03:45 27.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

МЕҲНАТИМ “ЛАСЕТТИ” БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ

2004 йилда Булунғур туманида “Шоҳжаҳон ЖСД” фермер хўжалигини ташкил этганман. Бугунга келиб ғалла ҳосилдорлигини 23 центнердан 55 центнергача кўтаришга эришдик. Бунинг асосий сабаби фермерларга яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланганимиз ва тинимсиз меҳнатимиз, деб биламан.  

Айримларга ўхшаб мустақиллик менга нима берар экан, деб ўтирмадим. Аксинча мен шу халқимга нимадир беришим керак, деб ҳаракат қилдим ва буни асосий мақсадларимдан бири сифатида белгиладим. Асосий эътиборни ҳосилдорликни оширишга қаратдик. Ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаб, селекция ишларини тўғри ташкил этишга катта эътибор бердик. 

Ўзимни меҳнатдан қадр топганлардан ҳисоблайман. Ўтган йили ғалла топшириш шартномавий режасини 137% этиб бажарганим учун Президентимиз томонидан “Ласетти” автомобили билан тақдирландим. Илгарироқ “Мустақилликнинг 20 йиллиги” кўкрак нишони билан мукофотлангандим. Бундан ортиқ эътибор бўладими ахир?!

Президентимизнинг ғаллакорларга табригидаги: “Фермерлик ҳаракатига кенг йўл очиб берганимиз, уни мустаҳкамлаш ва тараққий эттириш учун ҳуқуқий-ташкилий ва молиявий замин яратиб берганимиз бугунги кунда унинг қишлоқ хўжалигида чиндан ҳам ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқишида, деҳқон ўзинини ҳақиқий ер эгаси, мулк соҳиби деб ҳис қилишида, фермерларни таъбир жоиз бўлса, жамиятимизнинг таянчига айлантиришда беқиёс аҳамият касб этади”, деган сўзлари кўпчилик қатори менинг қалбимда ҳам ғурур ва ифтихор туйғуларини жўшқинлантирди. 

Давлатимиз раҳбари фермерларни жамиятимиз таянчи сифатида кўраётгани бизга билдирилган улкан ишонч бўлиб, елкамиздаги масъулиятни янада кучайтиради, янги-янги марралар сари уйдайди. 

Менинг ҳам режаларим бисёр. Аввало, фермер хўжалигимни кўп тармоқли хўжаликка айлантириш ниятидаман. Шу мақсадда қўшимча 40 гектар ер олдим. Бу ерда томчилаб суғориш технологиясини жорий этмоқчиман. Келгуси йилда эса пиллачилик, чорвачиликни йўлга қўйиш, тикувчилик цехи очиш ҳам режамда бор.

Албатта, бундай ишларни бошлаш учун киши ўзига қандайдир таянч, суянч борлигини ҳис этиши керак. Мен O‘zLiDePни ўзимга шундай кўмакдош сифатида кўраман.  

Партиянинг тадбиркор ва ишбилармонларнинг ҳақиқий ҳаракатига айлангани бугун жамиятимизнинг ҳар бир жабҳасида сезилиб турибди. Ишонаманки, эл-юрт учун фидоий инсонларни ўз сафларига бирлаштирган мана шундай сиёсий куч билан ҳали мен каби фермерлар, тадбиркорлар бундан ҳам катта марраларни забт этади. Дилбар ЖАЛИЛОВА,O‘zLiDeP аъзоси,“Шоҳжаҳон ЖСД” фермер хўжалиги раҳбари

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме