14:01 08.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Кредит ахбороти алмашинуви — ишбилармонга қулайлик
Шавкат ТЕШАЕВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O`zLiDeP фракцияси аъзоси:
— “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги қонун лойиҳасидан кўзда тутилган асосий мақсад кредит ахбороти алмашинуви тизимидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, унинг ҳуқуқий базасини яратиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва албатта, битимлар тузишда томонларнинг кредит ахбороти алмашинувида иштирок этишлари учун тенг шароитлар яратишдан иборатдир.
Қонун лойиҳаси 5 боб ва 32 та моддадан иборат бўлиб, уни тайёрлашда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Россия, Япония ва Ҳиндистон каби мамлакатларнинг кредит ахбороти алмашинуви соҳасидаги қонунчилиги таҳлил қилиниб, уларнинг ижобий томонлари инобатга олинди.
Бугун амал қилинаётган кредит ахбороти алмашинуви тизимида фақат банкларнинг иштироки таъминланган эди, холос. Молия соҳасидаги бошқа субъектларнинг, жумладан, микрокредит ташкилотлар, кредит уюшмалари, ломбардлар, лизинг ва суғурта компанияларининг кредит ахбороти алмашинувидаги имконияти эса чегараланганди. Агар янги қонун лойиҳаси қабул қилинса, бу борадаги мувозанат тикланиши баробарида кредит бозорида рақобатнинг ошиши туфайли фоиз ставкалари ҳам камайиши мумкин.
Маълумки, Жаҳон банки томонидан 34 та давлатнинг кредит ташкилотлари тажрибаси ўрганилганида, кредит ахбороти алмашинуви тизими жорий этилишининг ижобий таъсири натижасида 50-60 фоиз респондентларда операцион харажатларнинг 25 фоизгача камайиши, кредитларни расмийлаштириш муддати эса кескин қисқаришига эришилган. Бундан ташқари, кредит ахбороти алмашинуви тизимининг такомиллашиши иқтисодиётда кредитлаш ҳажмининг ошишига ҳам мустаҳкам замин яратади.
Мазкур тизимнинг O`zLiDeP электорати учун самарадорлиги шундаки, бу улар фаолиятини молиялаштириш имкониятини бир неча мартага оширади. Белгиланган шартларни ўз вақтида бажарган мижозга қисқа муддатда кредит олиш учун шароит яратиш ўрта синф вакиллари фаолиятини янада мустаҳкамлашнинг асосий омилларидандир. Ишончли ва тезкор кредит ахбороти кредит беришда хизмат кўрсатиш сифатини ошириб, банк таваккалчиликларини ҳам камайтиради. Бу эса, ўз навбатида, банклар ва қарз олувчиларнинг молия-кредит интизомини мустаҳкамлайди. Шу боисдан ушбу тизимнинг қонунчилик асосларини яратиш ва уни қабул қилиш долзарб масалалардан биридир.
Қобилжон ТОШМАТОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O`zLiDeP фракцияси аъзоси:
— Президентимиз Концепциясида белгилаб берилганидек, демократик бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш йўналишида 10 дан ортиқ янги қонунлар ишлаб чиқилиши, қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши бевосита O`zLiDeP электорати манфаатига тўла ҳамоҳангдир. Хусусан, “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши молия-банк тизимидаги ислоҳотлар изчиллигини кафолатлаш баробарида тадбиркорлар имкониятларини ҳам кенгайтиради.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда тижорат банклари билан бир қаторда микромолиявий хизматлар кўрсатувчи кредит уюшмалари, ломбардлар, лизинг ва суғурта каби нобанк кредит ташкилотлари ҳам иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчиларига айланди. 2011 йил 1 январь ҳолатига кўра, республикада жами 209 та нобанк кредит ташкилоти, хусусан, 116 та кредит уюшмаси, 35 та микрокредит ташкилоти ва 58 та ломбард фаолият юритаяпти. Улар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда касаначиликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, бозорларимизни истеъмол маҳсулотлари билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Кредит ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган микрокредит хизматлар кичик бизнес субъектлари ва фермерлар учун ниҳоятда муҳим бўлиб, шу турдаги хизматларнинг ривожланиши бандлик даражаси ҳамда аҳоли реал даромадлари ошишининг асосий омилларидан ҳам биридир. Уларни тўлақонли кредит ахбороти билан таъминлаш эса кичик бизнесни кредитлаш, банклар, микрокредит ташкилотларга кредит буюртмаларини қайта ишлаш муддатларини қисқартириш ва кредитлар қайтмаслигининг олдини олишга хизмат қилади.
Айни пайтда Марказий банкнинг Кредит ахбороти миллий институти, Ўзбекистон Банклар ассоциациясида эса Банклараро кредит бюроси фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар тижорат банкларининг кредиторлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш, тегишли маълумотлар базасини шакллантириш билан шуғулланмоқдалар. Ушбу муассасалар Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлса-да, амалда улар фаолияти муайян бир қонун билан мустаҳкамланмаган эди. “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши, энг аввало, ана шу жиҳати билан аҳамиятлидир.
Албатта, глобаллашув жараёнларида банклар ва нобанк кредит ташкилотлари юзага келиши эҳтимоли бўлган хатарларнинг олдини олишга хизмат қилувчи ахборотларга жуда катта эҳтиёж сезади. Яъни, мижоз фаолияти — унинг кредит тарихи, бошқа банклардан қарздорлиги, учинчи шахслар кафолати, корхона ва бошқарувчилар малакаси тўғрисидаги ишончли ахборот ҳар иккала томон учун бирдек муҳимдир. Бундай маълумотларни олиш ва таҳлил қилиш учун кўп вақт сарфланади, мижоз эса қисқа муддат ичида маблағ олишни хоҳлайди. Кредит ахборот алмашинуви тизими бутун дунёда мана шундай зарурат туфайли юзага келган.
Обсудить новость на Форуме