14:45 01.05.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МАМЛАКАТ ИҚТИСОДИЙ САЛОҲИЯТИНИ ОШИРИШ САМАРАЛАРИ
Клара Жумамуратова,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси
O`zLiDeP Сайловолди дастурида ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлаш, инновация лойиҳаларини жорий этиш, маҳсулотлар таннархини пасайтириш ва унинг сифатини ошириш йўли билан экспорт салоҳиятини кучайтиришнинг муҳимлиги аниқ белгилаб қўйилган. Ўзбекистонда мамлакат саноатини модернизациялашнинг Президент Ислом Каримов томонидан тасдиқланган кенг кўламли дастури мунтазам амалга оширилмоқда. Ушбу жараённинг муҳим босқичларидан бири Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши ҳисобланади. У нефть-кимё соҳасида нафақат Ўзбекистонда, балки бутун МДҲ ҳудудида шундай кўламдаги узоқ муддатли лойиҳавий молиялаш асосида амалга оширилаётган биринчи лойиҳадир.
Яқинда Ислом Каримов Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилишининг бориши билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида бўлди. Ушбу мажмуа қурилишига бундай эътибор албатта табиийдир, зеро у нефть-газ соҳасида дунёдаги умумэътироф этилган энг йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади. Жумладан, бу мажмуа «Project Finance International», «Trade Finance Magazine», «Global Trade Review» ва бошқа халқаро нашрлар томонидан ана шундай баҳога сазовор бўлган.
Бундай лойиҳани амалга ошириш жараёнида замонавий инфратузилма объектлари қад ростламоқда, юқори технологияли ускуналар ўрнатилмоқда. Мажмуа қурилишида қарийб 6,4 минг киши меҳнат қилаётгани эътиборни тортади. Ишчи ходимларнинг ярмидан ортиғи мамлакатимиз мутахассислари бўлиб, уларнинг аксарияти ёшлардан иборат. O`zLiDeP ёшлар салоҳиятини ривожлантириш келажакка сармоя эканига ишонади. Бу ерда биз ишлаб чиқаришни модернизациялаш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига ижобий таъсир қилиш билан бирга, унинг сезиларли равишда ижтимоий самара беришига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Ботир Мирзаев,O`zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси
O`zLiDeP иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификациялаш, бизнеснинг замонавий инфратузилмасини такомиллаштиришнинг муҳимлиги тарафдоридир. Партия Ўзбекистонда эришилган макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш ва қулай сармоя муҳитини ривожлантириш дунёнинг тараққий этган давлатлари ва нуфузли халқаро молия институтлари мамлакатимиз билан фаол ҳамкорлик қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Сурғил кони негизида бунёд этилаётган умумий қиймати 3,9 миллиард АҚШ доллари бўлган Устюрт газ-кимё мажмуаси бундай ҳамкорликка ёрқин мисолдир.
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёни билан танишув чоғида у бежизга айнан улкан иқтисодий, индустриал ва интеллектуал салоҳиятга эга ривожланган замонавий давлат бўлмиш Корея Республикаси билан биргаликда бунёд этилмаётганини таъкидлади. O`zLiDeP Устюрт газ-кимё мажмуасининг қурилиши, бир томондан, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг изчил ва узлуксиз оширилиши, бошқа томондан, мамлакатларимиз ўртасида ўрнатилган мустаҳкам ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг юксак даражаси кўрсаткичи, деб ҳисоблайди. Сўзим якунида O`zLiDeP хорижий инвестицияларни, янги технологияларни жалб қилиш учун дунёнинг ривожланган давлатлари ва халқаро молия тузилмалари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қиладиган кенг кўламли инновацион дастурларини амалга ошириш давом эттирилиши зарур, деб ҳисоблашини алоҳида таъкидламоқчиман.
Обсудить новость на Форуме