17:00 19.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЛОЙИҲАЛАРИМИЗ ЁШЛАРГА, ТАДБИРКОРЛАРГА ВА ҲАР БИР ОИЛАГА
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Кичик бизнес ва тадбиркорлик ривожланиши обод турмушнинг муҳим шарти” мавзуидаги форум доирасида ўтказилган “Лойиҳаларимиз: ёшлар, тадбиркорлар ва ҳар бир оилага” номли анжуманда партиявий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. – Бугун лойиҳаларни фақат тақдимот қилиш эмас, балки тадбир иштирокчилари ва ОАВ вакилларидан лойиҳаларимизни янада бойитадиган амалий таклифларни ҳам олишни режалаштирганмиз, – деди тадбирда сўзга чиққан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М. Тешабоев. – Чунки улар томонидан бериладиган ҳар бир таклиф лойиҳаларимизни мазмун жиҳатдан янада бойитишга ва уларнинг самарали натижаларини таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз. Тадбирда “Мулкдор оила – 2013”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари”, “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила”, “Парламентда менинг ўрним”, “Агар мен депутат бўлсам”, “Диплом билан бизнесга”, “Ишбилармон талаба”, “Ёш олимлар ва тадқиқотчилар – 2013”, “Тадбиркорлар мулоқот форуми”, “Турмуш ободлиги – маҳалла ободлиги” каби партиявий лойиҳалар тақдим этилди. O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари М. Акрамова эса айнан аёллар билан ишлаш йўналишидаги лойиҳалар ҳақида маълумот бериб, улар барча шаҳар ва туманларда, айниқса, чекка қишлоқларда хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳамда ижтимоий-сиёсий билимларини оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. – Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими биринчи ярим йилликда партия Дастури ва Сайловолди платформасида белгилаб қўйилган мақсад ва вазифалар, шунингдек, «Обод турмуш йили» Давлат дастурида қайд этилган устувор йўналишлар ижросини таъминлаш бўйича 3 та йирик лойиҳани амалга оширишни режалаштирган, – деди М.Акрамова. Партиянинг Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Бегмат Очилов партиявий лойиҳалар, авваламбор, фуқаролик жамиятини шакллантиришда фаол иштирок этишга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялаш, ёшлар ҳуқуқий ва сиёсий билими, ҳуқуқий онгини оширишга қаратилганини таъкидлаб, жорий йилда бўлим томонидан 6 та лойиҳа илгари сурилаётгани эълон қилди. – Партия учун ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатига жалб қилиш, инновацион ғояларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг ижодий фаоллигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, булар партия Дастурининг муҳим йўналишларидир. 2013 йилнинг “Обод турмуш йили” деб эълон қилиниши ва тегишли Давлат дастури қабул қилиниши ҳар бир юртдошимиз зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Партия фаоллари бу масъулиятли вазифани чуқур ҳис этиб, турли лойиҳалар орқали мамлакатимизда юз бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол қатнашишга ҳаракат қилмоқда, – деди Б.Очилов. Партиянинг Бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш сектори мудири Ботир Мардаев жорий йилда «Мулкдор оила» ҳамда «Тадбиркорлар мулоқот форуми» каби анъанавий лойиҳалар такомиллаштирилганини ҳамда бугунги кунда O‘zLiDePнинг асосий вазифаларидан бири кичик ва хусусий тадбиркорлик имкониятларини кенгайтириш, аҳоли фаровонлиги, турмуш сифатини ошириш, бу борада партия фаолиятига фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчиликни жалб қилиш эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, 2012 йилда партия Марказий банк ва тижорат банклари билан яқин ҳамкорликда 1700 дан зиёд тадбир ўтказган. Уларда коллежларнинг 20 мингдан ортиқ битирувчиси, кичик бизнес ва фермерлик субъектлари вакиллари иштирок этган. Ўтган йили тижорат банклари томонидан ушбу тадбирлар доирасида бизнесни ривожлантириш учун умумий миқдори қарийб 8 млрд. сўмлик кредитлар ажратилган. – “Обод турмуш йили” Давлат дастури устувор йўналишлари ва вазифаларини амалга оширишни кўзда тутувчи 12 та йирик ижтимоий-иқтисодий лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу тадбирларда ҳамкор ташкилотлар – Марказий банк ва тижорат банклари иштироки муҳим аҳамиятга эга бўлди. Чунки улар кафолатланган молиявий ресурслар манбаи ўлароқ, мамлакатимиз молия институтлари ишончлилиги ва долзарблигини ҳам тарғиб этади, – деди Б.Мардаев. Анжуманда таъкидландики, республиканинг энг чекка ҳудудларида ўтказилган, ёшларни ва аҳолининг бошқа қатламларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилишга қаратилган партиявий тадбирлар аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринларини ташкил этишга хизмат қилмоқда. Хусусан, “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси доирасида 2012 йилда ўтказилган ўқув-семинарларда фаол қатнашган ёшларга тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилди, натижада улар томонидан мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Учрашувда оилавий тадбиркорлик мавзусига ҳам тўхтаб ўтилди. Бу борада партиянинг амалий иштирокини таъминлайдиган лойиҳалар ҳамда “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган кенг қамровли тушунтириш ишларини ташкил этиш муҳим вазифа экани эътироф этилди. Ташкилотчиларнинг айтишича, O‘zLiDePнинг партиявий лойиҳалари тадбиркорлар ва оила манфаатларига қаратилган. Манфаатдор қатлам эса, авваламбор, аёллар, ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, яъни мамлакат аҳолисининг юқори билимли, меҳнатга лаёқатли қисмидир. Ҳамкорликдаги лойиҳалар қарийб 100 минг иштирокчини қамраб олиши кўзда тутилмоқда. Тақдимот давомида иштирокчиларга ҳамкорликдаги чора-тадбирлар, лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари ва молиявий манбаларига оид зарур маълумотлар берилди. “Лойиҳаларимиз ёшларга, тадбиркорларга ва ҳар бир оилага” номли тақдимотда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Марказий банк, тижорат банклари, ҳамкор ташкилотлар – Савдо-саноат палатаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, ЎзННТМА, Фермерлар кенгаши, Давлат солиқ ва божхона қўмиталари, Хотин-қизлар қўмитаси, Республика “Оила” илмий-амалий маркази, Суғурта бозори профессионал иштирокчилари уюшмаси вакиллари, партия фаоллари – тадбиркорлар, фермерлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме