23:15 17.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МУЛКДОРЛАРГА ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТЛАР
Партиявий лойиҳа |
---|
Наманган вилоятида партиянинг “Мулкдор оила” лойиҳасига бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жумладан, ўтган йили “Мулкдор оила” лойиҳаси иштирокчиларининг 14 таси бизнес режа бўйича жами 394 миллион сўм кредит олиб, 64 та қўшимча иш ўрни яратишга эришди.
Бу йил ҳам ушбу лойиҳани ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилди. Вилоятнинг барча туманларида лойиҳа доирасида давра суҳбати, семинар ва учрашувлар ўтказилди.
Бу тадбирларда жами 800 дан ортиқ фуқаро иштирок этди. Улардан 198 нафари лойиҳанинг саралаш босқичларида бевосита ўз бизнес режалари билан қатнашди. Саралаш босқичлари якунига кўра эса 79 иштирокчи вилоят босқичига йўлланма олди.
Айтиш жоизки, вилоят босқичига йўлланма олганларнинг 21 нафари чорвачилик, 7 нафари паррандачилик, 1 нафари балиқчилик, 3 нафари асаларичилик, 1 нафари боғдорчилик, 5 нафари қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, 5 нафари нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 7 нафари савдо ва маиший ҳизмат, 25 нафари тикувчилик ва ип йигириш, 2 нафари уй жиҳозлари ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 2 нафари автотеххизмат, 2 нафари қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ўз бизнес режалари билан иштирок этди.
– “Мулкдор оила” лойиҳаси шахсий деҳқон хўжаликларини ривожлантиришга, оилавий бизнес билан шуғулланаётган тадбиркорлар сафини янада кенгайтиришга, уларга имтиёзли кредитлар бериш механизмини такомиллаштиришга, қишлоққа саноатни олиб кириш, илғор тажриба ва инновацияларни, замонавий агротехник тадбирларни қўллаш, табиий ва муқобил энергия манбаларидан хусусий иш юритишда кенг фойдаланишга қаратилган, – дейди партия вилоят Кенгаши Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш бўлими мудири Илҳомжон Мирзаев. – Лойиҳа иштирокчилари вилоятда тадбиркорликни ривожлантиришга, ялпи ҳудудий маҳсулотларда кичик бизнес, хусусан, оилавий корхоналар ҳиссасини кўпайтиришга, янги иш ўринлари яратишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади, деган умиддамиз.
Наманган туманининг Боғишамол қишлоғилик Зебохон Алиева лойиҳа доирасида ўтказилган барча семинарларда фаол иштирок этганлардан бири.
“Бугунги ўқув семинари ҳам биз учун жуда фойдали бўлди. Тадбиркорликка оид кўплаб қонунлар билан танишдик. Мутахассисларнинг кўмаги билан бизнес режаларини қандай қилиб мукаммал тузишни ва бошқа кўп нарсаларни ўргандик. Ҳозир якка тартибдаги тадбиркорман. Тикувчилик билан шуғулланаман. Семинар давомида олган билимларимдан фойдаланиб иш фаолиятимни оилавий корхона кўринишида давом эттирмоқчиман”, – деди З.Алиева.
Ўқув семинарига соҳа мутахассислари, олимлар ҳамда амалий бизнес тажрибасига эга бўлган тадбиркор ва фермерлар жалб этилди. Улар бошловчи тадбиркорларга ўз тажрибалари асосида маърузалар қилди.
Семинар якунида ҳар бир иштирокчи ўз бизнес режаси тақдимотини ўтказди. Ғолиб топилган бизнес лойиҳа эгаларига тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Комилжон ФАЙЗИЕВ,O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши Матбуот хизмати ходими
Обсудить новость на Форуме