20:15 04.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МИЛЛАТ САЛОМАТЛИГИ УЧУН КУРАШАМИЗ
O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши “Соғлом оила-мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида “Репродуктив саломатлик ва соғлом оилани шакллантириш” мавзуида давра суҳбати ўтказди.
Тадбирда оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оналик ва болаликни ҳимоялаш, ҳар жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялаш масалаларида сўз борди.
– Давлатимиз томонидан аҳоли саломатлиги йўналишида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда, – деди тадбирда сўзга сиққан Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Араббоева. – O‘zLiDeP, унинг “Аёллар қаноти” ҳам бу борадаги ишларга ўзининг катта ҳиссасини қўшаётгани диққатга сазовор. Айтиш жоизки, O‘zLiDeP Дастурида ҳам “Партия инсон саломатлиги, ҳозирги давр тиббиётининг янги ютуқларига таянган ҳолда дунёда илғор ўринларга интилаётган Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ривожи, оналик ва болаликни ҳимоялаш, умр узоқлигини таъминлаш йўлида курашади”, деб алоҳида белгилаб қўйилган.
Унинг таъкидлашича, партия она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, жисмонан ва маънан баркамол авлодни тарбиялаш, гиёҳвандлик, ОИТС каби турли иллатларга қарши кураш масалаларида жиддий тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширмоқда. O‘zLiDePнинг бу каби ишларни ёшлар, айниқса, талаба ва ўқувчилар ўртасида ўтказишда жиддий эътибор қаратаётгани диққатга сазовордир.
Тадбирда аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли ва мавқеини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, соғлом миллат генофондини асрашга кўмаклашиш, репродуктив саломатлик, вояга етмаган қизлар ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш каби масалалар юзасидан турли фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Вилоят Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Хуршида Халилова партиянинг “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берар экан, ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёнида тўпланган маълумотлар мутахассислар иштирокида таҳлил этилиб, аниқ асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилишини билдирди.
“Бу таклиф ва мулоҳазалар O‘zLiDeP фракцияси орқали тегишли вазирлик ва идораларга етказилади”, – деди Х.Халилов.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар хотин-қизлар ўртасида гиёҳвандлик, алкоголизм, кашандалик каби иллатларнинг олдини олишда оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида тушунтириш ишларини кенг йўлга қўйиш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан экани қайд этилди.
Шу билан бирга, тадбирда партия “Аёллар қаноти”нинг келгусидаги вазифалари белгилаб олинди.
O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме