15:30 02.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

МАҲАЛЛА ИНСТИТУТИ РИВОЖИДА O‘ZLIDEPНИНГ ТУТГАН ЎРНИ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси билан ҳамкорликда амалий семинар ўтказилди. “Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш ҳамда маҳаллаларнинг хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш борасидаги ваколатларини кенгайтириш соҳасида O‘zLiDePнинг амалий вазифалари” мавзуидаги семинарнинг мақсади O‘zLiDePнинг кўрилган масалалар бўйича устувор вазифаларини белгилашдан иборат бўлди.– O‘zLiDeP фуқаролик жамиятининг энг таъсирчан институти сифатида шахс, жамият ва давлатнинг ижтимоий, иқтисодий, гуманитар муаммоларини самарали ҳал этишга қодир бўлган маҳалланинг ҳуқуқларини кенгайтириш, мавқеи, моддий базасини юксалтириш тарафдоридир, – деди тадбирда сўзга чиққан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоев. – Президентимиз Ислом Каримов томонидан тақдим этилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”да маҳалла фаолияти ташкилий асосларини такомиллаштириш, вазифалар қамровини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан яқин ўзаро муносабатларни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Биз бу концепциядан келиб  чиқадиган вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ этишга бор куч-ғайратимизни қаратганмиз. Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунда маҳаллаларга ҳудудда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича қўшимча ваколатлар берилишини назарда тутувчи меъёрлар белгиланганини билдирди. “Шунингдек, бу қонунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига тегишли ҳудудда тадбиркорлик фаолияти субъектининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратига оид қўшимча ваколатлар ҳам кўзда тутилган”, – деди А.Саидов. Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, Ўзбекистондаги демократик ўзгаришларнинг бош мақсади ва ҳаракатлантирувчи кучи инсондир. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириш – фуқаролик жамияти шароитида тўғридан тўғри демократияни амалга оширишнинг бош йўлидир. Иштирокчилар фикрича, фуқаролар йиғинлари фаолияти ҳақидаги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашни янада кенгайтириш, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалланинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга кўмаклашади, бу эса O‘zLiDeP Дастурининг энг муҳим вазифаларидир. Семинарда қайд этилганидек, қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш мақсадида партия фаоллари томонидан жойларда қонун лойиҳаларини муҳокама этиш, аниқ таклифларни ишлаб чиқиш ва Қонунчилик палатасига тақдим этиш бўйича муайян ишлар белгиланган ва амалга оширилган. Жумладан, махсус ишлаб чиқилган жадвалга мувофиқ, жорий йил 2-12 март кунлари O‘zLiDePнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари вилоят кенгашларидаги депутатлари, туман ҳокимликлари томонидан Хоразм вилояти Янгиариқ туманида, Фарғона вилояти Қўштепа туманида, Самарқанд шаҳрида, Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонунчилик асосларини яхшилаш”, “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва оилавий бизнесни қўллаб-қувватлашда маҳалланинг роли ва ўрни”, “Аёлларни маҳаллани обод этиш масалаларига жалб қилиш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш” мавзуларда туркум давра суҳбатлари ўтказилган.Тадбирда ушбу тадбирларни ўтказиш жараёнида фуқаролар йиғинлари фаолияти тўғрисида қонун лойиҳалари батафсил муҳокама этилгани ва аниқ таклифлар ишлаб чиқилгани эътироф этилди. Хусусан, маслаҳат марказларини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф бугунги кунда долзарб экани, ушбу марказлар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни истаган фуқаролар йиғинлари аҳли учун қисқа муддатли курсларни ташкил этиши, тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун яратилаётган имтиёз ва преференциялар тўғрисида аҳолини хабардор қилиши, ёшларни ишлаб чиқариш корхоналари, ҳунармандчилик устахоналарига бириктириш орқали уларни иш билан таъминлашга кўмаклашиши кўзда тутилаётгани алоҳида тилга олинди.Мазкур таклифлар қонун лойиҳаларнинг якуний таҳрирларида эътиборга олинади.  Амалий семинарда O‘zLiDeP вакилларидан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Марказий банк, Давлат Статистика ва Солиқ қўмиталари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, ЎзННТМА, Савдо-саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, “Тадбиркор аёл” уюшмаси мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме