06:30 26.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
МАҚСАДЛАР МУШТАРАК БЎЛГАН ЖОЙДА...
Бугунги ислоҳотлар жараёнида эл-юрт манфаати йўлида сидқидилдан хизмат қилиш партиявий мезонга айланиши лозим
Партия учун янги иш ўринлари яратиш, ишсизликка қарши курашиш, авваламбор, ёшларни иш билан таъминлаш ниҳоятда зарур ва кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Бу масалани ечишнинг асосий йўналишлари сифатида партия тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларда меҳнатга бўлган иқтисодий манфаатдорликни янада ошириш керак, деб ҳисоблайди.O’zLiDeP Дастуридан.
Бухоролик маслакдошлар буни дилдан ҳис этиб, ўз бурчларига алоҳида масъулият билан ёндашишмоқда. Хусусан, Халқаро «Олтин мерос» жамғармаси вилоят бошқармаси ҳамда «Тадбиркор аёл» уюшмаси вилоят бўлими қошидаги бошланғич партия ташкилоти саъй-ҳаракати билан амалга оширилаётган ибратли ишлар бунга мисол бўлиши мумкин. Бандлик муаммосини ҳал этиш, ёшларда соғлом тафаккурни шакллантириш, меҳнат жамоалари ва аҳоли истиқомат жойларида касаначиликни ривожлантириш учун барча имкониятлардан фойдаланилмоқда. Таъкидлаш жоизки, бундан ўн йилча аввал БПТ раиси Зулайҳо Каримова ташаббуси билан Когон шаҳрида тўқув цехи ташкил этилган эди. Ҳаракатда — баракат, деганларидек, секин-аста патдўзлик, зардўзлик цехлари ҳам ишга туширилди. Айни кунда бу ерда кўплаб ёшлар фаолият юритмоқда. Улар бўш қолди дегунча, устоз ҳузурига ошиқадилар. Зулайҳо опа эса ҳамон ўша-ўша: хушмуомала ва ғамхўр, кези келганда қатъиятли ва талабчан. Хуллас, партия етакчиси учун қандай ижобий хислатлар зарур бўлса, барчаси унда мужассам. «Олтин мерос» жамғармаси вилоят бошқармаси Бухородаги тарихий ёдгорликлардан бири — Кўкалдош мадрасасида жойлашган бўлиб, касаначилик фаолиятига қизиққан хотин-қизлар бу ерга тез-тез келиб туришади. Опахон улардан ўз ёрдами ва маслаҳатларини аямайди. Ҳозирги пайтда 35 нафар хонадон соҳибалари касаначилик билан машғул. Қолаверса «Олтин мерос» жамғармасининг вилоят бошқармаси ва шаҳардаги 32-меҳрибонлик уйи билан тузилган икки томонлама шартномага мувофиқ, O’zLiDeP аъзоси, моҳир ҳунарманд Зайнаб Жўраева 50 нафар ёшларни ўз атрофига олиб, уларга кандакорлик, тўқувчилик сирларини ўргатмоқда. Худди шунингдек, Бухородаги 123-сонли мактаб-интернат тарбияланувчилари ҳам эътибордан четда қолмаяптилар. Бошланғич ташкилот саъй-ҳаракати билан улар каштачилик, тасвирий санъат, гиламдўзлик соҳалари бўйича етарли билим ва малакага эга бўлиб, мустақил ҳаётга ишонч билан қадам қўйишмоқда. Машғулотларни ўз касбининг усталари Феруз Қурбонов, Ҳакимжон Файзуллаев, Шамшод Наимов ва бошқалар олиб боришаяпти. Кези келганда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Жойларда ғоявий-сиёсий ишларни кучайтириш билан бир қаторда ўз биснесини йўлга қўйиш истагида бўлган тадбиркорлар, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. O’zLiDeP аъзолари иштирокида ҳозиргача Жондор, Fиждувон, Ромитан, Когон туманлари ҳамда Бухоро шаҳрида «Ўз бизнесингни бошла» мавзуида семинар-машғулотлар, маҳорат дарслари, бизнес-учрашувлар ўтказилдики, улар салмоқли натижалар бераётир. Умуман, хотин-қизларни тадбиркорлик, кичик бизнес, касаначилик соҳаларига кенг жалб этиш БПТ ва унинг етакчиси фаолиятида алоҳида ўрин тутади, десак асло хато бўлмайди. Қолаверса бу айни кундаги долзарб масалалардан биридир. Кўринадики, аҳоли бандлиги, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида «Олтин мерос» жамғармасининг вилоят бошқармасида ибратли тажриба тўпланган. Айни кунда Бухоро туризм коллежи ўқувчи-ёшларидан бир гуруҳи моҳир ҳунармандлар раҳбарлигида ўз маҳоратларини оширишмоқда. Улар коллежни битиргач, доимий иш билан таъминланадилар. Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. БПТ фаоллари Бухоро шаҳридаги 9-маҳалла фуқаролар йиғини ўрамидаги ҳовли-жойлар, шунингдек, вилоят марказининг Мехтар Анвар, Баҳоуддин Нақшбанд, Пойи Остона, Чорминор, Хўда Таъбат, Навоий кўчаларидаги хонадонларда ҳам бўлиб, аҳоли билан турли мавзулар, жумладан, O’zLiDePнинг дастурий мақсад ҳамда вазифалари, Сайловолди платформасида кўзда тутилган истиқболли режаларнинг амалдаги ижроси юзасидан учрашув ва суҳбатлар ўтказишмоқда. Халқ депутатлари Бухоро шаҳар кенгашининг депутати З.Каримова сайловчилар ишончини қозониш, ҳаётий муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш йўлида куч-ғайратини аямайди. Қатор ҳунарманд-шогирдлари пойтахтимиз Тошкентда йилига икки марта ўтказиладиган «Базар-Арт» тадбирида ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда. Бу, шубҳасиз, БПТ раисининг иқтидори ва катта ташкилотчилигидан далолат беради. — Бугунги ислоҳотлар жараёни зиммамизга алоҳида масъулият юклайди, — дейди БПТ етакчиси. Демак, билдирилган ишончни тўла оқлаш учун фаолликни янада оширишимиз лозим. Айни пайтда бошланғич ташкилот ҳисобида 22 нафар O’zLiDeP аъзоси бўлиб, улар ўз касби ва эътиқодига содиқ инсонлардир. «Сиёсий таълим маркази» томонидан ўтказилаётган турли мавзулардаги давра суҳбатлари, юзма-юз мулоқот ва бошқа тадбирлар кўпчиликда катта таассурот қолдираяпти. Зеро, мақсадлар муштарак бўлган жойдагина турмуш фаровонлиги ошиб, ютуқлар салмоғи кўпаяверади.
Носир ТОШЕВ,Асхор ИСТАМОВ,«XXI ASR»
Обсудить новость на Форуме