01:00 28.02.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МАҲАЛЛА ВАКОЛАТЛАРИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси муҳокама қилинаяпти. Бугун мамлакатимиздаги 10 мингга яқин маҳаллалар томонидан илгари давлат ҳокимияти идоралари ваколатида бўлган 30 дан ортиқ ижтимоий аҳамиятга молик вазифалар бажарилмоқда. Эндиликда эса уларнинг ваколатларини янада кучайтириш масаласи кун тартибида қўйилаётгани бежиз эмас. «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, бунда маҳаллани аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, унинг давлат бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб бориш билан боғлиқ вазифаларини янада кенгайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланган.Ана шуларни инобатга олган ҳолда, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда маъқулланди.Лойиҳада ўз аксини топган нормалар таҳлил қилинса, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар бир қатор муҳим вазифалар ечимига йўналтирилгани маълум бўлади. Хусусан, аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини ошириш, ноёб институт ҳисобланган маҳалланинг жамоатчилик назорати соҳасидаги функцияларини янада кенгайтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш марказига айлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.Маълумки, изчил ислоҳотлар жараёнида аҳолини кучли ижтимоий ҳимоялашга катта эътибор қаратилаётир. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари эса давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хусусий сектор вакиллари билан ҳамкорликда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ёлғиз қариялар, пенсионерлар, ногиронлар ва бошқа кўмакка муҳтож аҳоли қатламига манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича зарур ишларни амалга оширмоқдалар.Бу вазифаларни бажаришда O`zLiDeP электорати бўлган тадбиркор ва фермерлар, ўрта мулкдорлар синфининг фуқаролар йиғинларига яқиндан ёрдам бераётгани ҳам ўзига хос натижалар бераяпти. Зеро, маҳаллаларда азалдан ахлоқий қадриятлар ва анъаналар, жамоатчилик фикри ҳамда ўзига хос дунёқараш тизими шаклланган. Мана шундай анъаналардан бири оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликдир. Бу йўналиш эса йиллар давомида шаклланган урф-одатларимиз, миллий қадриятларимизни акс эттиради. Тадбиркорликнинг мазкур шаклларини амалга оширишда оила аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлар, меҳнатга ҳақ тўлаш ва даромадни тақсимлаш масалалари уларнинг ўзлари томонидан мустақил тартибга солиб борилади. Шунингдек, фаолият юритаётган малакали мутахассислар ва ёшларимизда миллий анъаналарга асосланган ҳолда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш имконияти вужудга келади, яъни улар учун ўз бизнесини очишга шароит яратилади. Шунинг учун ҳам, ушбу йўналишдаги ишарнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида қонун лойиҳаси бўйича бир қатор таклиф билдирилмоқда.Биринчидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига фуқаролар йиғини ҳудудида кичик бизнес, жумладан, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга кўмаклашиш, бунинг учун тегишли маслаҳат марказларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиш бўйича қўшимча ваколатлар бериш, иккинчидан, фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги маслаҳат марказларининг вазифа ва ваколатларини белгилаш ҳамда мазкур марказлар фаолиятини ташкил қилишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фуқаролар йиғини билан ҳамкорлиги ҳақидаги нормалар назарда тутилмоқда. Бу эса O’zLiDeP электорати манфаатларига тўла мос келади. Бошқача айтганда, қонунга киритилаётган янги нормалар Ўзбекистон Либерал-демократик партияси дастуридаги устувор йўналишларга ҳамоҳангдир. Зотан, янги иш ўринлари яратиш, авваламбор, ёшларни иш билан таъминлаш ниҳоятда зарур ва кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. O’zLiDeP бу масалани ҳал этишнинг асосий йўналишлари сифатида аҳолининг ўзини ўзи иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларда иқтисодий манфаатдорликни ошириш, ўзгарувчан бозор конъюктурасига мослаштирилган малака ошириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш, шунингдек, қўшимча таълим олиш ва касб ўрганиш соҳасини тубдан яхшилаш керак, деб ҳисоблайди.Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, сайловчилар билан бўлган учрашувларда фракциямиз аъзолари ўз сайлов округларидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар фаолияти ва уларнинг муаммоларини ўрганиб, қонунни такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар олганлар. Эндиликда ана шу таклифлар жамланиб, уларнинг энг муҳимларини янги таҳрирдаги қонун лойиҳасига киритиш юзасидан изчил иш олиб борилмоқда.
“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме