19:15 01.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРДАГИ ПАРТИЯ ГУРУҲЛАРИ ФАОЛЛАШМОҚДА

O‘zLiDePнинг Халқ депутатлари Тахтакўпир туман кенгашидаги депутатлик гуруҳи навбатдаги йиғилишида партия Дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган муҳим вазифалар ижросини таъминлаш бўйича жорий йил учун мўлжалланган иш режасининг бажарилиши муҳокама қилинди. 

Йиғилишда депутатлар Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил якунлари ва 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлашга қаратилган қарор ва фармонлар, ҳудудий ривожланиш дастурларининг ижроси масалалари атрофлича таҳлил этилди. 

Умуман, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида O‘zLiDePнинг тумандаги депутатлик гуруҳи йиғилишларида 5 та масала юзасидан бир неча мутасадди шахснинг ҳисобот ва ахбороти тингланди.

Дастлаб туманда 2013 йилда хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш дастури ижроси юзасидан туман иқтисодиёт бўлими бошлиғи Т.Хожалепесовнинг ҳисоботи эшитилди. Ушбу дастурда жорий йилда туманда сервис ва маиший хизмат кўрсатувчи 35 та янги шохобча, жумладан, расмхона,  сартарошхона, тикувчилик цехи кабиларни ишга тушириш учун 446,3 млн. сўм сарфланиши, бунинг натижасида 75 та фуқарони иш билан таъминлаш белгиланган. 

Шунингдек, Т.Хожалепесовнинг туманда саноат соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоботи ҳам тингланди. 

Ҳисоботда айтилишича, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида туманда саноат товарлари ишлаб чиқариш 170,0%га, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 107,4%га, пудрат ишлари 100,0%га, товар айланмаси ҳажми 130,0%га ўсди. 

Туман тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш инспекцияси раҳбари Ф.Реймқулов ҳисоботида асосий эътибор Президентимизнинг “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросига қаратилди. 

Туман ҳокими ўринбосари К.Даулетов эса “Обод турмуш йили” Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда туманда қабул қилинган саноатни ривожлантириш инвестиция дастури ижроси юзасидан ахборот берди. 

Ҳоким ўринбосари сўзларига кўра, йил бошидан буён туманда умумий қиймати 4 млрд. 717 млн. сўм бўлган 61 лойиҳа амалга оширилди. Уларнинг 10 таси саноат, 15 таси қишлоқ хўжалиги, 36 таси хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига тааллуқлидир.

Депутатлик гуруҳи йиғилишида Тахтакўпир туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини иш билан таъминлаш маркази раҳбари Е.Ималатдиновнинг ахбороти ҳам тингланди. Ундан маълум бўлишича, 2013 йилнинг 9 ойи давомида туманда 1389 та янги иш ўрни яратилган. 

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, O‘zLiDePнинг Халқ депутатлари Тахтакўпир тумани кенгашидаги депутатлик гуруҳининг бутун фаолияти партия электорати ва сайловчилар ишончини қозониш, халқ манфаатига мос ислоҳотлар жадаллигини янада оширишга қаратилган. 
O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме