21:15 19.05.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МАМЛАКАТ ИҚТИСОДИЁТИНИ БАРҚАРОР ЮКСАЛТИРИШ ЙЎЛИДА
O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети ҳамкорлигида “Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи тармоқларини модернизация қилиш ва рақобатбардошлигини оширишнинг асосий йўналишлари” мавзуида республика илмий-амалий конференция ўтказилди.
Мазкур йиғилишда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари маҳаллий кенгаш депутатлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар интитути, Қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази ходимлари, Иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар, партия фаоллари – тадбиркор ва фермерлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқаришни тубдан яхшилаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш асосида хом ашёни қайта ишлаб, ички ва ташқи бозор учун юқори сифатли, рақобатбардош маҳсулотлар етказиб беришни йўлга қўйиш, мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, ишбилармонлар манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Бугун Ўзбекистон дунёдаги жадал суратлар билан тараққий этаётган рақобатбардош мамлакатлар орасидан ўрин олмоқда. Бу борада Давлатимиз раҳбарининг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида кўзда тутилган аниқ мақсадли вазифаларни тўлиқ амалга ошириб келинаётганлиги қисқа муддат ичида иқтисодиётимизни ривожланган демократик давлатлар даражасига олиб чиққанлигида кўришимиз мумкин.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, мамлакат иқтисодиётини барқарор юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини оширишнинг муҳим омили ва иқтисодиётнинг пойдеворига айланиб улгурди. Тадбиркорлик субъектлари манфаатлари ҳимоясини қонунчилик асосида таъминлаш, давлат, шу жумладан, назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик тузилмалари фаолиятига аралашувини чеклашнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаб бориш O’zLiDeP дастурий вазифаларининг энг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
Айни пайтда, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 55,8 фоизи, ишлаб чиқарилаётган жами саноат маҳсулотларининг 23 фоизи, кўрсатилаётган бозор хизматларининг деярли барчаси, маҳсулот экспортининг 18 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келмоқда.
Аграр соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасида 2013 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2000 йилга нисбатан 2,3 баробар кўпайди. Фақат ўтган йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,8 фоизга, жумладан, деҳқончилик – 6,4 фоизга, чорвачилик – 7,4 фоизга ўсди.
Бугун Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизими яратилди. Жумладан, соҳани ҳар томонлама тартибга солувчи муҳим меъёрий ҳужжатлар базаси шакллантирилди, соҳа учун профессионал кадрларни тайёрлаш, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар, товарлар ва хизматлар бозоридан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаб бериш механизмлари ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 15 декабрдаги 1442-сонли Қарори билан тасдиқланган “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги Дастури соҳани тизимли ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Дастурга мувофиқ саноат корхоналарини кенг миқёсда модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, уларни энг замонавий юқори технологик ускуналар билан жиҳозлаш, саноат тармоқларида илғор инновация технологияларини жадал татбиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, маҳаллий хом ашёни қайта ишлаш негизида экспорт салоҳиятининг барқарор ўсиб боришини, экспортга мўлжалланган рақобатдош саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришни кўпайтириш каби муҳим чоралар белгилаб берилган.
Бугунги тадбир O’zLiDeP электорати билан ўзаро алоқалари самарадорлигини ошириш учун навбатдаги майдон вазифасини ўтамоқда. Чунки, партия Сайловолди дастури вазифалари асосида ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, эркин фаолият юритиши учун қулай шароитларни яратишда фаол иштирокчи бўлиш, тадбиркорликни мамлакатимиздаги иқтисодий ўзгаришларининг ҳақиқий ҳал қилувчи кучига айланиши учун муҳим дастур ва йирик лойиҳаларни ишлаб чиқиб, ҳаётга тадбиқ этишда бор имкониятини сарфлаб келмоқда.
Тадбир якунида соҳа ривожига оид билдирилган барча таклиф ва ташаббуслар асосида қарор қабул қилинди.
O’zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме