21:15 22.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

“МАТОНАТЛИ ТАДБИРКОРЛАР”НИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙМИЗ

 «Обод турмуш йили»да O’zLiDeP «Ёшлар қаноти» томонидан янги — «Матонатли тадбиркор» лойиҳаси ишлаб чиқилди 
«Партия ногиронлар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис этиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга интилади».O’zLiDeP Дастуридан
 – Навқирон авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий, маънавий ва интеллектуал салоҳияти ўсишига кўмаклашиш, ёшлар учун қулай меҳнат шароитлари яратиш, айниқса, қишлоқ ёшларини тадбиркорликка кенг жалб этиш O’zLiDePнинг 2013 йилга мўлжалланган Ҳаракат дастурида энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб қўйилган, – дейди O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзоси А.Алимов. – Бу масалаларни талаб даражасида ҳал этишда ёшларга оид лойиҳалар яхши самара бериши аниқ. «Матонатли тадбиркор» лойиҳаси эса «Обод турмуш йили»даги ана шундай лойиҳалардан бири бўлиб, унда имконияти чекланган ёшлар билан ўқув-семинарлар ўтказиш, ихтисослаштирилган касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишларига ҳар томонлама кўмаклашиш назарда тутилган. Зеро, бугун юртимизда тахминан 700 мингга яқин ногирон истиқомат қилади. Шунинг учун ҳам имконияти чекланган ёшларни касбга йўналтиришга ихтисослаштирилган коллежлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатишга қарор қилдик. Маълум бўлишича, айни пайтда Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ана шундай таълим муассасалари бўлиб, уларнинг битирувчиларини ҳам тадбиркорликка йўналтириш, жисмоний ва ақлий имкониятларидан келиб чиқиб, ўз бизнесларини очишларига имконият етарлидир.  Лойиҳада ана шундай ёшларни касбга йўналтириш учун уларга малакали мутахассислар, тажрибали тадбиркорлар бириктирилиши белгилаб қўйилган. Бу жараён эса «Ёшлар қаноти», жойлардаги депутатлар ва бошқа партия фаоллари томонидан қатъий назоратга олинади. Тўғри, бундай ёшлар бармоқ билан санарли даражада оз. Аммо партия фаоллари айнан ана шу ёшлар орасида ҳам тадбиркорликка қўл уриш ниятида юрганлар борлигини таъкидламоқдалар. «Матонатли тадбиркор» лойиҳаси шундай ёшларга мўлжаллангани билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир. Демак, ҳаёт сўқмоқларида бирон-бир сабаб туфайли имконияти чекланган бундай ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорлар сафига қўшиш қандай самара беришидан қатъий назар, давлат томонидан ногиронларни қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил сиёсат ижросини таъминлашга ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилади. А.Алимовнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа доирасида ўтказиладиган барча тадбирлар имконияти чекланганларнинг тижорат соҳасидаги саводхонлик даражасини ошириб, уларнинг иқтисодий дунёқарашини бойитишга ҳам хизмат қилади.  Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда эркин демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнига имконияти чекланган ёшларни ҳам жалб қилиш, ўз тақдирини Ватан тақдири билан боғлаш масаласи мазкур лойиҳа доирасидаги ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари ва турфа анжуманларнинг бош мавзусига айланади.
Шуҳрат РАҲИМОВ,«XXI Asr» 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме