15:15 24.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари: ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК ЎЗАРО ТЕНГЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ АСОСИДА

 Жамият азалдан инсонлар ва уларнинг бирлашмалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик асосида ривожланиб келган. бугунги тадрижий тараққиётни «учинчи сектор», хусусан, фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигисиз тасаввур этиш қийин.

 Шу боис давлат билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасидаги ҳамкорликка алоҳида эҳтиёж сезилмоқда. Ушбу ҳамкорликнинг янги ва замонавий шакллари, усуллари ҳамда кўринишлари юзага келмоқда. Улардан бири, шубҳасиз, ижтимоий шерикликдир.

 Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини янада ривожлантириш, амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг очиқ-ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлашда, уларнинг ҳуқуқий демократик давлат қуришдаги ролини кучайтиришда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланган.

 Дарҳақиқат, ижтимоий шериклик турли фикрга эга фуқаролар ва муассасаларнинг умумий мақсад йўлидаги ҳамжиҳатлигидир. Барча инсонларни ягона мақсад атрофида жипслаштириш — мураккаб вазифа. Аммо Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигига эришишда ана шу эзгу ғоялар, пок мақсад ва ниятлар якдиллиги муҳим аҳамият касб этади.

 Таҳририятимизда ташкил этилган давра суҳбатида депутатлар, мутахассислар ва маҳалла мутасаддилари ижтимоий шериклик ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Адҳам ШОДМОНОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси ўринбосари


  
— Мамлакатимизда ижтимоий шерикликнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ХIII боби («Жамоат бирлашмалари»)да мустаҳкамланган. Бундан ташқари, 2003 йил 29 августдаги «Жамоат фондлари тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасида белгиланишича, фондларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатлари ижтимоий шериклик, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш асосида қурилади.
  Шунингдек, Меҳнат кодексининг 28- ва 52-моддаларида ҳам ижтимоий шерикликнинг ҳуқуқий асослари кўрсатиб ўтилган.
  Мазкур қонун ҳужжатларида фақатгина умумий нормалар ўрнатилган бўлиб, ижтимоий шерикликни амалга оширишнинг аниқ механизмлари ва тартиби мавжуд эмас. Бу эса, қонун ижодкорлари томонидан тегишли ҳуқуқий асослар қабул қилинишини тақозо этади.
  Тўрт боб, 27 моддадан иборат «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳасида бир қатор масалалар ҳуқуқий тартибга солинган. Хусусан, қонуннинг мақсади ва вазифалари, ижтимоий шерикликка оид тушунчалар таърифлари, асосий тамойиллари, ижтимоий шерикликка оид давлат сиёсати, ижтимоий шериклик даражаси ва чегаралари, ижтимоий шерикликнинг молиявий асослари, ижтимоий шериклик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шакллари, ижтимоий шериклик бўйича комиссия, унинг таркиби ва ташкил этиш шартлари, мазкур комиссиянинг асосий вазифалари шулар жумласидандир. Мазкур қонун лойиҳаси муҳокамалар даврида мазмунан бойиб бормоқда.
  «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлашга хизмат қилади. Муҳаббат ТЎХТАЕВА,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати 
 
— Ўзбекистонда бугунги кунга қадар давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга доир ўндан ортиқ қонун қабул қилинди. Уларга «Касаба уюшмалари, унинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги, янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунлар мисол бўла олади. Уларда ҳамкорликка оид ўттиздан ортиқ нормалар мавжуд.
  Лекин давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги муносабатларнинг аниқ чегараларини акс эттирган, мазкур муносабатларни ҳуқуқий тартибга соладиган ягона қонун қабул қилиш зарурати мавжудлигини Юртбошимиз ўз концепцияларида кўрсатиб ўтди.
  Бугун халқимиз турмуш тарзини янада фаровонлаштириш борасида давлат ва нодавлат ташкилотлари билан бир қаторда тижорат ташкилотлари ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатмоқда. Ҳозирги кунга қадар бу уч субъект, яъни давлат, нодавлат ва тижорат сектори ўртасидаги ўзаро ҳамкорликка оид муносабатларни тартибга солиш учун ягона қонун мавжуд эмас эди. 
  Таъкидлаш ўринлики, ижтимоий шериклик тўғрисидаги келишувлар ва шартномалар томонларнинг келишувига биноан икки томонлама ҳамда кўп томонлама бўлиши мумкин. Кўп томонлама келишувлар ижтимоий шерикликнинг исталган даражасида тузилади. Ижтимоий шериклик субъектлари ўртасидаги маҳаллий келишувлар бундан мустасно.
  Ижтимоий шериклик субъектлари — келишув иштирокчилари улар ифодалаётган аҳоли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида кўриб чиқилишида истисно ҳуқуқидан фойдаланадилар.

 Бир сўз билан айтганда, Концепцияда илгари сурилган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантиришда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоялашда нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлиги ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришнинг муҳим ҳуқуқий таянчи бўлиб хизмат қилади. Давра суҳбатиниТолибжон НИЗОМОВ ёзиб олди. "Mahalla" газетаси
2013 йил 18 май, №43(904)
  

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме