13:00 22.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МАҲАЛЛА – ОИЛАВИЙ БИЗНЕС МАРКАЗИ
O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун асосида вилоятда оилавий корхоналарни ташкил этиш самарадорлиги юзасидан таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида ҳаракат дастурини қабул қилган. Айни кунларда партия вилоят Кенгаши Сиёсий таълим маркази ушбу дастур ижроси юзасидан сиёсий ўқув машғулотлари, семинарлар ўтказмоқда. “Оилавий тадбиркорлик – оила фаровонлигининг калитидир” мавзуидаги сиёсий ўқув машғулотининг навбатдагиси Наманган шаҳридаги қурилиш ва дизайн касб-ҳунар коллежида ташкил этилди. Семинарда дастлаб Сиёсий таълим маркази раҳбари ўринбосари Рустамжон Ҳакимов “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти, ижтимоий-иқтисодий аҳамияти, ундаги меъёр ва талаблар ҳақида тушунча берди. Сўнг “Ипотекабанк”нинг вилоят филиали кредит бўлими бошлиғи Азамат Вазиров оилавий корхона таъсисчиларига банк томонидан ажратиладиган кредитлар, унинг шартлари, қайтариш муддатлари, имтиёзлар хусусида сўз юритди. Партиянинг Наманган шаҳар Кенгаши аппарат раҳбари Соҳибахон Ғаффорова эса оилавий корхоналарни очишда маҳалла фуқаролар йиғинларининг роли ва масъулияти ҳақида тўхталди. “Агар ҳар бир маҳаллада камида биттадан оилавий корхона ташкил этишга эришсак ҳам бутун шаҳар бўйича 80 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти пайдо бўлади. Бу эса энг камида 150 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди демакдир”, - деди С.Ғаффорова. Учрашувда иштирок этган маҳаллалар фаоллари кўтарилган мавзунинг долзарблигини таъкидлаб, бу борадаги саъй-ҳаракатларни тўла қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди. - Масалан, бизнинг маҳалламизда тикувчилик, тўқувчилик, ҳунармандчилик билан шуғулланадиган инсонлар талайгина, - деди “Сиҳатгоҳ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холдорбек Бекмуродов. - Шундан келиб чиқиб, оилавий тадбиркорликни ташкил этиш имкониятларимиз анча юқори, деб ҳисоблайман”. Ўқув машғулотида энг фаол иштирок этган “Даштбоғ”, “Сиҳатгоҳ” ва “Сардоба” маҳалла фуқаролар йиғинларидан Раҳимахон Тожибоева, Холдорбек Бекмуродов, Донохон Зоҳидова партиянинг шаҳар Кенгаши кадрлар захирасига қабул қилинди.
Комилжон Файзиев,O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши Матбуот котиби
Обсудить новость на Форуме