16:30 02.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МУЛК МАСАЛАСИ O`zLiDeP УЧУН ЭНГ УСТУВОР МАСАЛА
O`zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» талаблари асосида тайёрланган «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
– Ислоҳотларнинг бугунги босқичида хусусий мулк институтини янада мустаҳкамлаш ва иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини ошириш баробарида давлат мулкини бошқаришнинг самарали тизимини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Муҳаммаджон Турсунов. – Янги қонун лойиҳасидан кўзда тутилган асосий мақсад давлат мулкини мамлакатимиз ҳамда хорижий давлатларда ҳам самарали бошқаришга йўналтирилган қонунчиликни янада мустаҳкамлашдан иборатдир.
Зеро, «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва унинг негизида давлат мулкини бошқаришни стратегик ва тактик режалаштириш бўйича ўрта муддатли концептуал ҳужжатларнинг қабул қилиниши бу борадаги муҳим қадам ҳисобланади.
Айни пайтда мулкий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик, Ер, Солиқ, Уй-жой Кодекслари, «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида», «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида», «Ижара тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа ҳужжатлар билан тартибга солиняпти. Лекин мулкий муносабатларни тартибга солувчи қонунлар соҳани тартибга солишнинг барча жиҳатларини тўла қамраб олмагани ва уларда ҳар доим ҳам бир хил ёндашув мавжуд эмаслигини таъкидлаш жоиз.
Фракция аъзоларининг фикрича, амалдаги қонун ҳужжатларига кўра давлат мулки ижтимоий эҳтиёжларни таъминлашга йўналтирилган оммавий мулк сифатида таърифланган бўлиб, унинг сақланишини кафолатловчи, самарали бошқарилиши ва тасарруф этилишининг, шунингдек, хусусий мулкни давлат томонидан харид қилиш шартларини тартибга солувчи аниқ ва ягона меъёр белгиланмаган. Яъни, давлат мулкини бошқаришда бир қатор масалалар пайдо бўлмоқдаки, уларни бартараф этиш учун амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш талаб этиляпти.
– Мулкни самарали бошқариш тизимини ривожлантиришга йўналтирилган қонунни қабул қилиш зарурати иқтисодиётимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, шунингдек, соҳага оид қонунчиликни янада мустаҳкамлаш билан боғлиқдир, – дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Насимжон Алимов. – Масалан, бу борадаги қонунчилик нормаларининг мукаммал эмаслиги, уларда белгиланган ваколатлар ва жавобгарликнинг ноаниқ тақсимоти бир қатор салбий оқибатларга олиб келмоқда. Жумладан, давлат мулкини бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсади, вазифаси ва принципларнинг самарадорлигини баҳолашнинг аниқ кўрсаткичлари яхлит қонунчилик ҳужжатида акс эттирилмаганини айтиб ўтиш мумкин. Шунинг учун ҳам мазкур қонун лойиҳаси тайёрланди.
Ушбу қонун давлат мулки, унга бўлган ҳуқуқларни харид қилиб олинган вақтдан бошлаб, уларнинг тугатилганига қадар бошқариш тизимини мукаммаллаштиришга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Зеро, унда давлат мулкини бошқарувчи органлар ваколатини чегаралаш ва давлат мулкини бошқариш соҳасидаги сиёсат учун жавобгарликни ошириш ҳам назарда тутилган. Демак, ушбу қонуннинг қабул қилиниши давлат мулкини бошқаришнинг асосий механизмларини яхлит қонун даражасида мустаҳкамлашга замин яратади.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида ривожланган мамлакатларнинг соҳага оид қонунлари таҳлилий-танқидий жиҳатдан ўрганилганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Унинг қабул қилиниши давлат даромадларини камайтириш ёки харажатларини кўпайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларига ўзгартишлар киритишни талаб этмайди.
Фракция йиғилишида O`zLiDeP электоратининг ҳуқуқ ва манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда бир қатор бошқа қонун лойиҳалари муҳокама қилинди ва бу бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Озод РАЖАБОВ,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 27 март, 12 (540)-сон
Обсудить новость на Форуме