20:15 25.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЛОЙИҲА ТАДБИРКОРЛАР САФИНИ КЕНГАЙТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛЯПТИ

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳасининг вилоят босқичини ўтказди. 

Тадбир доирасидаги “Бизнес режа тузиш ва уни техник-иқтисодий жиҳатдан асослаш” мавзуидаги ўқув семинарида O‘zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ва Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги депутатлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, лойиҳанинг туман ва шаҳарлар босқичлари ғолиблари иштирок этди. 

Тадбирда сўзга чиққанлар лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, бугунги кунда аёлларнинг иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш учун жойларда зарур шарт-шароитлар яратиш, ёш қизларнинг интилиш ва изланишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирди. 

– Биргина шу лойиҳамиз доирасидаги давра суҳбатлари, учрашув ва семинарларда қарийб  350 нафардан ортиқ хотин-қиз иштирок этгани бу йўналишдаги ишларимиз салмоғини кўрсатиб турибди, – дейди O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши  раиси  ўринбосари Меҳрибон Йўлдошева. – Бу тадбирларимиз Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган мақсад ва вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида минглаб аёлларимизни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш имконини беряпти. 

Халқ банкининг Хоразм вилояти филиали бўлим бошлиғи Отабек Қазақов O‘zLiDePнинг ёшлар ва аёллар ўртасида тадбиркорликни кенг тарғиб этиш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий саводхонлигини ошириш, инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. 

“Тижорат банклари ҳам партия билан ҳамкорликда бу борадаги барча ишларга кўмакдош бўлишга интиляпти”, – деди О.Қазақов.

Семинар давомида тадбиркорлик ва фермерлик соҳаларидаги муаммоларни бартараф қилиш, партия электорати вакилларини бизнесга кенг жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. 

Шу билан бирга, лойиҳанинг вилоят босқичида қатнашаётган иштирокчиларнинг бизнес режалари тақдимоти ўтказилди.

Тадбиркор Моможон  Эшчонова ўз бизнес режаси ҳақида гапирар экан, O‘zLiDeP лойиҳалари орқали фаолиятини кенгайтиришга интилаётганини эътироф этди. 

Унинг айтишича, бизнес фаолиятини тикувчиликдан бошлаган. Энди эса бу йўналишда ўқув курсларини очиш ҳаракатида. 

Умуман, тадбир якунига кўра 11 нафар тадбиркор хотин-қизга тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. 
O‘zLiDeP Хоразм вилоят КенгашиМатбуот хизмати  

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме