07:00 05.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЛИБЕРАЛИЗМ ТАМОЙИЛЛАРИ
Президентимиз Ислом Каримов томонидан асослаб берилган тараққиётнинг «ўзбек модели» таниқли давлат арбоблари, сиёсатшунос олимлар томонидан алоҳида эътироф этилаётгани бежиз эмас. Зеро, бунда истиқлол йиллари қўлга киритилган беқиёс натижалар, халқимизнинг озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш борасидаги ютуқлари ва уларга асос бўлган изчил ислоҳотлар атрофлича таҳлил этилмоқда. Бу борада ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг жаҳон тажрибаси ва миллий анъаналарга таянган изчил ўзгаришлар замирида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мужассам экани, барча соҳалардаги ислоҳотларда демократия тамойиллари ва либерал-демократик ғояларга амал қилишнинг самарали йўллари татбиқ этилаётгани, бунда ўзига хос прагматик ёндашувларга асосланилаётгани таъкидланаяпти. Бир сўз билан айтганда, мустақиллик йиллари Ўзбекистонда эришилган улкан ютуқ ва натижалар, мамлакатимизнинг ривожланиш моделига мос «ўзбек либерализми» асосида шаклланаётгани тан олинмоқда. Маълумки, дунёда либерализмнинг турли мамлакатларга хос хусусиятлари, француз ва инглиз, немис ва швед, корейс ва япон моделлари, Америка ва Европа мактаблари мавжуд. Аммо, демократия каби, бу борада ҳам мутлақ ҳақиқат даражасига кўтарилган ва ҳеч бир ўзгаришларсиз бошқа жойларга кўчириш мумкин бўлган ҳаммабоп ва умумий модель йўқлигини таъкидлаш жоиз. Фақат ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида эркинлик устувор бўлиши, жамиятнинг эволюцион йўл билан ривожланиши, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларининг устуворлиги, умуминсоний қадриятлар ва миллий-маънавий асосларга таяниш, ғоялар хилма-хиллигининг тарихий тараққиётга боғлиқ экани, ижтимоий-сиёсий тизимда кескин зиддиятларга бормаслик каби либерализмга хос бўлган умумий тамойиллар бор, холос.Шу билан бирга, замонавий либерализм сиёсий қарашлардаги радикализм ҳамда ўзгаришларнинг инқилобий ва зўрлик йўлларидан воз кечиш, муқобил ғоялар мавжудлигини эътироф этиш ва ҳурмат қилиш, халқаро муносабатларда сиёсий плюрализм тамойилларига амал қилиш, сайлов тизимини демократик тамойиллар асосида ташкил этиш, турли шаклдаги ҳокимият тармоқлари фаолияти мустақиллигини таъминлаш, давлат органлари ишининг фуқаролар томонидан назорат қилинишига эришиш каби умумий мақсад ва вазифаларни ҳам назарда тутади.Либерализмнинг муайян бир мамлакатга нисбат бериладиган миллий моделида эса ана шу тамойиллар ва мақсадларни амалга оширишда муқаррар тарзда намоён бўладиган, ўша ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, халқ менталитети ва анъаналари, маҳаллий шарт-шароитлар ҳисобга олиниши лозимлиги, шубҳасиз. Шу маънода, мустақиллик йиллари Ўзбекистонда бу борада ўзига хос модель, либерал-демократик ғояларга асосланган тушунча ва тамойиллар шаклланди, дейишга тўла асослар бор. Зеро, юртимизда демократик-ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг шаклланиши либерализм ғояларининг янги тамойиллар билан бойиб бораётганини ҳам кўрсатмоқда. Тараққиётнинг «ўзбек модели» ва унинг машҳур беш тамойили ҳаётга жорий этилиши эса либерал-демократик ғояларнинг миллий хусусиятларини яққол намоён қилди.Бу борада Юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган ислоҳотлар, қўлга киритилаётган натижалар ва тўпланган тажрибанинг нафақат миллий, балки умуминсоний аҳамият касб этаётганига таҳлилчилар алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Бу, айниқса, глобаллашув жараёнларида либерализм ғоялари намоён бўлишининг ҳар бир мамлакат ва халққа хос хусусиятларини ҳисобга олиш, мамлакатимизда қўлга киритилаётган ютуқ ва тажрибалардан умуминсоният эҳтиёжларини қондириш мақсадида фойдаланилаётганлигида яққол кўзга ташланаяпти. Зеро, айрим давлатларда жамиятимиз ҳаётини демократлаштириш ва либераллаштириш бўйича муваффақиятли синовдан ўтган ҳамда салмоқли натижалар берган ғоя ва тамойилларни ўзлариникидек қилиб кўрсатиш ва уларни ўз мамлакатлари ҳаётига татбиқ қилиш ҳолатларига гувоҳ бўлаяпмиз. Маълумки, собиқ иттифоқ даврида ушбу мавзунинг тақиқлаб қўйилгани кўплаб салбий оқибатларга олиб келди. Гарчанд озодлик ғояси ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ умуминсоний қадриятлар бутунлай рад этилмаган бўлса-да, ўша давр мафкурасининг маккорона ўйинлари туфайли бу ғоялар қуруқ шиорлар, ўз мазмун-моҳиятидан йироқ тушунчаларга айланиб қолди. Либерал-демократик ғоялар тарихи ва такомилининг собиқ иттифоққача бўлган даври ҳақида сўз кетганида аввало, бу борадаги қарашлар кенг ёйила бошлаган даврларда ҳам уларни ҳаётга татбиқ этиш учун реал замин, имконият бўлмагани, бу борадаги орзуларни амалга оширишнинг йўллари ва имкониятлари ҳақидаги фикр ва қарашлар ҳам утопик бўлганини эътироф этиш лозим. Шу билан бирга асрлар давомида бу ғояларни амалга оширишда кўплаб тўсиқлар қўйилгани, уларнинг тарафдорларига қарши аёвсиз кураш олиб борилгани ҳам тарихдан маълум. Ўзбекистоннинг мустақилликни қўлга киритиши бу соҳада ҳам ҳақиқий бурилишга сабаб бўлди. Мамлакатимизда либерал-демократик ғоялар ижобати учун реал имкониятлар вужудга келди. Ҳали собиқ иттифоқ ҳукмронлиги давом этаётган бўлса-да, XX асрнинг 80-йиллари охирида халқимизнинг мустақиллик йўлига дадил қадам қўя бошлагани аслида озодлик ва эркинлик, демократик ислоҳотлар ва фуқаролик жамияти томон ташланган дадил ҳаракатни англатар эди. Ўша давр ҳақиқатларини тўла акс эттирган «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» асарини чуқур ўрганиш бугунги ўзбек либерализмининг назарий-методологик асослари ва амалий тамойиллари ўшандаёқ шакллана бошлаганидан далолат беради. Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида муҳим воқеа бўлган ана шу асардан жой олган Ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Советининг 1990 йилнинг 24 мартида бўлиб ўтган биринчи сессиясида сўзланган «Халқ иродаси билан танланган йўл» деб номланган нутқдаги қуйидаги фикр ҳам буни тасдиқлайди: «Биринчи навбатда инсон, унинг эҳтиёж ва талаблари, жисмоний ва маънавий юксалиши республикада бўлажак миллий давлат ва ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг марказида бўлиши шарт».Мазкур китобдан ўрин олган бошқа фикр-мулоҳаза ва мантиқий хулосалар ҳам мамлакатимизда либерализмга хос умуминсоний демократик тамойилларнинг эркинлик ва инсон камолоти ҳақидаги бой маънавий меросга таянганидан далолат беради. Бу эса XVII-XVIII асрларда шаклланган мумтоз либерализм вакилларининг давлат ва жамиятдаги барча фаолияти пировард натижада инсон, унинг эркинлиги ва ҳақ-ҳуқуқларини амалга оширишга хизмат қилиши керак, деган ғоялари Ўзбекистонда ўз реал заминига эга бўлаётганини кўрсатади. Улардан III аср аввал яшаган Алишер Навоий, X аср охири ва XI аср бошларида Беруний ва Ибн Сино, бундан II-III аср олдинроқ Ал-Бухорий ва Фаробий асарларида ҳам бу борада кўплаб теран фикрлар баён қилинган бўлса-да, уларни амалга оширишнинг реал механизми ишлаб чиқилмаган ва ҳаётга татдбиқ этиш имконияти яратилмаган эди.Мустақиллик йилларидагина Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устувор бўлган демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришга кенг йўл очилди. Мазкур жараёнда инсонга олий қадрият сифатида муносабатда бўлиш, унинг манфаатларини ислоҳотларнинг асосий мезони тарзида тушуниш муҳим аҳамият касб этди. «Юксак маънавият – енгилмас куч» асаридан олинган қуйидаги фикрларга эътибор қаратайлик: «Аслида, ҳар қандай ислоҳотнинг энг муҳим самараси, аввало, халқнинг маънавий-руҳий қарашларидаги янгиланиш жараёнлари, унинг онгу тафаккурининг юксалиши, мамлакатда юз бераётган ўзгаришлар унинг ҳаётига, тақдирига дахлдор бўлганини чуқур ҳис қилиши ва шундан хулоса чиқариши билан белгиланади. Биз амалга ошираётган ислоҳотларимизда ана шундай натижаларга эришиш учун барча ўзгариш ва янгиланишларнинг марказига инсон ва унинг манфаатларини қўйдик. Шунинг учун ҳам бугунги кунда ана шу жараёнларнинг моҳиятида ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун хизмат қилиши керак, деган мақсад мужассам эканини ва унинг амалий ифодасини барча соҳаларда кўриш, кузатиш қийин эмас».Ушбу теран хулоса ва тиниқ мулоҳазалар муаллифи асарларидаги фикрлар ривожини диққат билан ўрганиш, уларда мамлакатимиздаги либерал-демократик ғоялар такомилининг қарийб йигирма беш йиллик эволюцияси, бу жараённинг динамикаси, умумий қонуниятлари ва ўзига хос хусусиятлари асослаб берилганини кўрсатмоқда. Ўзбекистонда қўлга киритилаётган ютуқ ва натижалар эса инсон ва унинг эркинликлари ҳақиқатан ҳам жамиятимиздаги барча ўзгаришларнинг марказига қўйилганини исботлайди.Бир сўз билан айтганда, мустақилликка эришиш арафаси ва ундан кейинги йилларда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ўзбек либерализмининг демократик тамойиллар билан узвий боғлиқ бўлган ўзига хос белгилари шаклланди ва улар муттасил мустаҳкамланиб бормоқда. Аввал бошданоқ ислоҳотларнинг инқилобий йўлидан воз кечилгани, ўзгаришларнинг тадрижийлиги ва босқичма-босқичлиги, умуминсоний қадриятлар ва миллий анъаналар уйғунлигига асослангани, ислоҳотлар жараёнида халқ менталитети ва мавжуд шарт-шароитларнинг тўла ҳисобга олингани, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, эҳтиёж ва талаблари, жисмоний ва маънавий юксалиши ислоҳотлар марказидан жой олгани, ҳар қандай ўзгаришлар жамиятдаги барча қатлам вакилларининг асл манфаати ва халқ фаровонлиги ғоясига хизмат қилишга қаратилгани мустақиллик йилларида шаклланган «ўзбек либерализми»нинг ўзига хос белгиларидир.«Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» эса айни шу маънода бу борада шаклланган хусусиятларнинг реал асосларга таянганини кўрсатади. Ана шу муҳим ҳужжатнинг давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, суд-ҳуқуқ ва ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, сайлов ва ҳуқуқ эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ҳамда ривожлантириш, демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштиришга бағишланган бобларида мумтоз либерализм ғояси муаллифларининг орзу-умидларини амалга оширишнинг барча имконият ва истиқболлари аниқ кўрсатиб берилган.Тан олиш лозим: кейинги пайтларда либерал-демократия ғояси ва унинг амалиёти билан боғлиқ масалалар энг долзарб мавзулардан бирига айланди. Бу борадаги адабиётлар, китоб, рисола ва тадқиқотларда унинг асосий жиҳатлари атрофлича таҳлил қилинаяпти. Президентимиз асарлари бошқа соҳалар қатори бу борада ҳам асосий методологик асос ва умумназарий манба сифатида хизмат қилмоқда. Модомики, халқимизнинг бугунги куни ва келажаги учун ниҳоятда муҳим бўлган бу манбанинг дунёга келиши мамлакатимиз ҳаётининг феноменал ҳодисаси сифатида рўй бераётган экан, жамият ҳаётини демократлаштириш ва лебераллаштириш, инсон манфаатлари ва ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини англаш учун ушбу манбани чуқур ўрганишимиз ва бу борадаги фаолиятимизни янада кучайтиришимиз зарурлиги давр талабига айланди.
Қиёмиддин Назаров“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме