16:01 13.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

МУҲОКАМАЛАР ЭНДИ СЕССИЯДА ДАВОМ ЭТТИРИЛАДИ

 Халқ депутатлари Мирзачўл туман кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг ижроси юзасидан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Бобобековнинг ҳисоботи эшитилди. Маълумки, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб қишлоқ хўжалигига бозор муносабатларини жорий этиш ва хусусий мулкчиликни ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, соҳани такомиллаштиришга оид бир қатор қонунларнинг қабул қилиниши фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий мустақиллигини мустаҳкамлаш, қишлоқда етакчи кучга айланиб улгурган қишлоқ мулкдорларига хизмат кўрсатувчи замонавий инфратузилмани шакллантириш имконини берди.  Ер, сув ва моддий-техника ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажмини муттасил ошириб бориш, самарадорлик ва рентабеллик ўсишини таъминлаш, фермер хўжаликларининг ер майдонларини мақбуллаштириш жараёнида ана шу қонунларнинг талаб даражасида ижроси таъминланаётгани муҳим аҳамиятга эга, албатта.  – Қишлоқ хўжалиги экинларига мўлжалланган майдонларнинг фермерларга узоқ муддатли ижара мулки сифатида берилиши соҳадаги муваффақиятларнинг энг муҳим омилига айланди, – дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Х.Қобилова. – Натижада нафақат ерга ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга нисбатан ҳақиқий эгалик туйғуси шаклланди, балки қишлоқ аҳолисининг турмуш сифатини ошириш масъулияти ҳам кучайди. Хўш, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонун Мирзачўлда қандай ижро этилаяпти? Халқ депутатлари туман кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида айнан ана шу саволга жавоб изланди. Маълумки, 2004 йилнинг 26 августида янги таҳрирда қабул қилинган мазкур қонун фермер хўжаликларининг ташкил этилиши, фаолияти ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади. Хусусан, ушбу қонуннинг 3-моддасига биноан фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи, мустақил хўжалик юритувчи субъект ҳисобланади. Қонуннинг 6-моддасида эса фермер хўжаликларини ташкил этиш тартиблари аниқ кўрсатиб берилган. – Ҳозир туманимизда жами 388 та фермер хўжалиги бўлса, шундан 364 таси пахта-ғалла, 14 таси чорва, 22 таси боғдорчилик ва 9 таси бошқа йўналишларга ихтисослашган, – дейди Мирзачўл туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Бобобеков. – Қонун талаблари асосида уларга бириктирилган 13,7 минг гектарлик пахта ва 14,8 минг гектарлик ғалла майдонидан жорий йилда тегишли равишда 32,6 минг ҳамда 37,3 минг тонналик хирмон кўтариш режалаштирилган. Бундан ташқари кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш тажрибасидан фойдаланган ҳолда 7 та сервис хизмати шохобчасини очиш мўлжалланмоқда. Ана шундай сервис турларидан бири сифатида биолабораторияларнинг ташкил қилиниши туфайли йилига ўртача 50 та фермернинг жами 4 минг гектар ер майдонига хизмат кўрсатиш ва 20 миллион сўм атрофида даромад олиш имконияти яратилди. Чиндан ҳам бугун мирзачўллик фермерларнинг фаолият доираси кенгайиб бориши мулкдорлар даромадини кўпайтириш билан бирга, маҳаллий аҳоли учун қўшимча иш ўринлари яратиш имконини ҳам кенгайтираяпти. Мисол учун, «Мақсад-3» фермер хўжалигида 30 миллион сўмлик банк кредити эвазига 6 гектарлик сунъий ҳавзада балиқ етиштириш йўлга қўйилиб, бир нечта янги иш жойи очилди. Бизнес-режага кўра, бу йўналишдан фермер хўжалиги йилига 15 миллион сўмгача даромад олади. «Ўзбекистон Бахмали» фермер хўжалиги ихтиёрида 105 гектар ер бўлиб, унинг 1 гектарида иссиқхона ташкил қилингач, 30 тоннадан ортиқ сабзавот етиштириш учун шароит яратилди. Чорвачиликка ихтисослашган «Давлат» фермер хўжалигида эса сутни қайта ишлаш цехи йўлга қўйилиб, бир кунда 50 литр сутни мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларига арзон нархда етказиб бериш имконияти юзага келди. – Халқимизда «Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур», деган нақл бор, – дейди депутатлик гуруҳи аъзоси А.Алиқулов. – Айтмоқчиманки, қишлоқ хўжалиги ривожини замонавий техникаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўз вақтида унумдор техникалар билан далага берилган ишлов эса мўл ҳосил гаровидир. «Адҳам» фермер хўжалигида эришилаётган ютуқларда ҳам қишлоқ хўжалиги техникаларининг ҳиссаси катта бўлмоқда. 590 гектар майдонда деҳқончилик қилаётган ушбу хўжаликда 13 та замонавий техника бўлиб, шундан 5 таси ҳайдов, 6 таси чопиқ, 2 таси эса ташишга мўлжалланган транспорт воситаларидир. Депутатлик гуруҳи йиғилишида таъкидланганидек, амалга оширилаётган ана шундай ишлар билан бир қаторда, туманда соҳанинг янада жадал ривожига тўсиқ бўлаётган камчилик ва нуқсонлар ҳам сақланиб қолмоқда. Хусусан, контрактация шартномаларининг бажарилиши, фермерлар томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун ўз вақтида ҳисоб-китобни амалга оширишда мутасадди ташкилотлар масъулияти кучайтирилиши лозим. Депутатлар, шунингдек, тайёрлов ва таъминот корхоналари, Фермерлар кенгаши ҳузуридаги юридик хизматлар ишини янада яхшилаш борасида ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар талайгина эканини таъкидладилар.  Шунинг учун ҳам йиғилишда мазкур масалани халқ депутатлари Мирзачўл туман кенгаши сессияси кун тартибига киритиш ҳақида қарор қабул қилинди. Демак, муҳокамалар энди сессияда давом эттирилади.  Озод РАЖАБОВ«XXI asr»

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме