22:16 26.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

МУНОСИБЛАР ТАНЛОВ ҒОЛИБИ БЎЛДИ

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши “Ёшлар қаноти” “Парламентда менинг ўрним” лойиҳаси доирасидаги “Агар мен депутат бўлсам” кўрик танловининг Тошкент шаҳар босқичини ўтказди. 

- Замонавий фикрлай оладиган, билимли, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга қодир баркамол авлодни тарбиялаш, уларда тадбиркорлик маданиятини шакллантириш партиянинг устувор вазифаларидан биридир, - деди тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Аширов. - “Ёшлар қаноти” томонидан анъанавий равишда ташкил этиб келинаётган “Диплом билан бизнесга”, “Ишбилармон талаба”, “Парламентда менинг ўрним” каби лойиҳаларга пойтахт ёшларининг қизиқишлари кун сайин ортиб бормоқда. 

Ҳақиқатан ҳам партиявий лойиҳаларда иштирок этаётганлар сони йил сайин ортаётир. Масалан, 2012 йилда “Мен депутат бўлсам” танловида 60 киши иштирок этган бўлса, жорий йилда туман босқичларида  100 га яқин йигит-қиз қатнашди. 

Ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Ойгул Сатторова ҳам шу жиҳатга эътибор қаратар экан, бу йилги номзодлар билим ва фаоллик борасида бир-биридан сира қолишмаганини қўшимча қилди. 

“Шунинг учун ғолибларни аниқлаш бир қадар қийин кечди. Зеро, уларнинг аксарияти бу танловга жуда яхши тайёргарлик кўрган зукко, билимли ва ташаббускор ёшлар эди. Бу эса мамлакатимиз келажаги ишончли қўлларда эканидан далолат беради”, - деди О.Сатторова.      

Танловнинг шаҳар босқичи якунларига кўра, 1-ўрин “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази етакчи мутахассиси Бахтиёр Ғуломовга, 2-ўрин Тошкент автомобиль-йўллар институти автомобиль транспорти эксплуатацияси факультети иш юритувчиси Муҳаммадазиз Отажоновга, 3-ўрин Ўзбекистон Миллий университети ҳуқуқшунослик факультети 4-курс талабаси Малоҳат Мансуровага насиб этди. 

- Мен танловнинг бу босқичида 2009 йилда ўтказилган сайловда иштирок этган номзодларнинг ва ҳозир Қонунчилик палатаси аъзолари бўлган депутатларнинг сайловолди дастурлари, шунингдек, партиямизнинг сайловолди платформаси билан яқиндан танишиб чиқдим, - дейди танлов ғолиби  Б.Ғуломов. - Ғолиб бўлишимга ишонмаган эдим. Лекин меҳнатларим самара берди. Энди танловнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан.  

“Парламентда менинг ўрним” лойиҳаси ҳар бир ҳудуднинг чора-тадбирлар режасига мувофиқ апрель-декабрь ойлари давомида давра суҳбати, семинар-тренинг, анжуман ва кенгайтирилган йиғилиш, депутатлар билан учрашувлар ҳамда “Агар мен депутат бўлсам” кўрик танлови шаклида амалга оширилади. 2013 йилда мазкур лойиҳа 17 мингдан ортиқ ёшларни қамраб олиши режалаштирилган.  
Мастура ҲАИТОВА, O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме