17:15 19.09.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЛОЙИҲАЛАР КЎП, АММО...
Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим йўналишларига қаратилган вазифалар ижроси юзасидан ижро ҳокимияти идоралари, мансабдор шахсларини ҳисоботларини эшитиш ва амалий ишларга асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда партия Дастуридаги вазифаларни бажаришга қаратилган тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Бухорода халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши ҳам шулар жумласидандир. Йиғилиш кун тартибидаги дастлабки масала – “Давлат инвестиция дастури бажарилиши борасида вилоятда олиб борилаётган ишлар тўғрисида” вилоят ҳокимининг иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Ҳусниддин Ғойировнинг ҳисоботи тингланди. Таъкидланганидек, вилоятнинг 2012 йилга мўлжалланган ҳудудий инвестиция дастурига асосан жорий йилда умумий қиймати 31,2 млн. АҚШ доллари бўлган 57 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бунда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 5,4 млн. долларни ташкил этади. Бундан ташқари, лойиҳа ташаббускорларининг ўз маблағлари, хорижий кредитлар ҳамда тижорат банклари кредитларидан ҳам самарали фойдаланиш кўзда тутилган. Янги ташкил этилган ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳисобидан жорий йилнинг январ – июль ойларида 213 та ишчи ўрни яратилиб, жами 5,4 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ҳамда умумий қиймати 1,3 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинди. 2012 йилнинг 9 ойлик якуни билан барча лойиҳалар бўйича жами 21156,0 минг АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этилиб, бу борадаги режа 129 фоизга бажарилиши кутилмоқда. Бир қарашда ушбу йўналишдаги ишлар рисоладагидек бажарилаётганга ўхшаб кўринса-да, бироқ вилоят айнан шу масалада, яъни ҳудудларга инвестицияларни жалб этиш бўйича республикада анча орқада қолган. Халқ депутатлари вилоят кенгашида “Ҳудудий инвестиция дастури” қабул қилинганлигининг ўзи вилоят учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Шуни назарда тутган ҳолда халқ депутатлари вилоят кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида айнан шу масала бўйича вилоят ҳокими ўринбосарининг ҳисоботи тингланганлиги ҳам бежиз эмас. Негаки, катта салоҳиятга эга бўлган Бухоро вилояти миқёсида инвестицияларни жалб этиш бўйича юқорида таъкидланган кўрсаткичларни талаб даражасида деб айтиш қийин. Энг ёмони, тасдиқланган лойиҳалар ижросига бевосита дахлдор бўлган банк муассасаларининг сансалорлиги, тадбиркорларга кредит маблағларини бериш борасидаги сусткашлиги ушбу йўналишдаги ишларга салбий таъсир ўтказмоқда. Ижроия ҳокимияти органлари томонидан инвестицион лойиҳаларнинг чуқур ўрганилмаётганлиги ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича аниқ таклиф ва тавсияларнинг ўртага ташланмаётганлиги ҳам истиқболли лойиҳаларни ҳаётга ўз вақтида тадбиқ этишга тўсқинлик қиляпти. Ушбу масала бўйича Бухоро шаҳридаги айрим корхона ва ташкилотларда ўрганиш ишлари олиб борилганда ҳам бир қатор муаммолар борлиги ва уларни тезда ҳал этиш зарурлиги аниқланди. Масалан “Махсусавтохўжалик” ўзининг “Ипотека” банкидан кредит олиши учун 30 фоиз олдиндан тўлов маблағи ва кафолатга қўядиган нарсаси бўлмаганлиги сабабли мана шу муаммони ҳал этиш масаласи қийин кечаяпти. “Бухоро тонг” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган қандолатчилик маҳсулотларини сотишда қийинчилик туғулганлиги сабабли Хитой давлатидан 11 минг АҚШ долларига компрессор камера ва қадоқлаш дастгоҳини сотиб олиш муаммо бўлиб турибди. Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 3 августдаги “Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросининг 2012 йилда амалга ошириладиган ҳудудий дастурда белгиланган вазифаларни бажарилиши бўйича Марказий банк вилоят Бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиев ҳамда вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Нормирзаевларнинг ҳисоботлари тингланди. Йиғилишда таъкидландики, вилоятда банкдан ташқари пул айланмасини қисқартириш, аҳолининг бўш пул маблағлари банк депозитларига жалб этиш, шунингдек, пластик карточкалар орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида мазкур йўналишда муайян натижалар қўлга киритилган. Гарчи шундай бўлсада, вилоятда банк пластик карточкаларидан фойдаланишда бир қатор муаммолар йўқ эмас. Бу борадаги ишларни талаб даражасида деб айтиш қийин. Жойларда O`zLiDeP депутатлик гуруҳларининг 70 нафарга яқин аъзолари томонида ўтказилган ўрганиш натижалари ҳам худди шуни тасдиқлади. Ўрганиш даврида барча туман, қишлоқ бозорлари, катта супермаркет ва дўконларга борилди, сотувчи ва харидорлар билан суҳбатлар ўтказилган. Депутатлик гуруҳи йиғилишида муҳокама этилган масалалар юзасидан сўзга чиққан халқ депутатлари вилот кенгаши депутати Бахтиёр Асадов, халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутати Ахтам Исаевлар сўзга чиқиб, иқтисодий соҳаларда аҳоли учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериш, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг самарали механизмларини йўлга қўйиш лозимлиги, бу борадаги барча ишлар маҳаллий кенгашлар депутатлари бошчилигида ҳамда жойлардаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳамкорлигида амалга ошириш орқали кутилган натижага эришиш мумкинлигини таъкидладилар.
O`zLiDeP вилоят
Кенгаши депутатлик гуруҳи
Обсудить новость на Форуме