20:01 27.02.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

МАСЪУЛИЯТСИЗ ЕТАКЧИЛАР АЛМАШТИРИЛАДИ

 Бошланғич ташкилотлар партиянинг таянч нуқталари ҳисобланиши бежиз эмас. Зеро, улар зиммасига O‘zLiDeP ғоя ва мақсадларини жойларда кенг тарғиб этиш, сайловчилар, электорат вакиллари билан алоқаларни мустаҳкамлаш сингари ғоят масъулиятли вазифалар юкланган. Ўтган ҳафтада бошланган ҳисобот-сайлов йиғилишлари эса ана шу ҳал қилувчи бўғин фаолияти хусусида аниқ хулосалар чиқариш имконини беради. Айни пайтда навбатдаги  йиғилишларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга ўзига хос тайёргарлик сифатида ҳам қаралаётганини таъкидлаш лозим. Шундай экан, ташкилий, сиёсий, мафкуравий ва бошқа жиҳатлардан қаралганда ўтган йилги ҳисобот-сайлов йиғилишларидан қандай сабоқлар ўзлаштирилди? Нималарга эришилди-ю, қандай масалалар ҳал этилмади? Қуйи ташкилотлар фаолиятини янги босқичга кўтариш учун нималар талаб қилинади? Шу каби саволлар билан пойтахтимиздаги партия туман кенгашлари мутасаддиларига мурожаат этдик.     
Абдунаби Муҳримов,
O‘zLiDeP Чилонзор туман Кенгаши раиси ўринбосари


- Албатта, аввалги ҳисобот-сайлов йиғилишларидан тегишли хулосалар чиқарилди. Холисона айтадиган бўлсак, ўтган йили айрим жойларда жуда муҳим тадбирга талаб даражасида ҳозирлик кўрилмагани натижаларга ҳам бирмунча таъсир этди. Ваҳоланки, ҳар қандай ишнинг муваффақияти ёхуд бунинг акси бўлиши, аввало, унга қай даражада тайёргарлик кўрилганига бевосита боғлиқ. Жорий йилда жойларга тегишли ахборотлар тарқатма материаллар ва бошқа воситалар орқали имкон қадар кечиктирилмай, ўз вақтида етказилди. Фикримча, бу ҳам етарли эмас. Мазкур жараёнга тааллуқли барча ишларни энг камида бир ой олдин бошлаш керак, токи БПТлар етакчилари, маҳаллий кенгашлар масъул ходимлари ва бошқа фаоллар мажлисларга пухта ҳозирланишига шароит яратилсин. 

Ўтган йили 2070 партия аъзосини жипслаштирган 94 та бошланғич ташкилотимиз зиммасидаги вазифаларнинг катта қисмини тўлиқ уддалай олди, дея дадил айта оламан. Биргина йўналишни олиб кўрайлик: қуйи бўғинларга аҳолидан 148 та расмий мурожаат тушган ва БПТлар ташаббуси билан уларнинг қарийб 85 фоизига ижобий ечим топилган. Лекин таҳлиллар тумандаги кўплаб тадбиркорлик субъектлари ҳамда фаолияти асосан ишбилармонлар билан боғлиқ ташкилотларга кириб бормаганимиз, уларни ўйлантираётган муаммолардан бехабарлигимиздан дарак бераётир. Бунинг сабаби баъзи етакчиларнинг ташвиқот ишларининг таъсирчанлигини, электорат билан алоқаларнинг мустаҳкамлигини таъминлай олмаганида, деб биламан. Бошланган ҳисобот-сайлов йиғилишларида ушбу масалага ҳам алоҳида аҳамият қаратилади. Қуйи ташкилотлар раисларининг камида 30 нафари алмаштирилиб, улар ўрнига ёш, билимдон, ташаббускор тадбиркорлар сайланиши тахмин қилиняпти.
Дилбар Қўзибоева,
O‘zLiDeP Учтепа туман Кенгаши раиси ўринбосари

-  Ҳисобот-сайлов йиғилишларининг партия фаолиятидаги аҳамияти ғоят катта. Бу жараёнда партия кенгашлари ҳамда депутатлар билан сайловчилар, электорат ўртасида кўприк бўлишдек масъулиятли вазифани бажараётган БПТлар  мустаҳкамлиги ўзига хос имтиҳондан ўтказилади. Шу боис, уларни юқори савияда уюштириш талаб қилинмоқда. Шуларни инобатга олиб, партия Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари М.Мирсаидов ҳисобот-сайловлар даврида бошқа партиявий тадбирлар сони имкон қадар камайтирилиши зарур, деган жўяли мулоҳазани айтди. Соғлом мантиққа таянувчи бу фикрни қўллаб-қувватлайман. Чунки у фаоллар диққатини, куч-ғайратини асосий йўналишга сафарбар этиш имконини яратади. 

Бугунги кунда туманимиздаги 59 та БПТ 1900 дан ортиқ партия аъзоси фаолиятини мувофиқлаштиряпти. Лекин етакчилар ва аъзолар орасида келажагимиз эгалари саналган салоҳиятли ёшлар нисбатан камлиги ташвишланарли ҳолдир. Ҳисобот-сайловларда фаолларимиз қатъият кўрсатиб, узил-кесил йўсинда бу ҳолатга барҳам беришига ишончим комил.   

Яна бир гап. Кўпинча БПТлар етакчиларига журъат, ташаббускорлик етишмаётгани ҳақидаги гапларни эшитишга ёки ўқишга тўғри келади. Қуйи ташкилотнинг аъзолари эса назардан четда қолаётгандек, “қарс икки қўлдан чиқади”, деган ҳикмат унутилаётгандек туюлади кишига. Бу масалага ҳам теран ёндашиш фурсати аллақачон етган. 
Дилфуза Исанова,
O‘zLiDeP Миробод туман Кенгаши раиси ўринбосари

-  2014 йил - сайловлар йили. Яқинлашаётган йирик сиёсий кампанияга жиддий ҳозирлик кўришимиз шарт. Партия таянч нуқталарига бу борада  кўрсатмалар бериш, уларни сайловолди тарғибот-ташвиқот материаллари, кўргазмали воситалар, қўлланмалар билан изчил таъминлаб бориш тайёргарликнинг муҳим жиҳатларидан биридир.Шу ўринда БПТлар фаолиятини такомиллаштиришга оид бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Ўтган йилги ҳисобот-сайловларда тезкор ва замонавий алоқа воситасига кучли эҳтиёж сезилгани кўпгина маслакдошларимиз учун сир эмас. Шу маънода ҳар бир туман кенгашининг электрон манзили, сайти ишга туширилиши қуйи тузилмалар билан алоқаларнинг сони ва сифати янада яхшиланишига, фаолият самарадорлиги кескин ортишига хизмат  қилади, деб ўйлайман. Эътироф этиш керакки, ҳаммаслакларига ўрнак кўрсатиб ишлаётган БПТлар раислари пул мукофотлари, совға-саломлар билан рағбатлантириляпти. Назаримда мазкур тизимни қайта кўриб чиқиш, янада кенгайтириш ва мукаммаллаштириш зарур.  Туманимизда 3500 нафар партия аъзосининг бошини қовуштириб турган 108 та қуйи ташкилот фаолият юритяпти. Бу, шубҳасиз, катта куч. Лекин талай бошланғич ташкилотларимиз хусусий сектор вакиллари қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг талаб-эҳтиёжлари юзасидан юқори партия органларига таклифлар, тавсиялар тақдим этиш борасида бутун куч ва имкониятларини ишга сола олмаяпти. Ҳисобот-сайловларда бу жабҳадаги аҳволни ўнглаш учун белгиланган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилади. Шунинг баробарида жорий йилдаги йиғилишларда депутатлар ҳамда маҳаллий ҳокимлик масъул ходимларининг фаол қатнашиши кўзда тутиляпти.

Рустам Маматхонов,
O‘zLiDeP Бектемир туман Кенгаши раиси ўринбосари

-  Аввалги ҳисобот-сайловларда партия таянч нуқталари тузилган айрим корхоналар, муассасалар раҳбарияти вакиллари иштирок этмади. Ҳолбуки, ташкилот раҳбарлари ҳам партия қуйи тузилмалари фаолияти хусусида атрофлича маълумотга эга бўлиши, тилга олинган жараёнда фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга. Жорий йилда ана шу камчиликни бартараф этишга ҳаракат қиламиз. 

Ўтган йили йиғилишлар учун ҳар томонлама қулай, етарлича жиҳозланган жойлар танланмагани ҳолатларига дуч келгандик. Эндиликда эса шу сингари ташкилий нуқсонларнинг олди олинишига жиддий эътибор қаратилаётир.  

Кенгашимиз таркибидаги 41 та БПТ томонидан 2013 йил мобайнида 17 та оммавий-сиёсий тадбир ўтказилган. Тадбиркорлик субъектларида очилган қуйи бўғинлар сони эса 16 тага кўпайган. Тан олиш керак, келтирилган рақамлар бир қанча БПТлар ижтимоий-сиёсий имкониятларидан, ваколатларидан тўла фойдалана олмаётганини яна бир карра тасдиқлаётир. Ўтказилаётган кампанияда мазкур масалага ҳам жиддий эътибор қаратилиб,  фаолиятимиздаги ана шундай сусткашликларга барҳам бериш чоралари кўрилади. 

Мавриди келганда айтиш керакки, жорий йилнинг дастлабки ҳисобот-сайлов йиғилишлари аввалгиларига нисбатан очиқлик ва ошкоралик тамойилларига кўпроқ амал қилинган тарзда ўтаётгани диққатга сазовор. Чунончи, “Eko-trans-quruvchi” МЧЖдаги  бошланғич ташкилот ҳисобот-сайлов йиғилиши ана шундай либерал-демократик руҳда ўтди. Ёшларимиз тажрибали партия фаолларига ниҳоятда асосли, ўринли саволлар бердики, бу уларнинг шижоатидан, сиёсий ва ҳуқуқий билимлари тобора кенгайиб бораётганидан далолат. Қайд этиш керакки, ушбу йиғилишда бошланғич ташкилотнинг фаолияти қониқарли топилиб, иқтидорли етакчи сифатида ўзини намоён эта олган Нодир Мирвалиев БПТ раислигига қайта сайланди. 
                  O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме