04:30 05.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

МУКАММАЛ БИЛИШ ВА ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ ДАВР ТАЛАБИГА АЙЛАНДИ

О‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоятнинг туман ҳамда шаҳар кенгашларида “Ишбилармон талаба” стипендияси учун  республика кўрик танловининг саралаш босқичлари ўтказилди.  

Булунғур туманидаги қишлоқ хўжалик коллежида ҳам танловнинг туман босқичи бўлиб ўтди. У тумандаги барча академик лицей, касб-ҳунар таълими муассасаларини қамраб олди. 

– Кўрик танлов ёшларнинг тадбиркорликка қизиқишини кучайтириш, бу борадаги интилиш ва ташаббусларини  қўллаб-қувватлаш, сиёсий ва ижтимоий фаол иқтидорли талабаларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилмоқда, – дейди О‘zLiDeP Булунғур тумани Кенгаши раиси Х.Эранов. – Қолаверса, кейинчалик бу талабалар тенгдошлари учун ҳам намуна бўлади. Зеро, бугун тадбиркор ёки тижоратчи бўлиш истаги бўлмаган ёшларни учратмаслик мушкул. Фермерлик ҳаракати, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик соҳаларида ёшларнинг иштироки кўпайиб бораётгани мамлакатимиз ёшларининг жамият тараққиётида қандай кучга эга экани ва нималарга қодирлигини кўрсатиб бермоқда. 

Булунғур қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг 2-босқич талабаси З.Сатторова танловда миллий ҳунармандчиликнинг миллий қуроқчилик соҳасидаги амалий ишланмалари ва ушбу соҳани келажакда ривожлантириш мақсадида ишлаб чиққан инновацион лойиҳаси билан қатнашди. 

– О‘zLiDePнинг ёшлар манфаатларига хизмат қилаётган бу каби лойиҳалари мен каби талабаларни ҳар соҳада фаол бўлишга ундайди, – дейди З.Сатторова. – Мен ўз келажагимни О‘zLiDeP билан ҳамоҳанг тасаввур этаман, чунки партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари билан танишман. Айниқса, О‘zLiDeP Дастурида партия тадбиркорлар эркинликларини таъминлаш учун иқтисодий, ташкилий, ҳуқуқий шароит ва кафолатлар яратилиши, мазкур қатлам фаолиятининг ҳар томонлама рағбатлантирилиши, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий мустақил бўлиши, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришдаги мавжуд тўсиқларнинг бартараф этилиши тарафдори экани белгилангани бизга янада ишонч бағишлайди.

“Ишбилармон талаба” кўрик танлови Самарқанд туманида ҳам ташкил этилди. Унда тумандаги тумандаги касб-ҳунар коллежларининг 36 нафар иқтидорли талабаси иштирок этди. 

Самарқанд имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус касб-ҳунар коллежи 1-босқич талабаси М.Абдусатторовнинг кўрик танловдаги иштироки кўпчиликнинг эътиборини тортди. М.Абдусатторов коллежнинг пойабзал тайёрлаш ва таъмирлаш йўналишида таҳсил олмоқда. Соҳа мутахассислари унинг танловга тақдим этган ишини юқори баҳолади.  Ҳакамлар ҳайъати қарори билан у кўрик танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди.

-  Ҳозир коллежимизда пойабзал ишлаб чиқарадиган кичик цех фаолият кўрсатмоқда, мен ана шу цехда ишлайман, – дейди М.Абдусатторов. –  Келгусида ўзим ҳам шундай цех очишни режалаштиряпман. “Ишбилармон талаба” лойиҳасида иштирок этиб, ўзим учун қимматли маълумотларни олдим.

Ўтган давр мобайнида лойиҳада Самарқанд вилоятидан 3000 дан ортиқ талаба иштирок этиб, уларнинг кўпчилиги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга ҳам муваффақ бўлди. 4 талаба учун эса “Ишбилармон талаба” стипендияси ажратилган. 

Айтиш мумкинки, ёшларнинг  мамлакатимиз келажаги йўлидаги интилиши, изланишлари, жамоат ишларидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган кўрик танловга қизиқувчи ёшлар сони вилоятда тобора ортиб бормоқда.

Сардор ЛУҚМОНОВ,О‘zLiDeP Самарқанд вилоят КенгашиЁшлар билан ишлаш бўлими мудири 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме