20:15 19.11.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Конституция ҳуқуқ ва манфаатларимиз асосидир

8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 20 йил тўлади. Ушбу қомусий ҳужжат эркин ва озод мамлакатимиз пойдевори бўлиб, унда халқимизнинг хоҳиш-иродаси, миллий давлатчилигимиз асослари мустаҳкамлаб қўйилди. Жумладан, Бош қомусимизнинг 2-моддасида давлат халқ иродасини ифода этиши, халқ манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахсларининг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги белгилаб қўйилди. Конституциянинг 13-моддасида Ўзбекистонда демократия умуминсоний принципларга асосланиши, унга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари олий қадрият экани қайд этилган. Фуқароларимизнинг бу каби ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнида Фуқаролик, Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар амалиётда самарали қўлланилмоқда. Буни нафақат республикамиз фуқаролари, балки чет эллик экспертлар ҳам алоҳида эътироф этмоқдалар. Хусусан, Конституциянинг 25-моддасида ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга экани ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмаслиги белгиланди. Ушбу норма халқаро ҳуқуқий Пактларга ҳам уйғун бўлиб, зеро, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 9-моддасида ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким ўзбошимчалик билан қамоққа олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмаслиги, жиноий айблов билан ушланган ёки қамалган шахс зудлик билан судья ёки бошқа мансабдор шахс ҳузурига келтирилиши, айбланаётган шахснинг иши тегишли муддат ичида судда кўрилиши ёки озод этилиши белгиланган.Бош қомусимизда қайд этилган ана шу муҳим қоида асосида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ҳуқуқи 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб судларга олиб берилгани фуқаролар эркинлиги ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.Конституциямизнинг яна бир ўзига хос жиҳатларидан бири бу — унда аризумцияси акс эттирилганидир. Унга кўра ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслигидир. Ушбу норма Жиноят процессуал кодекси орқали янада тўлдирилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Унинг 26-моддасига кўра жиноят ишини юритаётган суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд далилларни бевосита ва оғзаки текширишлари кераклиги кўрсатиб ўтилган. Суд фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиб ҳукм чиқариши ҳам мустаҳкамланган. Конституция ва Жиноят процессуал кодексида белгиланган ушбу нормалардан кўриниб турибдики қийноқ ва зўравонлик асосида, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этиш усуллари билан олинган далиллар ҳақиқий ҳисобланмайди. Бундан хулоса шуки, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари Конституция даражасида ҳимоя қилинмоқда.Бош қомусимизнинг 27-моддасида ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига нисбатан ҳар қандай тажовуз, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Фуқароларнинг ўз шаъни ва обрўсига қаратилган тажовузлардан ҳимоя қилиниши амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодекслари билан ҳам мустаҳкамланган. Уларда ҳақорат, туҳмат ва ишчанлик обрўларига путур етказган шахсларга маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.Шунингдек, ушбу моддада ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас, дейилган. Бундай ҳолатлар юз берган тақдирда амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодекслари билан жавобгарлик чоралари белгиланган.Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатимизни давлат, миллатимизни миллат сифатида дунёга танитмоқда.Зеро, ўз моҳияти билан нафақат миллий, балки умуминсоний меъёрларга ҳам тўла мос келувчи ушбу ҳужжат инсон манфаатлари ва ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятни демкократлаштириш ва эркинлаштириш жараёнини чуқурлаштиришдек муҳим масалалардаҳам маёқ вазифасини ўтаётир.


"XXI asr" ижтимоий-сиёсий газетаси 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме