20:30 22.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЛОЙИҲАЛАР ТАҚДИМОТИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
О‘zLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши партиянинг “Обод турмуш йили”да амалга ошириладиган лойиҳалари тақдимотини ўтказди. “Кичик бизнес ва тадбиркорлик ривожланиши обод турмушнинг муҳим шарти” форуми доирасида ўтказилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари аъзолари, банклар мутасаддилари, тадбиркорлар, фермерлар ва талабалар иштирок этди. Даставвал О‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Ш.Бозорбоева иштирокчиларга форумнинг мақсад ва вазифалари ҳақида умумий тушунча бергандан сўнг сўзга чиққанлар тақдим этилаётган лойиҳаларга батафсил тўхталиб ўтди. Ҳар бир лойиҳанинг ўзига хос жиҳатлари ва мақсадлари ҳақида маърузалар тингланди. О‘zLiDeP Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими етакчи консультанти Ҳилола Ибрагимовнинг айтишича, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” лойиҳаси назарийдир. Лойиҳа хотин-қизларга тадбиркорликни йўлга қўйиш ва амалга оширишда назарий жиҳатдан яқиндан кўмаклашиш, уларни қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш имкониятлари ва намунавий лойиҳалар билан таништириш, етакчи ва илғор тадбиркор, фермер, ҳунарманд ва касаначи хотин-қизлар тажрибасини оммалаштириш кўзда тутади. - “Оилавий тадбиркорликдан - мустаҳкам оилага” лойиҳаси эса амалий лойиҳа бўлиб, унинг мақсади хотин-қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, бизнес-режа тузиш ва уни техник-иқтисодий жиҳатдан асослаб беришга ўргатиш, қишлоқ хотин-қизларининг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги иштирокини фаоллаштиришдан иборат. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда мамлакатимиздаги етакчи олтита йирик тижорат банки билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган”, - деди Ҳ.Ибрагимова. Унинг сўзларига кўра, “Соғлом оила - мустаҳкам оила” лойиҳаси оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, умр узоқлигини таъминлаш, соғлом миллат генофондини асрашга кўмаклашиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тарғиб қилиш, чекка ҳудудларда яшаётган ёш қизларни спорт билан шуғулланишга кенгроқ жалб этиш, аёл мураббийлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ўртасида зарарли иллатлар тарқалиши олдини олиш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш ҳамда никоҳ ёшига етмаган қизлар ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари олдини олиш масалаларига эътибор қаратади. Партия Ёшлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Нилуфар Отаева ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг изланишларини ва интилишларини қўллаб-қувватлаш О‘zLiDePнинг устувор мақсадларидан бери бўлиб келаётганига эътибор қаратди. “2004 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон талаба” кўрик-танлови фикримизга мисолдир, - деди у. - Аҳамиятлиси, бу орқали ёшлар ўзларида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш имконига эга бўлмоқда”. Тадбирда “Парламентда менинг ўрним”, “Агар мен депутат бўлсам” , “Диплом билан бизнесга”, “Ёш олимлар ва тадқиқотчилар-2013”, “Хавфсиз интернет” каби лойиҳалар ҳам тақдим этилди. Улар ҳам, асосан, салоҳиятли ёшларимизга мўлжаллангани, мамлакатимизнинг етакчи тижорат банклари томонидан молиявий қўллаб-қувватланиши қайд этилди. Ёшлар, тадбиркорлар ва оилалар манфаатларига қаратилган партиявий лойиҳалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотгани сабабли тақдимот қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Қатнашчилар саволларига мутахассислар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари жавоб берди.О‘zLiDeP Сирдарё вилояти КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме