21:30 01.12.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳуқуқий пойдевори
2012 йил 30 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 20 йиллигига бағишлаб “Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳуқуқий пойдевори” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари, сиёсий шарҳловчилар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этишди.Тадбирда Конституция мамлакатимизда мустақиллик йилларида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг мустаҳкам қонуний кафолати бўлиб хизмат қилаётганлиги таъкидланди. Бош қомусимизда тенглик, эркинлик, биродарлик, халқаро ва миллатлараро дўстлик, тинчлик, бағрикенглик ғоялари ифодаланган. Конституциямизнинг 13-моддасига мувофиқ: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”.Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Конституциямиз халқаро ҳуқуқнинг демократик тамойилларига тўла мос келади ва ривожланган демократик давлатларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ижобий жиҳатларини ўзида тўлиқ ифодалайди. Унда халқимизнинг тарихий анъаналари ва миллий хусусиятлари ҳам ўз ифодасини топган.Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг парламентдаги Фракцияси аъзолари Бош қомусимиз мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларни демократлаштириш, жамият ва давлатни модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган тарихий ўзгаришларга, хусусан, парламентаризм ва кўппартиявийлик асослари шаклланиши ва мустаҳкамланишига, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг қонуний негизининг яратилишига ҳукуқий пойдевор бўлганлигини таъкидладилар. Қайд этилдики, давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” Конституциямизда белгиланган қоида ва ғояларнинг жамиятимизга тизимли, изчил ва босқичма-босқич татбиқ этилаётганлигини кўрсатади.Конституцияда «бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди» дейилган.Партия фаолларининг фикрига кўра, мазкур қоидалар билан мулкчиликнинг турли шакллари мавжуд бўлиши ва мулкдор бўлиш ҳуқуқининг кафолатланганлиги мамлакатимизда кўп укладли бозор иқтисодиётини шакллантириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, жамиятимизда ўрта синф – мулкдорлар қатламининг пайдо бўлишига асос бўлди. Конституция мамлакатимизда мустақиллик йилларида ёшларга оид давлат сиёсатининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш ва унинг самарадорлигини ошириш, баркамол авлодни тарбиялаш, давлат ва жамият бошқарувида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, таълим тизимини ислоҳ қилиш, ёшлар ҳаракати ва ташкилотларини ривожлантириш йўналишларида узоқни кўзлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳам мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.Хусусан, Бош қомусимизда белгиланган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиши” (32-модда) ёки “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эга” (34-модда) эканлиги ҳақидаги ҳуқуқий нормалар ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим жараёнларда иштирок этишини таъминловчи бош манба бўлиб ҳисобланади.Тадбир давомида Конституциямизда муҳрланган демократик тамойиллар ва умуминсоний қадриятларнинг ҳаётимизга янада чуқурроқ кириб бориши учун таълим муассасалари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ижтимоий ҳамкорлигини таъминлаш, ёшлар орасида Конституциямиз ғоя ва қоидаларини кенг тарғиб қилиш масалалари бўйича амалий таклифлар билдирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 20 йиллигига бағишлаб чоп этилган “Ёшлар сиёсати – барқарор тараққиёт кафолати” илмий рисоласи ҳамда “Конституция - демократия ва тараққиёт омили” мавзусидаги илмий мақолалар тўпламининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
O’zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме