22:15 30.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Мўйноқдаги муҳокамалар моҳияти

Президентимиз Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» асарида алоҳида таъкидланганидек, табиат ва инсоннинг ўзаро муносабатларида муайян қонуният мавжудки, уларнинг бузилиши кейинчалик тузатиш мушкул бўлган экологик ҳалокатларга олиб келади. Дарҳақиқат, Орол муаммосининг юзага чиқиш ҳолати таҳлил қилинганда инсон омилининг «хизмат»ларидан кўз юмиб бўлмайди. Собиқ тузум давридаги калтабин сиёсат Оролбўйидаги халқ хўжалиги тармоқларини издан чиқаришдан ташқари минглаб одамларнинг улкан экологик инқироз билан рўбарў келишларига ҳам сабаб бўлди.— Табиий ресурсларга етказилган талофат миқдорини миллиардлар билан ҳам ўлчаб бўлмаслиги ҳаммамизга яхши маълум, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Пўлат Реймов. – Айни пайтда Мўйноқнинг жуғрофий жойлашуви — бошқа туманлар, автомобиль ва темир йўллар сингари коммуникациялардан анча олисда эканини  ҳам унутмаслик керак. Шунинг учун ҳам Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, муҳим дастурлар ҳаётга татбиқ этилаяпти. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси эса бундай истиқболли лойиҳаларни нафақат қўллаб-қувватлаш, балки улар ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Чунки партиянинг Сайловолди платформасида иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини таъминлашда маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, улар масъулиятини оширишда ўз ваколатларидан изчил фойдаланиш белгилаб олинган. Бугун Мўйноқ тумани ҳудудида газ конларини бурғулаш бўйича амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар, бундан ташқари, БМТ тузилмалари томонидан Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда био хилма-хилликни асраш ва экологик инқироздан азият чеккан кишиларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишлар эътиборга сазовордир. — Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган мураккаб экологик ҳолат Мўйноқ туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қай даражада таъсир кўрсатгани нафақат тадбир иштирокчилари, балки жаҳон жамоатчилигига ҳам маълум, — дейди Қорақапоғистон Республикаси иқтисодиёт вазири ўринбосари Жамбил Адилов. — Аммо ана шундай қийинчиликларга қарамай, Президентимиз раҳнамолигида қабул қилинган Давлат дастурлари ва минтақа миқёсида амалга оширилаётган чора-тадбирлар туфайли ҳудудда халқ хўжалиги тармоқларини изчил ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.Айни пайтда туманда жами 5996 гектарлик экин майдонига эга 35 та фермер ва 4569 та деҳқон хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. Тайёрланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 91,9 фоизи айнан уларнинг ҳиссасига тўғри келмоқда. Шунингдек, туманда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаяпти. Натижада жорий йилнинг ўтган даврида 591 тонна гўшт, 982 тонна сут, 373 минг дона тухум етиштирилди. Бу кўрсаткичлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тегишли равишда 117, 144 фоиз ҳамда 2,3 марта кўпдир.Ўтган йили тумандаги саноат корхоналари томонидан 64,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг тўққиз ойида бу кўрсаткич 57,7 миллиард сўмни ташкил қилди. Шунингдек, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришга жиддий эътибор қаратилиши туфайли ҳисобот даврида 2,2 миллиард сўмлик шундай маҳсулот тайёрланганини ҳам мутахассислар ижобий ҳолат, деб баҳоламоқдалар. Бунда O’zLiDeP электорати бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, хусусан, «Шагирлитутуну» масъулияти чекланган жамияти сингари ўнлаб тадбиркорлик тузилмаларнинг сезиларли улуши бор.— Истиқболдаги режалар нафақат мўйноқликлар, балки барча-барчамизни қувонтириши табиий, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Жўғорғи Кенгесидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Ботир Мирзаев. — Жумладан, «2013-2016 йилларда Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури»га кўра, саноат маҳсулотлари ҳажмини 92,6 миллиард сўмга етказиш ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришни 1,5 миллиард сўмга ошириш кўзда тутилган. Кейинги йилдагина туманда балиқ консервалари, сут маҳсулотлари ҳамда турли ширинликлар ишлаб чиқарувчи янги корхоналарнинг иш бошлаши режалаштирилган. «Қўнғирот-Мўйноқ» йўналишида лойиҳа қиймати 14,6 миллион АҚШ долларига тенг бўлган умумий узунлиги 101 километрлик сув тармоғининг тортилиши ҳам ўз навбатида қатор ҳаётий муаммоларга ечим топиши шубҳасиз.Амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳаларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш жоиз. Хусусун, 2015 йилгача ҳудудда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 116 та микрофирма ва кичик корхоналарни очиш кўзда тутилган. Уларнинг ишга туширилиши эса маҳаллий аҳоли учун муқим иш ўринлари ва барқарор даромад манбаини яратади, албатта.Илмий-амалий семинарда, шунингдек, геология-қидирув ишларини амалга ошириш чоғида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича «Aral Sea Operating Company» қўшма корхонаси менежери Баҳодир Шукуров, Жанубий Оролбўйида турмуш тарзини яхшилаш ва барқарор ривожланишини таъминлашда ижтимоий шерикликнинг ўрни мавзуида Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди бошқаруви раиси Мавлуда Шириновалар сўзга чиқиб, ҳудудда амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳаларнинг аҳамияти ва уларнинг дастлабки натижалари ҳақида батафсил маълумот бердилар.— Мўйноқ деганда кўпчилик, айниқса, хорижликлар кўз ўнгида гўёки ҳаёт тўхтаб қолган жой намоён бўлиши мумкин. Аслида бугун туманда умуман бутунлай бошқача манзарани кўраяпмиз, — дейди O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ботир Бекжанов. — Мана, буни ўзингиз ҳам кўриб турибсиз. Атрофга бир қаранг, ҳамма жойда бўлгани каби Мўйноқда ҳам бунёдкорлик ишлари авжига чиққан. Биргина болалар спорти мажмуаси қурилиши учун 582 миллион сўм ажратилган бўлса, саноат-транспорт коллежининг ўқув биносига яна 915 миллион сўм сарфланиши режалаштирилмоқда. Илмий-амалий семинарни айнан шу ерда ўтказишдан мақсад ҳам амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш баробарида сармоявий лойиҳаларнинг ўз вақтида бажарилиши, бу жараёнда қонунчиликка қатъий риоя этиш, айниқса, атроф-муҳитга зарар етказмаслик юзасидан таъсирчан назоратни амалга оширишдан иборатдир.Мўйноқдан қайтар эканмиз, туман ҳокими Қудайберген Утениёзов экологик инқироз юз беришидан олдинги лаҳзалар акс этган музей ва Орол денгизининг собиқ портини кўришга таклиф қилди. Йўл-йўлакай маҳаллий аҳолининг шахсий уй-жой қура бошлагани уларнинг эртанги кунга ишончининг нишонаси экани хусусида сўз очди......Қумга михланиб қолган кемалар. Собиқ портда шундай манзара ҳукмрон. Турган жойида занглаб қолган «сузгич»ларга нигоҳ ташлар экансиз, бир пайтлар мавжланиб турган денгиз хаёлингизда намоён бўлади. У келажакда ҳақиқатга айланса не ажаб. Ахир оққан дарё — оқмай қолмайди. 

Озод РАЖАБОВ,
"XXI asr" 
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме