20:15 26.09.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МАМЛАКАТИМИЗДАГИ ДАСТУРИЙ ТАЪМИНОТ СОҲАСИ РИВОЖИНИ РАҒБАТЛАНТИРУВЧИ ЯНА БИР ОМИЛ
Фахриддин СОЛИЕВ,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидагиO‘zLiDeP фракцияси аъзоси,Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси
O`zLiDePнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси ҳамда Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси сифатида Ўзбекистонда Президент И.А. Каримов раҳнамолигида ахборот соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришлар ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ)нинг янада ривожланиши ва мамлакат иқтисодиёти ва турмушининг барча соҳаларига кириб боришига ёрдам беради, деб масъулият билан айта оламан. Бунда жадал ривожланаётган ахборот жамияти шароитида мамлакатимиздаги тадбиркорлик тузилмаларининг самарали ишлашига кўмак берадиган норматив-ҳуқуқий ва услубий базани яратиш бўйича мақсадли фаолиятга катта ўрин ажратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги навбатдаги мантиқий қадам бўлди. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни талабларини бажариш доирасида ушбу қарор мамлакатимизда АКТ учун халқаро стандартларга жавоб берадиган дастурий таъминотларни ишлаб чиқариш, маҳаллий дастурчиларнинг сифатли, рақобатбардош дастурий таъминотлар (ДТ) ишлаб чиқаришини кенгайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш, шунингдек, уларни ички ва ташқи бозорда мустаҳкам ўрин эгаллашига кўмаклашиш мақсадини кўзлайди.
Жумладан, ишлаб чиқарувчилар ва дастурий таъминотлар миллий каталоги базасида юритилиши онлайн тартибида электрон шаклда амалга ошириладиган Дастурий таъминотлар ишлаб чиқарувчилар миллий реестри яратилади. Мазкур реестр жорий этилишининг долзарблиги шундаки, унда шу йўл билан дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилар ҳақидаги ягона маълумотлар электрон базаси яратилади. Бу эса, O`zLiDeP фракцияси фикрича, истиқболли лойиҳалар ва инновацион компьютер технологиялари яратишда банд бўлган ёш қобилиятли дастурчиларни манзилли қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларга чиқаришга ёрдам беради.
ДТ маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлашни янада кучайтиришнинг амалий жиҳатлари ҳақида гапирганда, Миллий реестрга киритилган бу ишлаб чиқарувчилар 2017 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ҳамда Республика йўл жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим ва тиббиёт муассаларини тиклаш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига ажратмалардан, шунингдек, ўз эҳтиёжи учун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминотлар олиб кириш учун божхона тўловларидан озод этилганини қайд қилиш мумкин. Қолаверса, агар ДТ ишлаб чиқарувчилар ўз фаолиятининг самарадорлигини исботласа, яъни уларга тегишли ДТ эскпорти ҳажми улар сотаётган жами маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) умумий ҳажмининг ярмидан кам бўлмаса, ушбу имтиёзларнинг амал қилиш муддати яна 2 йилга узайтирилади. Қарорда маҳаллий дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш учун бошқа имтиёз ва енгилликлар ҳам кўзда тутилган.
Умуман, O`zLiDeP фракцияси ишонадики, давлатимиз Раҳбарининг мазкур қарорини самарали амалга ошириш мамлакатда ДТ ишлаб чиқариш бозорининг ҳолати ва салоҳияти ҳақида маълумотлар тақдим этиш, уларнинг маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек, уларни иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг мавжуд эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқаришнинг устувор йўналишларини белгилаш орқали Ўзбекистонда амалга оширилаётган сифатли, ташқи ва ички бозорда рақобатбардош маҳаллий дастурий маҳсулотлар яратилишини қўллаб-қувватлаш фаолияти тизимлилигини сезиларли оширади. Шу боис, O`zLiDeP фракцияси ҳамда Ахборот ва комуникация технологиялари масалалари қўмитаси ушбу қарор меъёрларининг амалда бажарилишини қатъий депутатлик ва парламент назоратига олади. Чунки, унинг сўзсиз ижро этилиши партия Сайловолди дастурининг мамлакат аҳолисининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашни кўзда тутувчи талабларига мос келади.
Зилолахон СОБИРОВА,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидагиO‘zLiDeP фракцияси аъзоси,Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан танишиб, унинг муҳим жиҳатига эътибор қаратдим. Қарор ўзининг асосий мақсади, яъни АКТ учун халқаро стандартларга жавоб берадиган дастурий таъминотлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ҳамда уларнинг ички ва ташқи бозорда ўз ўрнини эгаллашини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, мамлакатимизда касаначилик соҳаси қирраларини ҳам сезиларли кенгайтиради.
Хусусан, мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони меъёрлари Миллий реестрга киритилган юридик шахслар – дастурий таъминотлар ишлаб чиқарувчилар билан меҳнат шартномаси тузиб, уйда ишлайдиган жисмоний шахсларга ҳам тааллуқли бўлади.
Депутатларнинг назорат-таҳлил фаолияти Президент Ислом Каримовнинг ушбу фармонига мувофиқ, аҳолининг банд бўлмаган қисмини касаначиликка жалб этиш, уларнинг қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун, ишонч билан айтиш мумкинки, фармон талаблари уйда меҳнат қиладиган дастурчиларга ҳам татбиқ этилиши сифатли ДТ яратиш соҳасига истеъдодли ёшларнинг кириб келишини кўпайтириш, уларда мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқаришни рағбатлантиришда муҳим ўрин тутади.
Дастурий таъминотлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш масаласига бундай комплекс ёндашув мамлакатимиз иқтисодиёти ва турмушининг барча соҳаларига ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилишига, бу йўналишда тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар турларини кўпайтириш ва яхшилашга, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётининг мазкур истиқболли соҳадаги рақобатбардошлигини сезиларли оширишга ёрдам беради.
Қолаверса, бу ягона давлат маълумотлар базасини яратиш ва “электрон ҳукумат” тизими орқали аҳолига интерактив хизматлар тақдим этишни ташкиллаштиришда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг самарали ечимларидан фойдаланилишини кенгайтириш, ижтимоий муносабатлар тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этиш, ахборотлаштириш захираларидан фойдаланиш эвазига самарали сиёсий модернизацияни амалга оширишга ҳам тааллуқлидир. Партиямиз электоратининг ушбу тармоқдаги манфаатларини ҳам эсдан чиқармаслигимиз лозим. Чунки давлат хизматларини онлайн тартибга ўтказиш тадбиркорларнинг бу хизматлардан фойдаланишини сезиларли енгиллаштирибгина қолмай, вақтни қисқартириш ва кўплаб харажатларни тежашга ҳам олиб келади. Тежалган вақт ва маблағларни ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш, янги корхоналар ва иш жойлари яратишга йўналтириш мумкин бўлади ва бу, ўз навбатида, оила фаровонлиги ўсиши ва мамлакатимиз тараққиётига таъсир кўрсатади.
Обсудить новость на Форуме