўнг бугунги кунгача тинчлик ҳукм сураётгани учун ҳурмат-эҳтиром рамзи ўлароқ улар қаршисида бош эгамиз. 9 май куни Ислом Каримов ҳақли равишда таъкидлаганидек: “Бу кун муқаддас кун, у инсонлар ёдида абадий қолади, бу кун бутун инсоният учун фашизм устидан ғалаба қозонилган ва инсониятни зимистондан, фашизм ўзида жо этган офатлардан халос этган буюк кун ҳисобланади”.
Шу билан бирга, O‘zLiDeP ишонадики, бу омиллар Ўзбекистонда инсонлар тинчлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликда яшаши учун алоҳида масъулият юклайди. Узоқни кўзлаб, ҳаётнинг ўзи ўртага қўяётган талабларни инобатга олиб, одамийлик, инсонпарварлик фазилатларини улуғлаш, умуман, Ватан учун, элу юрт учун хизмат қилган инсонларнинг номларини сақлаш, инсон хотирасини эъзозлаш йўлида қилинган савобли ишларни давом эттириш ҳар доим диққат марказида туриши лозим.
Бу фақат баландпарвоз шиор эмас, балки ҳар биримизнинг келажакка, мусаффо осмон ва бахтли ҳаётга ишончимизнинг инъикосидир. Булар тинчликка интилишларимиз пойдеворидир. Ислом Каримов алоҳида таъкидлаганидек, “Уруш ҳеч қачон қайтмаслиги керак, чунки уруш ҳеч кимга керак эмас, уруш – бу қирғин, уруш – бу офат, уруш – бу етим-есирлар, уруш – бу майиб-мажруҳ бўлган одамлар, уруш – бу инсонларга яшашга халақит берадиган офатдир ва улар қолган бутун умри давомида бу қайғуни кўтариб юради”.
Буларнинг барчаси шу каби фожеа ва офатларнинг олдини олиш, уруш такрорланмаслиги учун доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишга чақириқ ҳамдир. Бу Ўзбекистондаги тинч ҳаётни кўз қорачиғидек асраш, тинчлик ва осойишта ҳаёт учун доимо курашишга чақириқдир.
O‘zLiDeP мамлакатни демократлаштириш ва либераллаштириш, халқнинг турмуш сифатини юксалтириш натижасида одамларимиз, уларнинг дунёқараши, онгу тафаккури, сиёсий ва ижтимоий фаоллиги, ҳаётнинг маъносига қараши сезиларли ўзгараётганига қатъий ишонади. Лекин шу билан бирга, биз ўз ўтмишимизни, кимларнинг авлодлари эканимизни унутмаётган юксак ғурурли, шон-шавкатли ва қадр-қимматли халқ бўлиб қолаётганимиз жуда муҳим ҳисобланади.

Шу боис, Ўзбекистоннинг ҳеч кимдан ҳеч қачон кам бўлмаган, халқимизни ҳар қандай таҳдид ва таҳликалардан ҳимоя қилишга тайёр ёшлари буюк келажакка ва улуғвор мақсадларимизга етишишнинг асосий омили ва гаровидир, деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистон бугунги кунда жаҳондаги камдан-кам давлатлар қаторида юксак, барқарор суръатлар билан ўсиб, одамларнинг кундалик турмуши, ҳаёти ҳар томонлама обод ва фаровон бўлиб бормоқда. O‘zLiDeP халқимиз барчани ҳайратда қолдирадиган марраларни қўлга киритмоқда ва эртанги кунга катта ишонч билан яшамоқда, деб ишонади. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме