20:45 13.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Кун тартибида кичик бизнеснинг экспорт ва импорт фаолияти
Республика Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Муҳаммадюсуф Тешабоев мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлади. — Жорий йилнинг 12-14 сентябрь кунлари Тошкентда ўтган “Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияда ҳам бу фикрлар ўз исботини топди, — деди у ўз сўзида. — Президентимиз Ислом Каримовнинг нуфузли халқаро ташкилотлар ва молия институтлари иштирок этган анжумандаги нутқи эса O’zLiDeP аъзолари томонидан соҳани янада ривожлантириш йўлидаги дастурий ҳужжат сифатида қабул қилинди. Яъни ўрта қатлам вакиллари манфаатини ҳимоя қилаётган сиёсий куч сифатида мавжуд қонунчилик базасини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш орқали уни янада такомиллаштириш, тадбиркорлар учун қўшимча имтиёз ва преференциялар тизимини мустаҳкамлашни энг долзарб вазифалар сифатида белгилиб олдик. Ана шу қатлам вакилларининг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини янада кенгайтириш масаласи ҳам O’zLiDePдан алоҳида масъулият талаб этади. Зеро, партиянинг Сайловолди платформасида нафақат экспортга маҳсулот етказиб беришни рағбатлантириш, балки етиштирилган ва қайта ишланган саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини стандартлаштириш ва сертификатлаштиришда рўй берадиган расмиятчилик ҳолатларига ҳам чек қўйиш бўйича фаол иш олиб бориши аниқ белгилаб олинган. Бугунги мулоқотдан мақсад мазкур масала юзасидан аниқ таклиф ва тавсияларни жамлашдан иборатдир. Гарчи қонунчилигимизда экспорт ва импорт фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик тузилмалари учун кенг имкониятлар яратилган бўлса-да, жойларда ана шундай кафолатли имкониятлар хусусида маълумотларнинг етарли эмаслиги улар фаолиятини тўла ривожлантиришга халақит бераяпти.Бунинг олдини олиш учун эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт ва импорт фаолиятига доир имтиёз ва преференциялар хусусида кенг маълумотлар тарқатиш, жойлардаги фаолларимиз, айниқса, маҳаллий кенгашлардаги депутатларни бу ишга сафарбар этишимиз лозим. Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов ҳам сўзга чиқиб, ташқи бозорда харидорбоп, юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун экспортга маҳсулот чиқарувчи корхоналарни рағбатлантиришни янада кучайтириш, уларга янги имтиёз ва преференциялар бериш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлади. Анжуманда қайд этилганидек, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ иқтисодиётнинг реал секторини жадал ривожлантиришга устувор аҳамият берилгани боис бугунга келиб хўжалик юритувчи субъектларнинг 90 фоиздан ортиғини кичик бизнес корхоналари ташкил этмоқда. Айни пайтда ялпи ички маҳсулотнинг 54 фоизи, саноат маҳсулотларининг 22 ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг 98 фоизи мазкур соҳа ҳиссасига тўғри келаяпти. Меҳнатга яроқли аҳолининг 75 фоизи кичик бизнесда банд экани, ушбу соҳанинг экспортдаги улуши қарийб 19 фоизга етгани ҳам юқоридаги мулоҳазаларга мисол бўлиши мумкин. O’zLiDeP фаолларининг фикрича, тадбиркорларнинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини янада кенгайтириш, уларга экспорт-импорт масалаларида қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар ижросини кучайтириш лозим. Шу ўринда 2011 йили «Ўзстандарт» агентлиги ҳузурида Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси ҳамда “Ўзтадбиркорэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ташкил этилганини таъкидлаш мумкин. – Айни пайтда мазкур ташкилотлар томонидан кичик бизнес субъектларининг жаҳон бозорида бемалол рақобатлашиши учун экспорт-импорт билан боғлиқ барча масалаларда уларга профессионал хизмат кўрсатилмоқда, – дейди Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Дилшод Расулов. – Жорий йилнинг биринчи ярмидагина тадбиркорларимиз томонидан жами 1087,5 млн. доллар миқдорида маҳсулот экспорт қилинди. Бу кўрсаткич 2011 йилнинг мос даврига нисбатан 114,1 фоизга кўпдир. Агар кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилаётган экспорт операцияларини 2000 йилга қиёсласак, бу рақам бир-неча баробарга ошганини кўрамиз.– Кичик бизнeсни ривожлантириш жамият равнақи, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, — деди йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Насим Алимов. – Шунинг учун ҳам юртимизда бозор иқтисодиётининг асоси бўлган хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлайдиган ҳуқуқий база яратилди. Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини ташкил этиш бўйича қулай шарт-шароитлар ва ҳуқуқий кафолатлар яратилиб, уларга экспорт ва импорт операцияларини амалга оширишда алоҳида имтиёз ва преференциялар жорий қилинди.Ушбу соҳага оид муносабатлар 10 дан ортиқ қонун ва 30 дан ортиқ меъёрий ҳужжат билан тартибга солинаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Масалан, “Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида”, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”, “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”, “Экспорт назорати тўғрисида”, “Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида”, “Бож тарифи тўғрисида”ги қонунлар, Солиқ ҳамда Божхона кодекслари, Президентимизнинг “Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кенгайтириш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Товарлар импортини божхона-тариф жиҳатдан бошқаришни такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Экспорт маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ва қарорлари шулар жумласидандир.Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2012 йилнинг 1 августидан бошлаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ташқи иқтисодий фаолият соҳасида қатор енгилликлар берилганини таъкидлаш лозим. Хусусан, экспорт-импорт контрактларини ваколатли банкларда ҳисобга олиш 8 иш соатида амалга оширилиши, юкларни божхона расмийлаштируви ва келиб чиқишини тасдиқловчи сертификатларни бериш 3 иш кунида бажарилиши, бундай ҳужжатлар маҳсулотнинг контракт бўйича тўлиқ ҳажмига бир йўла берилиши, импорт қилинадиган товарларнинг мувофиқлик сертификати 10 иш кунида тақдим этилиши соҳани янада ривожлантириш имконини бермоқда. Бироқ анжуманда ана шундай қулайликларга қарамай, ҳали ечимини кутаётган айрим масалалар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди. Хусусан, маҳсулотларни қадоқлаш, ташиш, хорижий давлатларнинг стандартлари талабларини бажариш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг экспорт-импорт амалиётларини бажаришда ўрнатилган тартиб-қоидалар тўғрисида жойларда етарлича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмаяпти. Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимизга эса бу борада ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаяптилар. Мулоқотда ишбилармонлар учун яратиб берилган имтиёз ва преференциялардан самарали фойдаланиш юзасидан қатъий жамоатчилик ва депутатлик назорати йўлга қўйиш, ана шундай камчиликларни бартараф этиш имконини бериши алоҳида таъкидланди.Акмалхон ОЛИМХОНОВ, «Ўзтадбиркорэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси директори ўринбосари: — Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотларини 20 га яқин давлатларга экспорт қилмоқдалар. Компаниямиз ана шундай корхоналарга маҳсулотни сертификатлаш, реклама қилиш, чет эллик харидорлар билан алоқа ўрнатиш, шунингдек, товарларни экспорт шартномаси бўйича ёки хорижий мамлакатларда ташкил этилган савдо уйлари орқали сотишга кўмак бераяпти. Аҳамиятлиси, биз билан алоқа ўрнатган корхоналар қимматли вақт ва маблағларини тежашдан ташқари, ташқи иқтисодий алоқалар билан шуғулланадиган ходимни қидириб топиш, унга маош тайинлаш муаммоларидан ҳам халос бўладилар. Зеро, 2012 йилнинг июль ойидан бошлаб экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарадиган ҳар қандай тадбиркорлик субъекти 15 та фаолият турини лицензиялашдан озод этилди. Бундан ташқари, аввал рухсатнома талаб этилган 80 дан ортиқ жараён бекор қилинди. Афлотун НОРМУҲАМЕДОВ, «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси етакчи мутахассиси:— Харидор дидига мос келувчи маҳсулот ишлаб чиқариш осон эмас, албатта. Табиийки, ана шундай масъулиятли ишга қўл урмоқчи бўлган тадбиркорлик субъектлари экспортга мўлжалланган товар қандай халқаро талабларга жавоб беришини билиши зарур. Агентлигимиз ҳузуридаги бюро ўз маҳсулотини четга чиқармоқчи бўлган корхоналар ва тадбиркорларга товарни қандай сертификатлаш, ёрлиқлаш ва қадоқлаш зарурлиги борасида тегишли маслаҳатлар беради. Эътиборлиси, бошқа мамлакатларнинг шундай ташкилотларидан фарқли ўлароқ, бундай консультациялар бепул амалга оширилади. P.S. Ушбу мавзуга бағишланган тадбирлар барча ҳудудларда ўтказилаётганини маълум қилиб, экспорт ва импорт фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркор юртдошларимизга ўзларини қизиқтирган масалалар ва ечимини кутаётган айрим масалалар юзасидан O`zLiDeP вилоят кенгашларига мурожаат этишлари мумкинлигини билдириб қоламиз.
Озод РАЖАБОВ ва Шуҳрат ХЎЖАЕВ“XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме