00:15 29.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МУҲИМ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ
O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан кенгашнинг 2013 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2014 йилдаги устувор вазифаларига бағишланган навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, партия фаоллари – тадбиркорлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Ҳисобот даврида асосий эътибор партия электорати бўлган ишбилармон ва тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, иқтисодий-ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий билимларини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш каби устувор вазифаларни амалга ошириш масалаларига қаратилди. Ушбу йўналишда ўтказилган 40 дан зиёд тадбирларда 12 минг нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди. Тадбиркорлардан келиб тушган 89 дан зиёд мурожаат кўриб чиқилди ва 73 таси ижобий ҳал этилиб, 56 нафар тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Қолган мурожаатлар тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юборилди.
Ёшлар ва аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш мақсадида Республика Марказий банки, Савдо-саноат палатаси ва етакчи тижорат банклари билан ҳамкорликда “Диплом билан бизнесга”, “Оилавий тадбиркорликдан мустаҳкам оилага”, “Ишбилармон талаба” каби лойиҳалар доирасида 100 дан зиёд тадбирлар ўтказилиб, уларда 15 мингдан ортиқ иштирокчининг бизнес кўникмалари ва ҳуқуқий маданияти оширилди. Мазкур лойиҳаларда энг фаол иштирок этган ғолиблар тижорат банклари томонидан берилган имтиёзли кредитларни қўлга киритиб, ўз бизнесларини бошлашга муваффақ бўлдилар.
Йиғилишда ўтган йили O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияда белгилаб берилган устувор вазифалар ва “Обод турмуш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида 700 га яқин тадбир ўтказилиб, уларда 60 мингдан зиёд партия фаоллари, электорат ҳамда аҳоли кенг қатламлари вакиллари иштирок этгани таъкидланди.
Шунингдек, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи томонидан 191 та сайловчилар билан учрашувлар ўтказилди. Уларда 21964 нафар сайловчи иштирок этиб, депутатларга фуқаролар томонидан келиб тушган 165 та мурожаатдан 141 таси ижобий ҳал этилди. Депутатлик гуруҳи томонидан 94 та депутатлик сўровлари берилган бўлиб, уларнинг 20 таси қонунлар ва 74 таси ҳукумат қарорлари ижроси бўйича фуқаролар мурожаатларига тегишлидир.
Ютуқлар билан бирга йиғилиш давомида партия туман кенгашлари томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлари таҳлил қилинар экан, баъзи туманларда режадаги ишларни ижросида сусткашликка йўлга қўйилганликлари танқид остига олинди. Масалан, Бектемир, Сергели ва Юнусобод туманларида аҳоли орасида амалга оширилаётган фаолият талаб даражаси эмаслиги таъкидлаб ўтилди. Пойтахт иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кўламини янада ошириш, молиявий-иқтисодий жиҳатдан ночор аҳволга тушиб қолган корхоналарни соғломлаштириш билан боғлиқ ишларга кўмаклашиш учун етарли имкониятлар бўлсада бу масалаларда депутатлар гуруҳи томонидан амалга оширган ишларни талаб даражасида эмаслигига эътибор қаратилди.
Қайд этилган мавжуд салбий ҳолатларни бартараф этиш ва 2014 йил “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасидаги устувор вазифаларни самарали амалга ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Яқинда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши мамлакатимизда партиялараро рақобатни янада кучайтириш, шунингдек уларга қўйиладиган талабларнинг ортишини тақозо этади.
O‘zLiDeP ушбу ўзгартишларни халқимиз, аввало партия электорати томонидан қонунчилик ҳокимиятининг давлат тизими ва сиёсий тузумдаги ролини янада кучайтириш, вакиллик депутатлик органларининг роли ва мавқеини ошириш, уларнинг реал имкониятларини кучайтириш, мамлакатда кучли кўппартиявийлик тизими ҳақиқий фуқаролик жамиятини қуриш борасида ўта муҳим қадам сифатида баҳоланишини алоҳида таъкидлайди.
Шундан келиб чиққан ҳолда партия депутатлик корпуси фаолиятини ва фаол жамоатчилик назоратини янада кучайтириш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоат ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимлар тегишли халқ депутатлари Кенгашларига ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши ва улар юзасидан халқ депутатлари Кенгашлари тегишли қарорлар қабул қилиши кўзда тутилмоқда. Бу эса депутатлик назорати, эшитуви ва сўрови йўналишларидан мукаммал фойдаланган ҳолда аниқ мақсадларга эришиш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришни тақозо этади. Тадбирда 2014 йилда асосий эътиборни бўлажак сайловларга муносиб тайёргарлик кўриш, кенг аҳоли қатламлари, сайловчилар орасига кириб борган ҳолда уларнинг орзу умидларини рўёбга чиқариш, мавжуд долзарб масалаларни ўрганиш ва уларнинг ечими бўйича аниқ мақсадли ишларни амалга ошириш, энг асосийси сайловчиларнинг ишончини қозониш долзарб вазифа эканлиги қайд этилди.
Бошланғич партия ташкилотлари ва партия депутатлик гуруҳларининг ҳамкорлигини кучайтирган ҳолда, туманлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда уларнинг фаоллигини кучайтириш талаб этилади.
Тадбирда шунингдек, ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоялаш, жисмонан ва маънан соғлом, юқори малакали, мамлакатни янада ривожлантириш масъулиятини ўз зиммасига олган ёш мутахассисларни тарбиялашга қаратилган янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме