23:15 17.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МУЛКДОРЛАР СОНИ ОРТМОҚДА
Шу кунларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида “Мулкдор оила-2013” лойиҳасининг вилоят босқичлари бўлиб ўтмоқда.
Лойиҳанинг Гулистонда бўлиб ўтган Сирдарё вилояти босқичида 95 нафар иштирокчи қатнашди. Улар шаҳар-туман босқичларида ўз кучини синаб кўрган 145 нафар қатнашчи орасидан саралаб олинди.
Лойиҳа доирасидаги семинар янги ўқув технологияларидан фойдаланилган ҳолда маъруза, сўровнома, баҳс-мунозара шаклида ўтказилди. Семинарда иштирокчиларга мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини банклар орқали молиялаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, кредитларни расмийлаштириш жараёнлари ва шарт-шароитлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, улар оилавий тадбиркорликнинг ташкилий ва ҳуқуқий асослари, деҳқон хўжалигига асосланган оилавий бизнесни ташкил этиш кабилар ҳақида ҳам тушунчаларга эга бўлди.
- “Мулкдор оила-2013” лойиҳасида иштирок этганимдан хурсандман, - дейди Гулистон туманилик партия аъзоси Маъруф Файзуллаев. - Аввало, ўз бизнес режамни тажрибали мутахасссислар ёрдамида янада аниқ ва пухта шаклга келтириб олдим. Қолаверса, паррандачилик йўналишидаги бу ишим учун 5 миллион сўм кредит олиш имкониятига эга бўлдим.
Янгиерлик Маҳбуба Қудратованинг бизнес режаси эса чорвачилик билан боғлиқ. У 3,9 миллион сўм кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификат билан тақдирланди.
“Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш ниятим бўлса-да, банклардан кредит олиш, гаров, кафолат хати каби ҳужжатларни расмийлаштириш борасида етарли ҳуқуқий билим йўқ эди. Шу маънода, лойиҳанинг туман ва вилоят босқичларидаги иштироким жуда катта фойда бўлди. Бунинг учун O‘zLiDePдан миннатдорман”, - дейди Маҳбуба Қудратова.
Сирдарё вилояти босқичи иштирокчиларининг аксарияти “Мулкдор оила” лойиҳаси ўзларининг бизнес тўғрисидаги тасаввурларини янада бойитганини эътироф этиб, бундан кейин ҳам партия лойиҳаларида фаол қатнашиш истагини билдирди.
Феруза УМАРОВА,O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме