00:17 17.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МАМЛАКАТДА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ
Пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейи мажлислар залида O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси томонидан «Мамлакатда фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш» мавзуида илмий-амалий семинар ташкил этилди.
Унда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Фермерлар кенгаши, Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси, Савдо-саноат палатаси вакиллари, Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, партия фаоллари – тадбиркор ва фермерлар иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, Ўзбекистонда ислоҳотларнинг «ўзбек модели» ва мамлакатимизни ривожлантиришнинг «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» бош тамойили асосида фуқаролик жамияти институтлари – нодавлат нотижорат ташкилотлар, эркин ва мустақил ОАВ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партияларни ривожлантириш борасида кенг миқёсли дастурлар амалга оширилмоқда.
Фуқаролик институтлари жамиятда манфаатлар мувозанати, демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, фуқароларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг ижтимоий, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг муҳим омилидир. Ўтган йиллар жадал шаклланиш ва ривожланиш даври бўлди. Жумладан, бугунги кунда мамлакатда фаолият юритаётган ННТлар сони 2000 йилга нисбатан қарийб 3,3 баробар ошди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш йиғинлари ва органлари сони 10 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.
Мамлакатда фуқаролик институтлари эркин фаолиятини таъминлаш учун ривожланган ҳуқуқий база шакллангани бунга кўмак берди. Жумладан, мустақилликнинг илк йиллариданоқ нодавлат жамоат ташкилотлари тамойилларини белгилаган Конституциямиз меъёрлари асосида мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик институтлари роли ва аҳамиятини кучайтириш ва фуқароларнинг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 250 дан зиёд қонунчилик ҳужжати қабул қилинди.
Фақат сўнгги икки йил давомида ўзаро боғлиқ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини демократлаштириш ва либераллаштиришнинг узоқ муддатли дастурига айланган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ушбу соҳадаги қарийб 10 та энг муҳим қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.
Жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – мамлакатимизда шаклланаётган фуқаролик жамияти пойдеворининг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, уларнинг жойларда ижтимоий дастурларни амалга оширишдаги ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришда янги таҳрирда қабул қилинган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонунлар алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, «Экологик назорат тўғрисида»ги қонунлар сиёсий партиялар, ННТ ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жойлардаги вакиллик ҳокимияти органларининг демократик ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар бориши, табиатни муҳофаза қилишга доир қонунчиликка риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги роли ва аҳамиятини салмоқли равишда кучайтирди.
Мамлакатимиз парламенти томонидан яқинда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида (32, 78, 93, 98, 103ва 117-моддалари)»ги қонун миллий давлатчиликни янада мустаҳкамлаш ва сиёсий тузилмани такомиллаштириш, мамлакатда фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини таъминлашда катта аҳамиятга эга.
Ушбу қонун мамлакатда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти бўғинлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини янада ривожлантириш, парламент ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, ижро этувчи органлар масъулияти, жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқмоқда. Қонун, шунингдек, фуқароларнинг давлат ва жамият ишлари бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқини амалга ошириш, Конституцияда белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда бошқа умумэътироф этилган қадриятлар ва демократия меъёрларини ҳимоя қилишга асосланган миллий давлатчилик ва сиёсий тузилмани янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда муҳокама этилаётган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам ушбу мақсадларга қаратилган. У ННТ ва давлат тузилмаларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, мамлакатнинг турли аҳоли қатламлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўзаро ҳамкорлиги доирасини аниқ белгилаш ва ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришни назарда тутади.
Уни ишлаб чиқишда ижтимоий шериклик принципини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи камчиликларни аниқлаш мақсадида миллий қонунчилик ўрганилди, ижтимоий шериклик, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва меъёрлари соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили ўтказилди ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилди. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, давлат органларининг фуқаролик институтлари билан ижтимоий шериклик асосидаги ўзаро ҳамкорлигига оид муайян масалалар мамлакатимизнинг 40 дан зиёд қонунчилик ҳужжатида белгиланган. Ушбу қонун лойиҳаси бугунга келиб, парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва маъқулланди ҳамда иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун масъул қўмитада тайёрланмоқда.
Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, ижтимоий шерикликнинг асосий соҳалари ижтимоий ҳимоя, аҳоли бандлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, фан, таълим, ахборотлаштириш, спорт ва маданиятни ривожлантириш, баркамол ва соғлом авлодни тарбиялаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва кўплаб бошқа соҳалардир.
Қонун лойиҳасида ижтимоий шериклик шакллари аниқ акс этган: ННТларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишдаги иштироки; ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича ахборот алмашуви, маслаҳатлашув ва жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш; ижтимоий шериклик соҳасида шартнома, битим ва меморандумлар тузиш, қўшма режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Таъкидлаш лозимки, қонун лойиҳасида ижтимоий шерикликнинг асосий соҳаларидан бири сифатида аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни ривожлантириш кўрсатилган. Ушбу тармоқда барча рўйхатга олинган ННТларнинг 20 фоиздан зиёди фаолият юритади.
Фақат 2013 йилнинг ўзида Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази жойлардаги давлат органлари, O`zLiDeP билан ҳамкорликда «Мулкдор оила» лойиҳаси доирасида қишлоқ оилаларини оилавий бизнес, кичик ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиш, касаначиликни ривожлантириш, ҳуқуқий ва иқтисодий билимларни оширишга қаратилган туркум давра суҳбатларини ўтказди. Лойиҳанинг туман босқичларида 2600 дан зиёд, вилоят босқичларида эса 700 дан ортиқ киши иштирок этди. Лойиҳа иштирокчиларининг умумий қиймати 14 млрд. сўмдан зиёд бизнес режалари молиялаштириш учун мақсадга мувофиқ деб топилди. Бугунги кунда лойиҳа доирасида 420 нафар иштирокчининг 8 млрд. сўмдан ортиқ бизнес режаси молиялаштирилди, 154 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 318 та янги ва 809 қўшимча иш ўрни яратилди.
Шунингдек, қишлоқ ва сув хўжалиги тизимидаги қишлоқ хўжалиги корхоналарини қайта ташкил этиш агентлиги, марказнинг қатор ҳамкорлари билан биргаликда қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш, аёлларни, авваламбор, қишлоқ жойларида ва чекка ҳудудларда яшовчиларни тадбиркорлик ва фермерликка жалб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилди. 14 000 дан зиёд фермер ва деҳқон хўжалиги раҳбарлари қишлоқ хўжалигида электрон бухгалтерия ҳисоби ва АКТни қўллаш ҳамда халқаро сифат стандартларига мос экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқариш, узумчилик, ғаллачилик, мелиорация, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлди.
Бундан ташқари, Марказ томонидан «Тадбиркорлар ва фермерлар мулоқот форуми» лойиҳаси амалга оширилмоқда, унинг доирасида 2013 йил давомида 100 дан зиёд тадбир бўлиб ўтди. Мазкур тадбирларда республиканинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари ҳамда 7000 дан ортиқ тадбиркор ва фермер қатнашди. Рухсат берувчи тартиб-таомилларни соддалаштириш, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, лизинг ва суғурта, маҳсулотлар ва хизматларни лицензиялаш, сертификатлаш ва стандартлаш механизмларини такомиллаштириш, аграр соҳаси тармоқларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Тавсия шаклида 500 дан ортиқ таклиф мамлакат парламенти, тегишли вазирлик ва идораларга меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашда фойдаланиш учун юборилди.
Умуман олганда, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда ННТлар ролини кучайтириш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ишлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ва катта ижтимоий аҳамиятга эга қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнида кенг аҳоли қатламлари манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олишга хизмат қилади.
Иштирокчилар, шунингдек, парламент ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссиясининг жойларда ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳал этишда ижтимоий шерикликни рағбатлантириш борасидаги фаолияти билан танишди. Жумладан, 2013 йилда 300 дан зиёд ННТ мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш муаммоларини ҳал этишга қаратилган давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этди, бу 2011 йилдагига нисбатан икки баробар кўпдир. Жамоат фонди томонидан муҳим ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни ишлаб чиқиш борасида ўтказилаётган танловлар натижалари бўйича ННТлар сони ушбу даврда икки баробар ошди. Бунда грант танловлари ғолиби бўлган ҳудудий ННТлар сони 2,2 баробар ўсди.
Экспертлар таъкидлаганидек, жойлардаги вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишидаги роли ва масъулиятини янада ошириш мақсадида қонун лойиҳасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоатчилик комиссияларини тузиш кўзда тутилган.
Бунда комиссия таркибига жойлардаги вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари депутатлари, адлия ва молия органлари, ННТ вакиллари киритилиши белгиланган. Уларнинг вазифалари ННТларнинг давлат органлари билан ҳамкорлигини чуқурлаштириш, ижтимоий шерикликнинг устувор йўналишларини белгилаш, ННТларнинг ижтимоий аҳамиятга эга дастур ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш учун зарур маблағлар ҳажмини белгилаш ва тегишли аризаларни парламент комиссиясига юбориш кабилардан иборат бўлади. Шу билан бирга, комиссиялар ННТларни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат фондлари маблағлари самарали тақсимланишини ташкил этади ҳамда улар мақсадли қўлланилиши устидан мониторинг ўтказади.
Экспертлар фикрича, ушбу амалиёт ривожланган демократик давлатлар тажрибасига тўлиқ мосдир. Жумладан, Франция ва Германияда жойларда ижтимоий шериклик лойиҳаларини режалаштириш, мувофиқлаштириш, амалга ошириш ва молиялаштириш учун масъулиятнинг катта қисми ҳудудий, округ ва муниципал таълим (ўзини ўзи бошқариш органлари) зиммасига юклатилган. Япония ва Корея Республикасида жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ННТлар орасида ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал этишга қаратилган турли дастур ва грантларни эълон қилишни кўзда тутувчи танловларни ўтказиш ҳуқуқига эга.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг ушбу қонунчилик амалиёти нафақат ижтимоий шериклик институти фаолиятини қонунчилик асосда тартибга солишга доир жаҳон тажрибасига мувофиқ келади, балки уни кўп жиҳатдан ривожлантиради ҳам. Жумладан, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Франция, АҚШ ва қатор бошқа ривожланган мамлакатларда давлат органларининг ОАВ билан ўзаро ҳамкорлиги алоҳида базавий қонунларда тартибга солинмаган.
Бунда кўплаб мамлакатларда мазкур институт ижтимоий-меҳнат соҳасида иқтисодий манфаатлар келишуви ва ижтимоий-меҳнат низоларни тартибга солиш бўйича давлатнинг воситачилик роли билан ишга ёлланувчи ва иш берувчи ўртасида юзага келадиган ўзаро муносабатлар тизими сифатида шаклланган. Шу билан бирга, XX аср охири – XXI аср бошида глобаллашув жараёнлари чуқурлашиши, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ривожланиши, маънавий-ахлоқий инқироз кучайиши шароитида Европанинг қатор мамлакатлари ноҳукумат сектори билан ҳамкорликка оид ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширди.
Жумладан, давлат ва ноҳукумат секторининг ижтимоий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ривожланишга оид долзарб масалаларни ҳал этишдаги саъй-ҳаракатлари ва ресурсларини бирлаштиришга доир давлат сиёсатини белгиловчи ҳужжатлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжатларда, унинг мазмунидан келиб чиқишича, иккита асосий мақсад мавжуд. Биринчидан, улар фуқароларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокини фаоллаштириш, иккинчидан, давлатни аҳолига айрим хизматларни кўрсатиш юкидан қисман озод қила оладиган ҳамкорликнинг механизмларини яратишга қаратилган.
Ҳукумат ва фуқаролик сектори ўртасидаги шериклик тўғрисидаги деярли барча битимлар, баёнотлар, хартиялар ва стратегиялар ижтимоий шерикликнинг субъектлари, принциплари, йўналишларини белгиловчи бўлимлардан, шунингдек, ҳамкорликнинг аниқ инструментлари, шу жумладан, молиялаштириш, давлат ва фуқаролик сектори масъулияти масалаларидан иборат.
Уларнинг камчилиги шундан иборатки, улар аниқ ҳукумат фаолияти даврида амал қилади. Шу билан бирга, фуқаролик институтлари ва давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳукумат хоҳиш-иродаси ва юзага келаётган сиёсий конъюнктурага боғлиқ бўлмайдиган барқарор тус олиши мақсадида қайд этилган мамлакатлар жамоатчилиги шериклик масалаларини қонунчилик асосида тартибга солиш талаби билан чиқмоқда. Тузилаётган битимлар давлатнинг фуқаролик сектори олдидаги кенг қамровли мажбурият сифатида кўриб чиқилмаяпти.
Шу муносабат билан, хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг ижтимоий шерикликни ривожлантириш, давлат ва учинчи сектор ўртасидаги ўзаро муносабатларни қонунчилик асосида тартибга солиш соҳасидаги тажрибасини қизиқиш билан ўрганмоқда.
Экспертлар қайд этганидек, ННТлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишнинг муҳимлиги қатор халқаро ҳужжатларда кўзда тутилмоқда. Улар ННТларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги ролига алоҳида аҳамият қаратади, мулоқот ва маслаҳатлашув орқали ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни ҳамда муайян давлат кўмаги шаклларини тақдим этиш механизмларини жорий этишни назарда тутади. Жумладан, бу каби ҳужжатлар қаторига БМТнинг 1968 йилдаги Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши резолюцияси (1297), «Европада давлат бошқаруви масалалари бўйича оқ китоб» (25 июль, 2001 йил), «Европада ноҳукумат ташкилотлар мавқеининг асосий принциплари» (16 апрель, 2003 йил).
Умуман олганда, иштирокчилар қайд этганидек, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун мамлакатда жадал ривожланаётган фуқаролик жамияти манфаатлари йўлида ишлаб чиқилган ва қабул қилинмоқда, муҳим қарорлар қабул қилинишида фуқаролик институтлари иштироки, уларнинг ижтимоий аҳамиятга эга ишларга кенг жалб қилинишининг қўшимча қонунчилик кафолатларини яратади. Муҳими, қонун лойиҳаси деярли илова этиладиган меъёрлардан иборат эмас, бевосита таъсирга оид меъёрий ҳужжат ҳисобланади, фуқаролик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган аниқ механизмларни яратади. Унинг қабул қилиниши Ўзбекистон келажагининг асоси – демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлади.
O`zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме