02:15 31.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МЕҲНАТНИНГ МУНОСИБ ТАҚДИРЛАНИШИ
Аҳам ШОДМОНОВ,Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар вафуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси ўринбосари,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси аъзоси
Мамлакатимизда фуқаролик институтларини шакллантириш ва ривожлантириш демократик ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг миллатлараро, динлараро тотувлик, жамиятдаги барқарорликни таъминлашдаги ролини янада кучайтиришга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Фикримизча, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институтларига бўлган бундай эътибор мамлакатимизда барпо этилаётган фуқаролик жамияти, аввало, ўзини ўзи бошқаришнинг, жойларда аҳолининг энг муҳим муаммоларини самарали ҳал этадиган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимини ривожлантиришнинг таянчи экани билан изоҳланди. Ўзбекистонда фуқаролар ўзини ўзи бошқарувининг қадимий, ноёб ва миллий демократик институти маҳалла ҳисобланади. У фуқаролар ўзини ўзи бошқарувининг ноёб ижтимоий шаклидир.
Мазкур институт шарофати билан аҳоли ўртасидаги ижтимоий ва иқтисодий муносабатларнинг ўзига хос тамойиллари, жамиятдаги қадриятларга ҳурмат, жамият олдида ўз зиммасига олган мажбурият ва масъулиятни сўзсиз бажаришни кафолатловчи ўзаро муносабатлар этикаси шаклланди ва асраб қолинди.
Шунингдек, ушбу институт мисолида мустақиллик йилларидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг “Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамиятига” асосий тамойилининг амалдаги босқичма-босқич амалга оширилишини кўришимиз мумкин. Маҳаллаларни хусусий бизнес, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик, жамоат назоратини кучайтириш, оқсоқоллар ва маслаҳатчилар сайловини ошкоралик, очиқлик ва адолат асосида ташкил этиш марказига айлантиришда муҳим рол ўйнайдиган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди.
Агар мустақилликнинг бошларида бу институт бор-йўғи икки вазифани бажарган бўлса, бугунги кунда маҳаллалар илгари давлат ҳокимиятининг маҳаллий органлари ваколатига кирган ижтимоий-иқтисодий хусусиятли 30 дан ортиқ вазифани адо этмоқда. Ҳозирги кунга келиб маҳалла жамият ўзини ўзи бошқарувининг қудратли яратувчанлик салоҳиятига эга бўлган бирламчи бўғинига айланди.
Шу боис, фракциямиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизимининг бир гуруҳ ходимларини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кичик, оилавий корхоналар ва касаначиликни ривожлантириш орқали аҳоли, айниқса ёшлар бандлигини таъминлаш ва бошқа турли ижтимоий-иқтисодий масалаларни ечиш борасидаги фаолиятига берилган навбатдаги баҳо, деб баҳолайди.
Шу муносабат билан O‘zLiDeP фракцияси номидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизимига алоқадор бўлган барча инсонларни чин қалбимиздан табриклаймиз ва мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ёшларни Ватанга ва миллий мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдаги салмоқли ҳиссаси учун миннатдорлик билдирамиз.
Обсудить новость на Форуме